Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифи тафсилотларини маълум қилди

10:33 15 Ноябрь 2020 Сиёсат
304 0

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация 15 — 22 ноябрь кунлари АҚШда амалий ташриф билан бўлади.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасининг маълум қилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтадиган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этади. Мазкур тадбир доирасида икки мамлакат ўртасидаги сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқалар, стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг ташриф дастуридан АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги, Савдо вазирлиги ва Савдо вакили идораси, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси, Эксимбанки ҳамда мамлакат компаниялари ва эксперт доиралари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.

Делегацияси аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг АҚШ сенаторлари ва конгрессменлари билан учрашувлари ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, делегация аъзолари АҚШнинг етакчи таҳлил марказлари — Тинчлик институти (USIP) ва Атлантика кенгашида бўлиб ўтадиган брифинглар ва давра суҳбатларида иштирок этиши назарда тутилган. Ушбу тадбирлар доирада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг натижалари, ташқи сиёсат ва иқтисодиётнинг устувор йўналишлари, мамлакатимизнинг Афғонистонда тинчлик жараёни ва ушбу давлатнинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашдаги роли ҳақида сўз юритилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?