“Ўзбекистон етакчи фаол аёллар мулоқоти платформаси”нинг ўрни ва роли масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди

15:19 06 Январь 2024 Сиёсат
310 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Жорий йилнинг 17 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида “Ўзбекистон етакчи аёллар мулоқоти платформаси” аъзоларининг 2023 йилдаги илк учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув Сенат ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда миллий гендер стратегиясини амалга ошириш ва гендер тенгликка эришиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Унда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастури, Етакчи аёллар мулоқоти платформаси аъзолари, шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон етакчи аёллар мулоқоти платформаси” хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш, раҳбар аёллар сафини янада кенгайтириш, уларнинг етакчилик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ёш қизларни раҳбарликка тайёрлаш, гендер тенглик муаммоларини бартараф этишга хизмат қилади.

Платформа фаолияти ҳар бир ҳудуддаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик, илм-фан, ахборот технологиялари, медиа, спорт ва маданият каби соҳалардаги асосий муаммоларини аниқлаб, имконияти чекланган етакчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгсизликни келтириб чиқарадиган гендер стереотиплар ва ноўрин ижтимоий меъёрларга чек қўйилишига ёрдам беради.

Тадбирда иштирокчилар томонидан платформани ишлатиш ва ундан самарали фойдаланиш ҳамда келгусида уни янада такомиллаштириб бориш юзасидан маълумотлар берилиб, платформа тақдимот қилинди.

Жумладан, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова платформа аъзоларининг асосий вазифалари ҳар бир ҳудуддаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик, илм-фан, ахборот технологиялари, спорт ва маданият, ОАВ каби соҳалардаги асосий муаммоларини аниқлашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, сенатор имконияти чекланган етакчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда, гендер асосидаги зўравонлик ва тенгсизликни келтириб чиқарадиган гендер стереотиплари ва ноўрин ижтимоий меъёрларга чек қўйилишига ёрдам беришда, ҳар бир ҳудуддаги хотин-қизларнинг ҳолатини тубдан яхшилашга кўмаклашишга қаратилган давлат органлари учун дастурлар ишлаб чиқишда платформанинг аҳамияти юқори эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбирда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинча ижро этувчи Анас Файяд Қарман етакчи аёлларнинг салоҳиятини юксалтиришда, хусусан, сиёсий партияларда гендер тамойилларини кучайтириш, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, етакчи аёлларнинг нотиқлик маданиятини ҳамда аҳоли билан мулоқот қилиш кўникмаларини оширишда БМТТД амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида хотин-қизларни янгича ёндашув, ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларига кўмак бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мазкур жараёнларда “Ўзбекистон етакчи фаол аёллар мулоқоти платформаси”нинг ўрни ва роли масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?