Ўзбекистон делегацияси Нуфузли хотин-қизлар биринчи халқаро конгрессида иштирок этди

11:19 28 Январь 2023 Сиёсат
679 0

Эрон Ислом Республикаси пойтахти Теҳрон шаҳрида нуфузли хотин-қизлар биринчи халқаро конгресси бўлиб ўтди.

Учрашувда турли мамлакатлардан 38та делегация, жумладан, биринчи хонимлар, ҳукумат аъзолари, парламент раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон ва нуфузли аёллар иштирок этди. Унда Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Қодирхонова ҳам қатнашди.

Конгресс учта муҳим мавзуда бўлиб ўтди: «тадбиркорлик ва иқтисодиёт», «ижтимоий ва хайрия фаолияти», «фан ва технологиялар». Иштирокчилар аёлларни камситиш муаммосини ҳал қилишда ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлаб, ушбу мавзу юзасидан фикр алмашдилар. Таъкидланганидек, мазкур Конгресс хотин-қизларнинг ролини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи восита бўлиб хизмат қилади.
Халқаро конгрессда бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга, уларнинг давлат бошқаруви ва умуман жамиятнинг барча жараёнларидаги ролини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда 2022 йил мобайнида оила ва аёлларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича 3 та тарихий ҳужжат – 2 та фармон ва 1 та қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар аёллар учун қўшимча 42 та имтиёз белгилаши тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Ўзбекистон давлат сиёсатининг оилани қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби йўналишларига алоҳида эътибор қаратилганлиги борасида сўз юритилди.

Конгресс якунида хотин-қизларнинг ҳаётнинг турли соҳаларида имкониятларини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни янада ривожлантириш, муҳим муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?