Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд — мутахассис

12:25 15 Май 2022 Жамият
632 0

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Аксий туманидаги қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида Марокко чигирткасининг кўпайиб кетгани ҳақида хабар тарқалди.

Чигиртканинг Ўзбекистонга кириб келиш хавфи борми? Унга қарши курашиш усуллари қандай ва экинлар зарарланишини олдини олиш мумкинми?

Ушбу саволларга Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадев жавоб берди.

Ўзбекистон шароитида зарарли чигирткалар хавфини бартараф этиш юзасидан ҳар йили куз ойларида кузги, эрта баҳорги кузатув назорат ишлари олиб борилади, чигирткаларнинг қишлов муддати тугаши, тухумдан чиқиш муддатлари тўғрисида кўп йиллик кузатув асосида кимёвий кураш тадбирлари режалаштирилади ва ўз вақтида ташкил этиш чоралари кўрилади. Ўзбекистонда африка чигирткалари босиб кетиши хавфи тўғрисида хабарлар кузатилмаган.

Республикамизда ҳозирги пайтда чигирткаларга қарши кураш тадбирлари давлат бюджетидан таъминланадиган Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади.

Чигирткаларга келсак, улар Ўзбекистон ҳудудига тарқалиши мумкин. Ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган. Бу хабар огоҳликка чақиради.

Ҳар йилгидек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидан Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд бўлиб келган.

Масалан, жорий йилда 50-60 минг гектар майдонга учиб ўтиш хавфи мавжуд. Шундай ҳолат юзага келганда, барча техника воситалари мобилизация қилиниб, кенг қамровли кимёвий ишловлар ўтказилиб, уларнинг кенг майдонларга тарқалиши хавфини бартараф этиш чоралари кўрилади. Техникалар етарли, моддий ресурслар ЁММ, кимёвий воситалар захираси мавжуд.

2022 йилнинг апрель-май ойларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан  маҳаллий ҳокимликлар иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Зарарли чигирткаларга қарши курашиш» мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилган, чигирткаларга қарши кураш мавсумига тайёргарлик бўйича бир қатор амалий тадбирлар ўтказилган.

Чигирткага қарши курашиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг зарарланишини олдини олиш чоралари

Зарарли чигирткалар билан кураш бўйича Республикада тизим бор, юқорида келтирилганидек, ҳозирги пайтда давлат бюджетидан таъминланадиган Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади.

Кураш тадбирлари асосан ер устки техника воситалари, хусусан, моторли қўл аппаратлари, OVX, VP-1, ультра кичик -ҳажмли (UMO) пуркагичли авто техника агрегатлари ҳамда мотодельтаплан жалб қилиниб келинмоқда. Мавжуд техникалар билан 1 кунда 10-12 минг гектар майдонда ишловлар ўтказиш мумкин, зарурият юзага келганда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан техника сафарбарлиги бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Ҳозирда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида чигирткаларга қарши кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.

2022 йил 12 май кунига қадар 153,8 минг гектар майдон қайта кузатув-назоратдан ўтказилиб, жами 118,6 минг гектар майдонда кимёвий кураш ишлари ўтказилган.

Республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши бўйича кузатув ишлари йўлга қўйилган, жойлардаги вазият назоратга олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер