Ўзбекистон енгил автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Россияни ортда қолдирди

17:12 08 Август 2022 Жамият
350 0

Фото: Иллюстратив фото

UzAuto Motors компанияси 2022 йилнинг дастлабки олти ойида 160 000 дона автомобилни сотувга чиқариб, ишлаб чиқариш бўйича рекорд ўрнатди.

«Катта ишонч билан таъкидлаш мумкинки, МДҲ мамлакатлари ичида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра етакчилик шоҳсупаси айнан ўзбек компаниясига тегишли», — деб ҳисоблайди ПРОМРEЙТИНГ таҳлил агентлиги экспертлари. 

Россиянинг мазкур агентлиги янги тадқиқотига кўра, жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистон Россия Федерациясига нисбатан кўпроқ енгил автомобиль ишлаб чиқарди ва МДҲ автомобиль ишлаб чиқарувчилари орасида ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича етакчиликни қўлга киритди.

9 та Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг бештасида ўз автомобиль саноати мавжуд, дея таъкидламоқда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича МДҲ мамлакатларининг энг йирик компаниялари рейтингини тузишни мақсад қилган агентлик. Бунда 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярмига оид маълумотлар ҳисобга олинган. Сўнгги ойларда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги вазият кескин ўзгаргани сабабли бу йилги статистика ўз ичида айрим кутилмаган ҳолатларни қамраб олган, деб огоҳлантиради тадқиқот муаллифлари.

Бошланишига МДҲ таркибига қайси мамлакатлар киришини эслатиб ўтиш жоиз, бу - Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон, Молдавия, Тожикистон ва Ўзбекистон. 9 та давлат аҳолисининг умумий сони — 250 млн киши атрофида, яъни бу улкан бозор, гарчи МДҲ доирасида умумий иқтисодий макон билан умумлаштирилмаган бўлсада. Санаб ўтилган мамлакатлардан фақат дастлабки бештаси ягона божхона ва иқтисодий макон шароитида иш олиб боради, боиси улар бошқа минтақавий интеграция ташкилоти – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ), гарчи алоҳида тоифадаги товарлар учун ташқи савдо ҳамкорлигининг соддалаштирилган ва ўзига хос шартлар асосидаги баъзи шакллари МДҲ ичкарисида ҳам кўзда тутилган.

Ривожланган автомобиль саноати СССР давридан бошлаб Россия ва Беларусда тарихан шаклланган. Сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам йирик автосаноат корхоналари нолдан барпо этилди. Шунингдек, Беларусда енгил автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда Озарбайжонда кичик авто йиғиш корхоналари пайдо бўлди.

«Шу ўринда қайд этиш керакки, — таъкидланади тадқиқотда, — сўнгги йилларда Қозоғистоннинг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси бир вақтнинг ўзида бир нечта бизнесини ёпиб танг вазиятга тушиб қолди. Ҳозирда етакчилик мақоми АЗИЯ АВТО дан СарыаркаАвтоПром»га ўтди. Вазиятни одатий деб бўлмайди. Биз бу қадар йирик можаролар ва бизнеснинг бўлинишидан анча чиқиб қолганмиз. Ҳар ҳолда бу тўқсонинчи йиллар эмас...

Шунингдек, АВТОВАЗнинг Ижевск майдончасидаги «осилиб турган» ҳолатни ҳам айтиб ўтиш керак. Тадқиқот ўтказилиш вақтида медиа маконида Lada Vesta'нинг ишлаб чиқарилишини Ижевскдан Толяттига кўчириш эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу 5та мамлакатда 2021 йил якунларига кўра енгил+енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари нисбати қуйидагича:

1. Россия — 1,4 млн авто;

2. Ўзбекистон — 236 минг;

3. Қозоғистон — 93 минг (юк машиналари ва автобуслар билан бирга);

4. Беларус —35 мингга яқин;

5. Озарбайжон — 2 минг.

