Ўзбекистон касаба уюшмалари: Янгиланиш йўлидаги дадил одимлар

19:11 11 Ноябрь 2020 Жамият
274 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамкорлари бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари делегат сифатида иштирок этди.

Шунингдек, видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган мазкур тадбирда Қурултойга сайлан 427 нафар делегат Касаба уюшмалари Федерациясидаги марказий студиядан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳамда Федерациянинг Малака ошириш институтида ташкил этилган ҳудудий студиялардан туриб қатнашдилар.

Қурултойда даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи иштирокчиларига табриги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида Давлат раҳбари томонидан касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига илк маротаба йўлланган мазкур табрикда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб Республикамизда 11 ноябр санасини касаба уюшмалари куни деб белгилаш, шунингдек, соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида касаба уюшмалари Академиясини ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Қурултой делегатлари Президентимиз табригини жуда катта тарихий воқеа сифатида зўр қувонч ва ҳаяжон билан қарши олдилар.

Кейин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016 — 2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида”ги маърузаси иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Унда охирги 4 йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз турмуш даражасини ошириш, одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашини ва фаровонлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам экани алоҳида айтиб ўтилди.

Foto: Hasan Paydoyev/“Xalq soʻzi”

— 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган кун бўлди десам, айни ҳақиқатдир, — деди Қ. Рафиқов. — Бугун мустақил давлатимиз тарихида илк бор Республика Президенти касаба уюшмалари Қурултойи қатнашчиларига ўз табригини йўллади. Ҳаммамиз катта мамнуният, кўтаринки руҳ ва зўр қизиқиш билан тинглаган, Юртбошимизнинг самимий ва илиқ, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини Ватан равнақи ва тараққиёти учун сафарбарликка ундовчи сўзлари барчамизнинг қалбимизда бир умр муҳрланиб қолади. 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклиф этилгани эса беш ярим миллиондан ортиқ касаба уюшмаси аъзолари учун унутилмас воқеа бўлди. Бу давлатимиз раҳбарининг бизга бўлган ишончини билдиради. Бизнинг фаолиятимиз ана шу ишончни оқлашга йўналтирилган.

Шуни айтиш зарурки, Қурултой жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даврига шахдам ва дадил қадам қўяётганини, “Янги Ўзбекистон” деб эътироф этаётган ғоят муҳим бир даврда ўтмоқда. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун халқимизнинг бунёдкорлик руҳи ва яратувчанлик кайфияти, дунёқараши ҳам кечагидан бутунлай фарқ қилади. Бир сўз билан айтганда, дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган Янги тизим — ҳалқимизни бахтли қилиш тизими ўзини тўла оқламоқда.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари шаклланди, дейишга барча асослар бор. Жумладан, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос такомиллаштирилди. Ҳисобот даврида касаба уюшмаларининг янги ҳуқуқий асослари жадал ривожланди. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иштирокида ХМТнинг 4 та конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинди. 2016 — 2020 йилларда Федерация томонидан 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасига таклифлар берилди. Жумладан, ушбу жамоат тузилмаси иштирокида илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффициентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқланди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди ҳамда касаба уюшма инспекциялари қайта тикланди.

Foto: Hasan Paydoyev/“Xalq soʻzi”

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 107 та тармоқ келишуви, корхона, ташкилот ва муассасаларда 111,5 минг жамоа шартномаси мавжуд. Муҳими, 2016 — 2020 йиллар давомида амалдаги тармоқ келишувлари сони 95 тадан 107 тагача ўсди. Тармоқ бўйича энг кам ва ўртача иш ҳақи, устамалар, компенсация тарзидаги ва рағбатлантирувчи тўловлар турлари ва уларнинг энг кам миқдори, тармоқ тариф сеткалари, йиллик асосий ва қўшимча таътилнинг энг кам муддати каби кўрсаткичлар белгиланди. Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан келишувларда ижтимоий кафолат, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, хусусан, болаларини соғломлаштириш масалалари ҳам ўз ифодасини топди. Аксарият тармоқларда уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар учун қисқартирилган (бир ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган) иш вақти белгиланди. Амалдаги тармоқ келишувларининг 78 тасида қўшимча таътил ўрнатилишига эришилди.

Корхона, ташкилот ва муассасалар миқёсидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам тизимли ишлар бажарилди. Натижада жамоа шартномаларини тузган юридик шахслар улуши 2016 йилдаги 95,1 фоиздан 2020 йилга келиб 99,6 фоизгача кўтарилди. Бугун жамоа шартномалари орқали республика бўйича ишлаётган касаба уюшма аъзоларининг 55 фоизи асосий узайтирилган, 51 фоизи эса қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 2016 йилдаги 1 млн. 539 минг сўмдан 2019 йил якунига келиб 5 миллион 100 минг сўмга етди.

Жамоа-шартномавий муносабатлар воситасида юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида барча жамоа келишувлари ва шартномаларида аёллар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўн саккиз ёшга тўлмаганлар, таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олаётган ходимлар учун қўшимча имтиёзлар белгилангани ҳам эътиборга лойиқ.

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида комплекс минтақавий келишувлар тузилгани бу борадаги ютуқлардан яна биридир. Уларда ҳудуднинг ҳар бир тумани ва шаҳри бўйича аҳолининг муҳтож қатламларини манзилли ҳимоя қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий инфратузилма объектларини ишга тушириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида аниқ чоралар белгиланди.

