Германиянинг инновацион тажрибаси: Олмон илмий ташкилотлари

16:05 21 Сентябр 2020 Жамият
352 0

Инновацион ривожланиш вазирлигида Германия билан илмий ҳамкорликка бағишланган «Германиянинг инновацион тажрибаси: Олмон илмий ташкилотлари» мавзусида халқаро конференция онлайн тарзда ўтказилди. Конференцияни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев ва Инновацион ривожланиш вазирининг Юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнс очиб бердилар. Илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, молиялаштириш, грант тизимининг Германия тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон академик жамоалари учун муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда конференцияга олий таълим муассасалари проректорлари ва илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари таклиф этилди.

Конференцияда Александр фон Гумболтд жамғармаси эксперти профессор Клаус Мандерлар, Олмон илмий-тадқиқот жамияти ходими профессор Ёерн Ахтерберг ва Академик алмашинув бўйича Германия хизмати лектори Симон Кречмер маърузалари билан қатнашди.

Конференция аввалида инновацион ривожланиш вазирининг Юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнс Германияда илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизими ҳақида гапириб берди. Бунда Германияда илмий тадқиқот марказлари давлат буюртмасига асосан эмас, балки ўзлари долзарб деб топган мавзуларда тадқиқот олиб боришларига алоҳида урғу берилди. Ўз навбатида тадқиқотларга сарфланадиган харажатларнинг тахминан 58 фоизи Федерал бюджетдан қопланса, қолган 42 фоизи ҳудудий бюджет харажатлари ҳисобидан амалга оширилади.

Александр фон Гумболтд жамғармаси эксперти профессор Клаус Мандерлар ўзи фаолият юритаётган жамғарма ҳақида сўз юритаркан, ташқи маданий-таълим доирасида хорижлик олимларни қўллаб-қувватланиши сиёсати ҳам фикрларини билдириб, Германияда илғор тадқиқотлар байналмилалчилик орқали амалга оширилишини айтди. Айнан шу жамғарма лойиҳаларни эмас, балки инсонларнинг ўзини, уларнинг иқтидорини биринчи ўринга қўяди. Илмий ҳамкорлик орқали ривожланиш юзага келади. Бунда илм-фанни ривожлантиришнинг учта молиявий таянчидан фойдаланилади, булар: тадқиқотлар учун стипендия берилиши, тадқиқотларни мукофотлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларини молиялаштириш.

Шундай қилиб, Александр фон Гумболдт жамғармаси ўз дастурлари билан германиялик ва хорижлик буюк тадқиқотчиларни қўллайди. Ариза топширилганида фақатгина олимнинг аввалги академик ютуқлари ва малакаси инобатга олинади. Давлатлар бўйича ҳам, алоҳида фан йўналишлари бўйича ҳам ҳеч қандай квоталар белгиланмаган. Жамғарма илмий муваффақият қозониш учун инсоннинг иқтидоригина муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам лойиҳалар эмас, инсон омили муҳим саналади. Мана шундай йўсинда танлаб олинган олимлар ўз лойиҳаларини амалга оширишда буткул эркинликка эга бўладилар. Бу номзодларнинг қабул қилувчи ташкилотни ўзлари танлашларидан бошланиб, жамғарма томонидан ҳеч бир кўрсатмаларсиз ўз тадқиқотларини амалга оширадилар.

Академик карьерасини энди қуришни бошлаган тадқиқотчилар Гумболдт ёки Георг Форстер стипендияларидан фойдаланиб, 6-24 ой мобайнида Германияда таҳсил олишлари мумкин. Бу стипендияларни олиш учун табиий фанлар йўналишидаги номзодларга немис тилини билиш талаби қўйилмайди. Агар академик малакалар етарли деб топилса, инглиз тилининг ўзи кифоя бўлади. Бироқ ижтимоий –гуманитар йўналишдаги тадқиқотчиларнинг немис тилини билиши мажбурийдир. Бу стипендияларга камида доцент ёки тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари бўлиб ишлаётган , халқаро илмий журналларда мақолалари билан танилган олимлар ўз номзодларини топширишлари кўзда тутилган.

Академик алмашинув бўйича Германия хизмати (DAAD – Deutscher Akademischer Austauschdienst) лектори Симон Кречмер халқаро илмий алмашинув иқтидорли инсонлар ўз имкониятларидан тўлақонли фойдаланишлари мумкин бўлган жойда ўқишлари, дарс беришлари ва тадқиқотлар олиб боришлари лозимлигини таъминлаши ҳақида ўз фикрларини билдирди. «Глобаллашув даврида инновацион ечимларнинг калити халқаро тажриба алмашинувидадир, – деди С. Кречмер. – Биз келажакда юзага келиши мумкин муаммоларга тайёр туришимиз лозим. Халқаро илм-фан тизими Германининг ривожи учун муҳим. Сиёсий қарорларни илмий асосланган ҳолда қабул қилиниши маҳаллий, миллий ва халқаро иқтисодий-ижтимоий экотизимнинг барқарор ривожланишига олиб келади».

Иқлимнинг глобал исиши, биологик турларнинг йўқолиб кетиши, қочоқлар ва мигрантлар муаммолари, қашшоқлик ва эпидемиялар барчамизга тегишли муаммолар. Шу боис ҳам глобал тизимли илм-фан ҳамкорликда ўз ечимларни топиши даркор. Халқаро ҳамкорлик, хусусан, илм-фандаги ҳамкорлик дунёда мавжуд тенгсизликка барҳам беради, низоларнинг олдини олади, кризислардан чиқишга кўмаклашади. Ҳозирда DAAD ривожланаётган мамлакатлардаги университетларда ҳам фаолият юритишга ҳаракат қилмоқда ўз навбатида Германия университетларининг бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларини қўллаб қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германия Таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлиги (BMBF) ҳамкорликдаги эълон қилинган Ўзбекистон–Германия халқаро илмий лойиҳалар танлови 1 ноябрга қадар давом этади. Ушбу танловда иштирок этиш истагида бўлган ўзбекистонлик ва германиялик олимлар учун лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкор топишга кўмаклашувчи махсус сайт яратилди. Сайтга қуйидаги ҳавола орқали кириш мумкин: http://uzb-ger.mininnovation.uz/

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?