Ўзбекистон ҳукумати бугун хорижий инвестор ва тадбиркорларга жуда катта ёрдам бермоқда - Ли Хиангрун

16:54 02 Август 2022 Жамият
396 0

Фото: Халқ сўзи

Инвестициялар ҳар қандай мамлакат тараққиётининг муҳим омили саналади. Юртимизда ҳам кейинги йилларда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар ҳамда зарур имтиёз ва енгилликлар беришга алоҳида аҳамият қаратилмоқдаки, бу иқтисодиётимиз барқарорлигида мустаҳкам асос бўлмоқда.

Биргина Самарқанд вилоятида 2022 йилда жами қиймати 11,1 триллион сўмлик 786 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ҳисобига 20 мингга яқин иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Жорий йил биринчи ярмида 128,9 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит маблағлари ҳисобидан 48 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада вилоятда хорижий инвестиция маблағларини жалб этиш эвазига янги корхоналар ташкил этилиб, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳияти ошиб бормоқда. Масалан, шу йилнинг январь-июнь ойларида 410 та корхона томонидан 49 та мамлакатга 274,9 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган

Экспорт фаолиятига ўтган давр мобайнида 115 та янги корхона жалб қилиниб, улар томонидан 20,5 миллион долларлик маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, АҚШ, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларга юборилган.

Самарқанд шаҳрида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда металл профиль ва қувурлар ҳамда рух ва полимер қопламали тунука маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Azia Metall Prof” масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз фаолиятини бир нечта босқичда амалга ошириб келмоқда.

— Рух ва полимер қопламали тунука маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонамизда бугунги кунда 200 дан ортиқ иш ўринлари яратилган ва маҳсулотларимизнинг деярли тенг ярми ташқи бозорга чиқарилади, —  дейди корхона директори Заршед Ибодов. — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Полша, Грузия, Озарбайжон давлатларига ўтган олти ой давомида ишлаб чиқарилган 60 минг тоннадан зиёд маҳсулотнинг 22 минг тоннаси экспорт қилинди. Келгусидаги мақсадимиз хом ашёдан тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, Самарқандда тунука ва металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этишдан иборат. 2023 йилнинг охирига қадар қўшимча янги линияларни ишга тушириш ҳисобига заводнинг ишлаб чиқариш қуввати 120 мингдан 350 минг тоннагача оширилади.

Аҳамиятли томони шундаки, корхонада маҳаллий мутахассис ва ишчилар билан бирга юз нафарга яқин хитойлик мутахассислар ҳам меҳнат қилишяпти.

Ли Хиангрун корхона таъсисчиларидан бири. У 2018 йилдан буён Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилиб келади. Ушбу ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш ва самарали фаолиятида унинг ҳиссаси катта. Ли Хиангрун мамлакатимизда инвестор ва тадбиркорлар учун яратиб берилаётган қулай имкониятлардан мамнун.

Дарвоқе, 30 июль Халқлар дўстлиги куни муносабати Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан юксак мукофотларга сазовор бўлганлар орасида у ҳам бор. Ли Хиангрун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

—  2018 йилдан буён ҳаётим Ўзбекистон билан боғлиқ. Биз инвестицион лойиҳамиз асосида турли ҳажм ва ўлчамдаги металл-профиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Мақсадимиз ушбу лойиҳаларни юқори даражага олиб чиқишдир, — дейди «Дўстлик» ордени соҳибаси, “Azia Metall Prof” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ли Хиангрун. —  Мени қувонтирган жиҳат шундаки, Ўзбекистон ҳукумати бугун хорижий инвестор ва тадбиркорларга жуда катта ёрдам бермоқда. Биз буни ўз фаолиятимиз мисолида кўряпмиз. Муҳими, биз бу ерда хавфсиз ва ишончли меҳнат қиляпмиз. Ҳукумат ҳам бизга турли масалаларда — инфратузилма бўладими, божхона масаласидами - катта ёрдам бераётир. Ўзбекистон халқи жуда меҳрибон ва меҳмондўст, бу ерда дўстларим ҳам жуда кўп. Биз 4 йилдирки, улар билан аҳил яшаб, ишлаб келяпмиз. Президент Шавкат Мирзиёев Фармони асосида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан менга юксак орденнинг берилиши, очиғи, кутилмаган воқелик бўлди. Мен буни ўзгача фахр ва ифтихор билан қарши олдим. Бундан кейин ҳам икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, дўстлик муносабатлари янада мустаҳкам бўлишига ўз ҳиссамни қўшаман.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?