“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб”: лойиҳа натижалари маълум қилинди

00:26 21 Август 2022 Жамият
424 0

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида бир неча йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси тадқиқоти натижаларига бағишланган навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Давлат активларини бошқариш агентлиги мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков лойиҳанинг асосий мақсадларига тўхталиб ўтди.

– Лойиҳа Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қанчалик акс этаётганини тадқиқ қилиш, унинг натижалари асосида келгусида янада сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилишни таъминлашга ҳамда тегишли чораларни амалга оширишга хизмат қилади, — деди Э.Туляков. – Шу боисдан, мазкур лойиҳа доирасида деярли ҳар чоракда бир маротаба тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб борилади. Бу эса, минтақамизда юз бераётган бугунги иқтисодий вазиятнинг Ўзбекистонга ижтимоий ва иқтисодий таъсири орқали рўй бериши мумкин бўлган инфляция суръатлари ҳамда нарх-наво ошишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби масалаларни ҳал этишда долзарб аҳамият касб этади.

Шунингдек, давра суҳбати аввалида Бюук Биританиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Жумладан, Т. Торлот ушбу лойиҳа пандемия даврида ҳукумат кўрган чора-тадбирлар қандай натижа беришини кузатиш, ҳозирда эса, дунёда юз бераётган ўзгаришларнинг Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика каби йўналишларга бўладиган таъсирини ўрганиб бориш имконини бераётганлигини эътироф этди.

Шу билан бирга, Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Уильям Сайтц тадқиқот натижаларининг айрим жиҳатлари ҳақида сўз юритди.

– Ўтган вақт давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида танланган 200 та маҳалладаги 4000 та уй хўжалигида сўровномалар, маҳаллалар раислари ҳамда экспертлар билан суҳбатлар ўтказилиб, ижтимоий ҳимоя бўйича маълумотлар тўпланди, деди у. Эътиборли жиҳати шундаки, тадқиқотда иштирок этган аксарият респондентларнинг дастлабки йилларга нисбатан фикри ўзгарган. Айниқса, сўнгги икки йилда улар ҳукумат томонидан ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри, деб ҳисоблашмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, охирги пайтларда дунёда рўй бераётган воқеаларнинг ҳам Ўзбекистонга салбий таъсирлари тахмин қилинган эди. Мисол учун, қайтиб келган мигрантларнинг иш билан таъминланиши ёки уларнинг пул ўтказмаларидаги ўзгаришлар. Аммо, Ўзбекитон минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан турғин ва барқарор ривожланаётганлиги ҳисобига кўпчилик аҳоли томонидан билдирилган юқоридаги каби ховотирлар ижобий томонга ўзгарди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, бугун ислоҳотлар нафақат жойларда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳаларида, балки аҳоли томонидан билдирилаётган ижобий муносабатларда ҳам сезилмоқда.

Ўз навбатида, Жаҳон банкининг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича катта мутахассиси Роберт Вробел ўз маърузасида маҳалла даражасидаги ривожланиш динамикаларига тўхталиб ўтди.

– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маҳаллалар ролини ошириш, ислоҳотлар жараёнида маҳалла раислари иштирокини кенгайтиришга оид бир қатор вазифалар белгиланган, – Р.Вробел. – Жумладан, май ойида бўлиб ўтган маҳалла раислари сайловларидан кейин кўпчилик маҳаллаларга янги бошқарув тажрибасига эга бўлган раислар сайланиб, уларнинг рўйхати янгиланди.

Улар билан бир қатор маҳаллий дастурларни амалга оширилиш бўйича сўровлар ўтказдик. Мисол учун, уларнинг маҳаллий даражадаги муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, қандай тўсиқларга дуч келишмоқда, каби саволлар шулар жумласидан. Таъкидлаш керакки, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи вакиллар фаолиятининг йўлга қўйилиши ёшларни тадбиркорларга бириктириш, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, маҳллий даражадаги лойиҳаларнинг бажарилишида ижобий натижа бермоқда. Бу эса, кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоянинг сифатли эканлигига далолатдир.

Шунингдек, тадбирда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, департамент директори ўринбосари Собир Хайитмуродовнинг ҳам фикрлари тингланди.

С.Хайитмуродов ўз маърузасида 2022 йил бошида 1,4 млн. оилага моддий ёрдам ва болалар нафақаси тайинланган бўлса, 1 август ҳолатига бу кўрсаткич 1,9 млн. оилага етганлигини маълум қилди. Шу билан бирга, “Темир дафтар”га киритилган аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга такрорий экин экишлари учун ер майдонлари ажратиб берилганлиги, муносиб ҳаққа эга бўлган иш ўринларида ишлашлари учун касбларга ўқитилаётганлиги айтиб ўтди. Пировардида, 2026 йилга бориб мамлакатда камбағалликни икки баробарга қисқартириш мақсад қилинганлиги таъкидланди.

Жумладан, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, лойиҳа раҳбарининг ўринбосари, гуруҳ раҳбари Элнора-хан Якубова томонидан 2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ялпи ҳудудий маҳсулотларни етиштириш кўрсатгичларининг ортганлиги, жумладан ушбу кўрсаткичлар саноат ва қурилиш соҳаларида яққол кўзга ташланганлигини эътироф этди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг иқтисодий йўналишида белгиланган мақсадлари доирасида ҳам иқтисодий ўсишнинг экстенсив йўлидан интенсив йўлига ўтиш режалаштирилган. Бу эса, 2026 йилга бориб ЯИМ ўсишини 7 фоизга етказиш имкони беради, – деди Э.Якубова.

Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти Даврон Бекчановнинг “Ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлашда маҳаллий давлат органлари ва маҳаллаларнинг ўрни”, Давлат активларини бошқариш агентлиги, бош мутахассиси Умиджон Шараповнинг “Ўзбекистонда давлат корхоналарининг трансформацияси ва тақсимланишининг таъсири”, ҳамда Жаҳон банкининг харидлар бўйича катта мутахассиси Нурбек Курманалиев ва Молия вазирлиги, бошқарма бошлиғи Сарвар Назаровларнинг “Давлат харидлари ва ҳудудий тараққиёт: маҳаллий бюджет харажатларида шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминланишининг маҳаллий иқтисодиётга таъсири” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Давра суҳбати якунида экспертлар томонидан лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қанчалик акс этаётганини тадқиқ этишдан иборат эканлигига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, тадқиқот натижалари асосида бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ долзарб мавзулар доирасида олиб борилган тадқиқот натижалари маълум қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?