Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан БААда бўлиб турибди

14:44 03 Февраль 2023 Сиёсат
476 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация аъзолари Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи дастури доирасида «Ваҳат Ал Карама» ёдгорлик мажмуаси ва «Шайх Зоид» масжидида бўлдилар.

«Ваҳат Ал Карама» ёдгорлик мажмуасида унинг ижрочи директори Шайх Халифа бин Таҳнун бин Муҳаммад Ол Наҳаён Ўзбекистон делегациясини кутиб олди.

«Қадр-қиммат воҳаси» маъносини англатувчи ушбу мемориал БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳоённинг буйруғи билан Бирлашган Араб Амирликлари озодлиги ва бирдамлиги учун қурбон бўлганлар шарафига бунёд этилган.

Олий Мажлис Сенати Раиси Амирликлар учун ўз жонини фидо қилган қаҳрамонларга ҳурмат бажо келтирди ва мажмуанинг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси «Шайх Зоид» масжидига ташриф буюрди. Делегация аъзолари масжиднинг ташкил этилиши тарихи билан яқиндан танишдилар.

«Шайх Зайд» масжиди БАА асосчиси Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаённинг ғоясига кўра бунёд этилган бўлиб, мажмуанинг асосий мақсади маҳаллий аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун турли халқлар маданиятини боғлайдиган махсус зиёрат масканини яратишдан иборат бўлган. Масжид 106 метр баландликдаги тўртта минора билан ўралган.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари «Шайх Зоид» масжидининг Фахрий меҳмонлари китобида ўз дастхатини қолдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?