Ўзбек ва француз депутатларининг онлайн мулоқотида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

11:14 05 Июнь 2020 Сиёсат
790 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк йиғилишидаги маърузасида (2020 йил 21 январь) «халқаро парламентлараро алоқаларни тизимли равишда ривожлантириб бориш бундан кейин ҳам депутатлар ва сенаторларнинг доимий эътибор марказида бўлиши лозимлигини» алоҳида қайд этган эди.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўтариш, фаол ташқи сиёсат олиб боришга кўмаклашиш, хорижий инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига оид тасдиқланган “йўл хариталари" устидан парламент назоратини амалга ошириш Олий Мажлис олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, ҳозирда Олий Мажлисда хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳларини янгидан шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида хорижий парламентлар билан ҳамкорлик гуруҳларини шакллантириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Жами 42 та давлат парламентлари билан шундай гуруҳлар ташкил этилади. Бундай парламентлараро ҳамкорлик доимий тарзда изчил олиб борилади.

Жумладан, куни кеча Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 12 нафар депутатдан иборат таркибда «Ўзбекистон-Франция» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи қайта ташкил қилинди. Доимий тарзда фаолият олиб борувчи мазкур дўстлик гуруҳининг асосий вазифалари сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Миллий Ассамблея ўртасида парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, француз парламенти билан ўзаро тажриба ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этиш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Шуниси эътиборга моликки, Франция парламентининг қуйи палатаси - Миллий Ассамблеяда ҳам «Франция-Марказий Осиё дўстлик гуруҳи» ташкил қилинган бўлиб, у 2017 йилдан бери фаолият олиб бормоқда. 24 нафар депутатдан иборат мазкур гуруҳга атоқли давлат ва жамоат арбоби Патрис Вершер раҳбарлик қилмоқда.

Маълумки, Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган ва ўтган 28 йилдан буён мамлакатимизнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу алоқалар, айниқса Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йилнинг октябрида Францияга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилди.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Франция парламентлари вакиллари ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, куни кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон-Франция» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ва Франция Республикаси Миллий Ассамблеясининг «Франция-Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи»нинг видеоконференция форматида ўтказилган биринчи қўшма мажлисида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Франция томонидан видео-конференцияда «Франция-Марказий Осиё» парламентлараро дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари П.Кабарет, Миллий Ассамблея депутатлари C.Буро-Бонард, Ф.Леcлерc, Л.Арслан, Ж.Сон-Форгет, парламент тадқиқотлари бўйича экспертлар Э.Дюпюи, П.Шабал, Ж.Фор ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси А.Гранд иштирок этдилар.

Видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон-Франция» ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Акмал Саидов ва Франция томонидан «Франция-Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раҳбарининг ўринбосари Пер Кабаре сўз олишиб, бир-бирларини қутладилар ҳамда гуруҳлар ишига муваффақият тиладилар. Томонлар парламентлараро дўстлик гуруҳларининг тузилиши кенг миқёсдаги ўзбек-француз ҳамкорлигининг ривожланишига турки беришига ишонч билдирдилар.

Шунингдек, икки давлат ҳамкорлик гуруҳларининг парламентлараро алоқаларининг бугунги аҳволи ва истиқболлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди. Томонлар пандемия шароитида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишлаб онлайн давра суҳбатлари, вебинар ва видеоконференциялар ташкил этишга келишиб олдилар.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш ўринлики, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон-Франция» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳининг тузилиши ва фаолият олиб бориши Франция Миллий Ассамблеяси билан доимий тарздаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш учун узвий алоқаларни ўрнатиш имконини беради. Ушбу ҳамкорлик гуруҳи француз парламенти билан ўзаро тажриба ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли анжуман ва тадбирларни ташкил қилиш ҳамда улар орқали давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради. Бундан ташқари, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи мамлакатимиздаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини француз ҳамжамиятга етказишда ҳам самарали механизм сифатида хизмат қилади.

Қодир Жўраев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Ўзбекистон-Франция» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоси
***

Сўз видеоконференция иштирокчиларига:

А.Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси:

— Маълумки, Франция парламентаризм соҳасида жуда катта тажрибага эга бўлган мамлакат ҳисобланади. Биз француз парламенти билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришдан жуда манфаатдормиз. Парламентлараро алоқаларимизни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мен Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Франция Республикаси Миллий Ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик меморандуми қабул қилишни таклиф қиламан.

Шунингдек, пандемия тугаши билан Франция Миллий Ассамблеяси раиси Р. Ферранд ёки «Франция-Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раҳбари бошчилигидаги парламент делегациясининг 2020 йилда ёки 2021 йилда Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш келгусида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, француз парламентида 2015 йилга қадар фаолият юритган «Франция-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳининг фаолияти қайта тикланиши ҳам парламентлараро алоқаларимизга ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайман.