Тадбирда Касаба уюшмаларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакат аҳолиси турли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлашда давлат органлари билан ижтимоий шериклик янада фаоллашгани айтилди. Масалан, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида бевосита оилалар билан мулоқот асосида уларнинг муаммоларини аниқлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Натижада эса касаба уюшмалари томонидан бир қатор ҳудудларда 2 миллиондан зиёд оиланинг турмуш шароити атрофлича ўрганилиб, уларнинг 556,5 мингдан зиёд муаммоларига ечим топилди. Айни чоғда хотин-қизлар муаммоларига эътиборни кучайтириш, улар бандлиги ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мақсадида шу йил 7 мартида ишга туширилган 1211 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га келиб тушган 50 мингдан ортиқ мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди.

Foto: Hasan Paydoyev/“Xalq soʻzi”

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик, қулай меҳнат шароитини яратиш масаласи бўйича 16 мингга яқин бошланғич ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, 61 мингдан зиёд камчилик аниқланди, иш берувчиларга салкам 10 мингта яқин тақдимнома киритилди, уларнинг 92 фоизида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилди.

Ҳисобот даврида ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини шакллантириш ва янги ижтимоий объектларни қуриш, моддий-техника негизини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, “Янгиер”, “Кўҳинур”, “Хўжаи Пок”, “Чинобод Плаза”, “Ибн Сино”, “Термиз Марвариди” санаторийлари қурилди, 5 та санаторийда замонавий қўшимча бинолар этилди. Натижада санаторийлардаги мавжуд ўринлар сони 1 минг 300 тага ортди.

2016 — 2020 йилларда Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 600 мингдан зиёд фуқаролар соғломлаштирилгани, улардан 44 фоизи имтиёзли йўлланма орқали соғлиғини тиклагани ҳам эътиборга молик.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Оқ кема”, Жиззах вилоятида “Зомин”, Тошкент вилоятида “Aнор”, Қашқадарё вилоятида “Зиё чашмалари” замонавий болалар оромгоҳлари қурилди ва мавжуд ўринлар сони мингтадан зиёдга ошди. Натижада ҳар йили болалар оромгоҳларида 350 минг нафардан ортиқ бола дам олиши таъминланмоқда.

Шуларга мос равишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ушбу ташкилот Бош директори Гай Райдернинг 2018 йил декабрдаги юртимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари билан учрашиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мамлакат ҳаётидаги ўрнини юқори баҳолади ҳада ушбу тузилманинг ижтимоий мулоқот соҳасидаги олиб бораётган ишларини Марказий Осиё давлатларидаги касаба уюшмалари марказлари фаолиятида татбиқ этишни тавсия этган эгани ҳам бежис эмас, албатта.

Бу даврда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг кузатувчи мақомидаги аъзоси бўлди ҳамда Касаба уюшмалари Умумконфедерациясидаги аъзолигини тиклади ва унинг коллегиал органларида Федерация вакиллари бўлишига эришилди. Қолаверса, 10 дан зиёд давлатларнинг миллий касаба уюшма марказлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиб, икки томонлама манфаатли Келишувлар қабул қилинди.

Қурултойда ҳисобот даврида қўлга киритилган ана шу ютуқлар билан бир қаторда, ҳали қилиниши зарур бўлган долзарб вазифалар борлиги ҳам айтилди. Хусусан, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг норма ижодкорлигига доир фаолиятини кучайтириш, халқ билан мулоқотни янада жонлантириш, аҳолига қулайлик яратиш учун “Онлайн йўлланма” дастурини жорий этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларни такомиллаштириш зарурлигига ҳам урғу берилди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясининг 2016 — 2020 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг Қурултойга бир қатор Халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош директори Гай Райдер, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев номидан келган видеотабриклар эшитилди.

Ўз навбатида, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Щербаков, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин томонидан йўлланган видеотабриклар тингланди.

Шунингдек, қатор давлатлар ва турдош халқаро тузилмалар томонидан йўлланган табриклар ўқиб эшиттирилди.

Foto: Hasan Paydoyev/“Xalq soʻzi”

Қурултойда сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли, деб топиш таклифини киритди. Бу таклиф делегатлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра кун тартибидаги биринчи масала бўйича Қурултой қарори қабул қилинди.

Сўзга чиққан делегатлар Назорат-тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тасдиқлаш таклифини киритдилар ва ушбу таклиф делегатлари томонидан тасдиқланди.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021 —2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари, Федерациясининг янги таҳрирдаги Устави, Назорат-тафтиш комиссиясининг янги таҳрирдаги Низоми бир овоздан тасдиқланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Таъкидландики, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021— 2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг устувор вазифалари белгилаб берилган. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ вазифалар, касаба уюшмалари ва меҳнат бозори, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ишларини ташкил этиш ва норматив негизини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари инспекцияларининг жамоатчилик назорати бўйича асосий вазифалари, камбағалликни камайтириш, аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш махсус чораларини қўллаш, ходимлар маънавиятини юксалтириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва бошқалар ана шулар жумласидандир.

Қутултойда, шунингдек, ташкилий масалалар — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссиясини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Назорат-тафтиш комиссияси раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Рафиқов Қудратилла Мирсоатович бир овоздан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси этиб сайланди.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII Қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?