Ўзбекистон Афғонистонга кислород баллонларидан иборат гуманитар юкни топширди

22:09 11 Июнь 2021 Сиёсат
658 0

2021 йилнинг 11 июнь куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида афғон томонига 1000 дона кислород баллонларидан иборат гуманитар юкни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу инсонпарварлик ёрдами пандемиянинг учинчи тўлқини билан дуч келган қардош Афғонистон ҳукуматининг мурожаатига биноан амалга оширилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда сўзга чиққан Афғонистон вакиллари Ўзбекистон Президентига кўрсатаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди. Айниқса, Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳукуматининг фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимосига жавоб берган биринчи раҳбар бўлганини алоҳида қайд этдилар.

Балх вилояти губернатори Фарҳод Азимий Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган ёрдам Афғонистон халқига чинакам биродарлик муносабатининг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади.

Балх вилоят кенгаши раиси Муҳаммад Ҳадиднинг айтишича, Ўзбекистон Президенти бутун дунёга ўзбек халқининг афғон халқи билан нафақат пандемияни енгиш, балки Афғонистон заминига узоқ кутилган тинчлик ва осойишталикни олиб келиш борасида нияти бирлигини намойиш этди.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ўз нутқида озиқ-овқат ва дори-дармонлар Афғонистонга пандемияга қарамай узлуксиз равишда Ўзбекистон-Афғонистон чегараси орқали етказиб берилаётганлигини айтди. Ўзбекистон қўшни давлатга ҳар томонлама кўмак беришда давом этишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий кўмаги остида афғонистонлик шифокорларнинг Ўзбекистондаги клиникаларда пандемияга қарши курашиш бўйича мамлакатимиз тажрибаси билан танишишлари учун ўқувлар ташкил этилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?