Биз - Ўзбекистон ва Франция парламентларидаги дўстлик гуруҳларининг аъзолари, келгусида ўзаро ҳамкорликда кўплаб анжуман ва тадбирларни ташкил қилишимиз мумкин. Шу маънода кейинги тадбирларимиздан бирини Ўзбекистон ва Франция илмий доираларининг вакиллари, экспертлар, парламентарийлар иштирокида видеоконференция шаклида «Пандемия шароитида парламент фаолияти: Ўзбекистон ва Франция тажрибаси» мавзусида ташкил қилсак айни муддао бўлар эди.

Пер Кабаре, Миллий Ассамблея депутати, «Франция-Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари:

— Ўзбекистон парламентида «Ўзбекистон-Франция» ҳамкорлик гуруҳи янги таркибда иш бошлагани билан чин қалбимдан табриклайман. Ишончим комилки, ушбу гуруҳнинг тузилиши икки мамлакат ўртасидаги парламент алоқаларининг ривожига ижобий туртки беради.

Афсуски, ҳали-ҳануз давом этаётган пандемия туфайли Франция парламенти масофадан туриб, Интернетда онлайн ишлашга мажбур бўляпти. Шунга қарамай, бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда Франция томони Ўзбекистон билан қўшма тадбирлар ўтказишга тайёрлигини маълум қилмоқчиман. Ўзбекистон томони билдирган барча таклифларни қўллаб-қувватлаймиз. Қўшимча таклиф сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоларидан иборат Ўзбекистон парламент делегациясини қулай вақтда Францияга ташриф буюришга таклиф қиламиз.

Шу нарсани мамнуният билан қайд этмоқчиманки, сўнгги 3 йилдан бери Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар динамик равишда барқарор ривожланмоқда. Француз томони ушбу алоқаларни янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдираман.

Карол Бюно Бернар, Миллий Ассамблея депутати, «Франция-Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи аъзоси:

— Энг аввало, 2019 йил апрель ойида Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Давлат котиби бошчилигидаги делегация таркибида ҳамда 2019 йил декабрда бўлиб ўтган парламент сайловларида Ўзбекистонга ташрифим давомида кўрсатилган юксак ҳурмат ва эътибор учун чуқур миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги жараёнларда ўзига хос ўринга эга ва минтақада хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистоннинг ҳозирги минтақавий сиёсати, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар таҳсинга сазовордир. Чунки мамлакатингиз Марказий Осиёда сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори сифатида намоён бўлмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар учун миннатдорлик билдираман. Уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда шуни айтмоқчиманки, Франция Миллий Ассамблеясида фаолият юритган «Франция-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолиятини 2022 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларидан кейин қайта тиклаш масаласини кўриб чиқишга тайёрмиз.

Эммануел Дюпюи, Европанинг истиқболлари ва хавфсизлиги институти президенти:

— Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги эпидемиологик инқироз минтақавий интеграция жараёнларининг (хусусан Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёда) барча камчилик ва афзалликларини бус-бутун намойиш этди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги мураккаб шароитга қарамай Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги илгари сураётган бир қатор ташаббуслари таҳсинга сазовордир.

Ушбу йўналишда минтақада йирик давлатларнинг, шу жумладан, Хитой ва Россия Федерациясининг роли ва таъсирини албатта ҳисобга олиш лозим. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 8 июнь куни пандемия шароитида минтақавий ҳамкорлик масалаларига бағишлаб ўтказиладиган вебинарда иштирок этишга таклиф қиламан. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг Франциядаги элчилари, шунингдек, Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиёдаги иқтисодий дипломатия бўйича вакили П. Лорот, Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича француз институти (ИФEАC) директори К. Пужол иштирок этадилар.

Фикримча, минтақадаги хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, айниқса, халқаро терроризмга қарши курашиш учун ўз вақтида чоралар кўриш зарур. Пандемияга қарамай, Ўзбекистон ушбу йўналишда фаол ҳаракат қилмоқда. Бунинг исботи сифатида яқинда Фарғона водийсида «Ҳизбут-таҳрир» террорчилик ташкилоти аъзоларининг ҳибсга олинганлигини алоҳида қайд этиш мумкин. Мен шу каби хавфсизлик масалалари бўйича ҳам мунтазам равишда фикр алмашишга чақираман.

Пер Шабал, Сиёсий тадқиқотлар институти ва Ле Авр-Нормандия университети профессори:

— Мен Ўзбекистонга бир неча марта борганман. Ана шу ташрифларим чоғида мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижаларини ўз кўзларим билан кўриш имконига эга бўлганман.

Мен Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар, шу жумладан, таълим, фан ва илмий-тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорликни келгусида ҳам изчил ривожлантириш тарафдориман.

Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликка устувор аҳамият бериши ҳар томонлама тўғридир. Хусусан, 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро конференция минтақа мамлакатларининг ўзаро муносабатларида янги саҳифа очди. Энди Европа Иттифоқи ҳам Марказий Осиё билан турли йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кучайтириши керак, деб ҳисоблайман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?