Ўзбекистон — Германия: сиёсий ўзаро ишонч ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда

20:02 24 Ноябрь 2020 Сиёсат
345 0

Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаеванинг Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Гюнтер Лео Оверфельд билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

— Германия Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори ҳисобланади, — деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева. — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига, шунингдек Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Коронавирус пандемиясига қарамай, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий муносабатлар йўлга қўйилди. Парламентлараро муносабатлар ҳам ривожланмоқда, бироқ имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Барча йўналишларда халқаро шартномаларни тезроқ ратификация қилишда муҳим роль ўйнайдиган алоқаларни мустаҳкамлаш зарур. Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳар бир ҳудудни ривожлантириш дастури тасдиқланди. Биз Қорақалпоғистонга хорижий инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдормиз. Шунинг учун биз

20-25 декабрь кунлари хорижий мамлакатлардаги, шу жумладан сизнинг мамлакатингиздаги элчиларни Қорақалпоғистонга ташриф буюришга зарур чоралар-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида таклиф қилдик. Германиянинг Қорақалпоғистон ҳудудларини ривожлантириш масалаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши биз учун жуда муҳимдир, чунки бу йўналишда бир нечта лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Германия кўп йиллар давомида энг ишончли ва синалган ҳамкорлардан бири бўлиб келгани қайд этилди. Икки томонлама муносабатлар мустаҳкам пойдеворга асосланган ва анъанага кўра ишонч хусусиятига эга. Икки республика ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгандан бери сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар мулоқотларни мустаҳкамлашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Давлатлар ўртасида ўрнатилган сиёсий ўзаро ишонч ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

— Мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда, шу жумладан Германияга йигирилган пахта ипини экспорт қилиш, шунингдек етказиб бериш ҳажмини янада ошириш учун зарур ахборот тезкор алмашуви бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган, - деди Германия Федератив Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гюнтер Лео Оверфельд. Бундан ташқари, Германия ҳамкорлик доирасида пандемия шароитида соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга 180 млн. евро икки йилга ажратган. 2021 йилнинг иккинчи ярмида Термизда ҳам мамлакатимиз ҳамшираларини, ҳам Афғонистон ҳамшираларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув марказини очиш режалаштирилган. Шунингдек, навбатдаги лойиҳа доирасида давлат бошқаруви, шу жумладан хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш учун 10 млн. евро ажратилади.

Учрашувда пахта терими кампаниясида Ўзбекистон эришган ютуқлари қайд этилди. Бугунги кунда мажбурий меҳнат номақбул ҳисобланади ва қўлланилмайди. Бундан ташқари, қонунчилик даражасида кўрилаётган чоралар мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам беришга хизмат қилади. Савдо-иқтисодий шериклик икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Учрашувда Европа Иттифоқи бозорларига тўқимачилик маҳсулотининг экспорт қилинишини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.

Томонлар муносабатларни мустаҳкамлаш ва яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?