2021 йил якунларига кўра, МДҲда енгил ва енгил тижорат автомобиллари йирик ишлаб чиқарувчилари ТОП-10лиги қўйидагича кўринишга эга:

1. АВТОВАЗ (Толятти ва Ижевск, Россия) — 430 минг авто;

2. UzAuto Motors (Асака ва Хоразм, Ўзбекистон) — 236 минг;

3. Hyundai Motor Manufacturing Rus (Сестрореск, Россия) — 234 минг;

4. Автотор (Калининград, Россия) — 177 минг;

5. Volkswagen Group Rus (Калуга, Россия) — 118 минг;

6. ГАЗ (Нижний Новгород, Россия) — 117-127 минг авто: 65-75 минг ўз брендидаги енгил тижорат автомобили (аниқ маълумот йўқ) + 52 минг енгил VW ва Skoda автомобили;

7. Renault Россия (Москва, Россия) — 88 минг;

8. Toyota Motor Manufacturing Rus (Шушары, Россия) — 81 минг;

9. СарыаркаАвтопром (Костанай, Қозоғистон) — 60 минг (юк автомобиллари ва автобуслар билан бирга);

10. Nissan Motor Manufacturing Rus (Санкт-Петербург, Россия) — 45 минг.

«2022 йилнинг биринчи ярмида Евроосиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият маълум сабабларга кўра кескин ўзгарди. Украинадаги воқеалар туфайли Ғарб февраль охиридан буён Россияни санкциялар билан аёвсиз «бўғмоқда». Европа ва Япония компанияларнинг аксарият қисми номаълум вақтга РФдаги фаолиятини тўхтатди. Хориждан бутловчи қисмларнинг тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида Россия компанияларига тегишли автозаводларда нормал автомобиль ишлаб чиқиш суръати издан чиқди», — маълумот беради ПРОМРEЙТИНГ.

Россия автосаноати етакчиси — АВТОВАЗ — 2022 йилнинг январь-июнь ойларида автомобиль ишлаб чиқаришга оид маълумотларни ошкор қилмади, аммо мустақил экспертларнинг тахмин қилишича, кўрсатилган даврда компания ўзининг иккита автозаводида жами 80 мингдан кўп бўлмаган машинани йиғди, негаки, компонентларнинг етиб келишидаги узилишлар сабабли АВТОВАЗ қувватлари февралдан июлгача бўлган вақт оралиғида асосан ишсиз туриб қолди.

Россиядаги Hyundai заводи март бошидан буён сиёсий сабабларга кўра ишлашдан тўхтаган, бироқ дастлабки икки ой якунларига кўра у 40 мингга яқин машинани сотувчига чиқариши мумкин эди.

2022 йил бошидан буён РФ ҳудудидаги бошқа автозаводларда машина ишлаб чиқариш натижаларига оид маълумотлар жуда кам.

Ишонч билан айтиш мумкинки, 2022 йил давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон автозаводлари ўз конвейерларида машина чиқаришни фаол ошириб боради, негаки улар айни пайда Россия ва Беларусдаги корхоналар азият чекаётган халқаро чекловлардан ҳоли.

Бундан ташқари, UzAuto Motors тўғри инвестиция сиёсатини олиб бормоқда. Компания ўз ишлаб чиқариш қувватларида GM GEM платформасидаги автомобилларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун 620 млн доллар сармоя киритди. 2022 йилнинг июлидан (бу инқирознинг айни авж палласи эканлигини ҳисобга олиш зарур) ўзбек компаниясининг Асака шаҳридаги қувватларида энг янги Chevrolet Tracker кроссоверининг оммавий ишлаб чиқарилишига старт берилди. 2023 йил бошида унга седан Chevrolet Onix қўшилади.

Келтирилган маълумотларга таяниб, ишонч билан айтиш мумкинки, МДҲдаги автомобиль ишлаб чиқариш географияси яқин йилларда сезиларли даражада ўзгармайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер