Ўзбекистон делегацияси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ ТИВК йиғилишида иштирок этди

19:42 14 Июль 2021 Сиёсат
258 0

Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ("Халқ сўзи")

2021 йилнинг 13-14 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" мухбири Ҳасан Пайдоев хабар берди.

Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори иштирокида ташкилотнинг бўлажак юбилей саммитига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.

Вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши кун тартиби лойиҳасини ва мажлисида имзолаш учун таклиф қилинган ҳужжатларни кўриб чиқдилар.

Сўнгги 20 йил ичида ШҲТ нуфузли халқаро тузилишга айланиб, замонавий давлатлараро алоқалар тизимини мустаҳкамлашда муносиб иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди.

Ташкилот фаолиятини, шу жумладан, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасини янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий характердаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

***

Делегациялар раҳбарларини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам қабул қилди.

Учрашувда жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Душанбе саммити якунлари бўйича Ташкилотга раислик Ўзбекистон томонига ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши номидан нутқ сўзлади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Тожикистоннинг Ташкилотга раислик қилган давридаги самарали ишларини юқори баҳолади.

А.Комилов ўз нутқида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларини, ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама ҳамда икки томонлама шаклдаги ҳамкорлик ва шериклик жараёнида эришилган улкан ижобий ютуқларни қайд этди.

Ҳасан ПАЙДОЕВ("Халқ сўзи") олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?