Ўзбекистон ипакчилик саноатининг салоҳияти янада ошади

12:08 10 Июль 2021 Иқтисодиёт
842 0

Азалдан ота-боболаримиз ипак ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Бу том маънода бой маданий меросимизга ҳам айланиб улгурган, десак муболаға бўлмайди. Яна бир муҳим жиҳати, пиллачилик соҳаси юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли фаровонлигини оширишда ҳам катта аҳамиятга эга.

Маълумотларда кўра, дунёда пилла етиштириш миқдори бўйича мамлакатимиз Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Лекин кейинги пайтда ипакчилигимиз довруғи пасайиб, аҳоли орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ анча сусайган эди. Оқибатда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш кўрсаткичлари кескин тушиб кетди. Юртимизда дунёда аҳоли жон бошига пилла етиштириш бўйича биринчи ўринда турса ҳам, унинг жаҳон бозоридаги улуши бор йўғи 2,5 фоизни ташкил этади. Демак, республикамизда пилла етиштириш ҳажмини ошириш, шу билан бир қаторда, ундан жаҳон андозаларига мос келадиган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш асосий вазифалардан ҳисобланади. Чунки мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантириш, хомашё ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қулай шароит мавжуд.

Соҳани янада ривожлантириш фақат пиллакорлар даромадини оширибгина қолмай, балки пиллани ўзимизда қайта ишлаб, хорижга ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш ҳажмини ошириш имконини ҳам беради. Президентимизнинг «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорининг қабул қилиниши пиллачиликни янада ривожлантириш, ипак толаси ишлаб чиқаришни кўпайтиришда катта ҳуқуқий база яратиши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Қарорга кўра, ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларига мос жун йўналишларидаги майда шохли молларни кўпайтириш, озуқа базасини ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, улардан ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, яйлов майдонларида табиий равишда ўсувчи каврак плантациялари захираларидан барқарор фойдаланиш, шунингдек, пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсад қилинган. Энг муҳими, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимиз ассортиментини кўпайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш учун муҳим қадам бўлади.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади. Тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.

Кўриниб турибдики, пиллачиларнинг моддий манфаатдорлиги оширилади, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилади. Пиллачилик соҳасини ривожлантириш борасида ижобий қадамлар ташланиб, тармоқда ўнгланиш, янада ривожланиш бўлади, юзлаб, минглаб иш ўринлари яратилади.

Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизнинг ипакчилик саноати салоҳияти ниҳоятда юқори. Бор куч ва имкониятларни сафарбар қилсак, қанчадан-қанча иш ўринлари очилади. Юртимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу — қайси соҳа бўлмасин, уни одамлар учун муҳим даромад манбаига, иқтисодиётимиз таянчига айлантиришдан иборат.

Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
«Адолат»СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?