Ўзбек-туркман дўстлигининг соҳир куйчиси

17:12 16 Март 2023 Жамият
521 0

Фото: Халқ сўзи

Тарихи ва маданияти чамбарчас боғланган, миллий қадриятлари ўзаро туташ ўзбек ва туркман халқлари минг йиллар давомида ёнма-ён яшаб келмоқда. Тақдири бир бўлган ушбу халқлар орасидаги дўстлик алоқалари, ижтимоий муносабатлари жуда қадим замонларга бориб тақалади. Яъни бу икки халқ асрлар мобайнида бир дарёдан сув ичиб, бирга деҳқончилик қилиб келган, тараққиёт даврларини ҳам, зулму истибдод замонларини ҳам биргаликда бошидан кечирган, оғир кунларда ҳам, тўй-ҳашамларда ҳам бир-бирига суянган, бир-биридан мадад олган. Бирининг ғалабаси, қувончи иккинчисининг шодлигига замин ясаган. Айниқса, икки халқ ўртасидаги адабий алоқалар теран тарихий илдизларга эга.

Ўлмас асарлари билан жаҳон адабиётининг олтин хазинасидан ўрин олиб, умумбашарий маънавиятга салмоқли ҳисса қўшган қалам соҳиблари асрлар оша инсониятнинг буюк даҳолари сифатида қадрланиб келади. Ўзбек адабиётида Навоий, форс-тожик тилида ижод этган Фирдавсий, озар халқи учун Низомий, олмонлар учун Гёте, инглизларда Шекспир, французларда Молер ва бошқа халқлар адабиётининг мумтоз вакиллари шулар жумласидандир. Ушбу даҳолар орасида маърифий шеъриятнинг буюк дарғаларидан бўлган туркман халқининг суюкли шоири Махтумқули (Фироғий) ҳам муносиб ўрин тутади. Алишер Навоий асарларини туркман китобхонлари севиб мутолаа қилганларидек, ўзбек халқининг маънавий хазинасида туркман адабиёти асосчиси Махтумқули асарларининг алоҳида ўрни бор.

Туркман мумтоз адабиётининг улуғ вакили Махтумқулининг уч йил Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиши икки халқ ўртасидаги адабий алоқаларнинг ривожида муҳим аҳамият касб этган. Бола бахши, Комилжон Отаниёзов, Ортиқ Отажонов, Қаландар Норматов каби ўзбек мусиқа санъати дарғалари ўз репертуарларини шакллантиришда доимо Махтумқули шеъриятига мурожаат қилиб келишган.

2024 йили буюк туркман шоири Махтумқули таваллудига 300 йил тўлади. Шу муносабат билан Хоразм вилоятида «Махтумқули Фироғий –ўзбек-туркман дўстлиги кўприги» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва туркман миллий маданият маркази ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда Ўзбекистонлик ва Туркманистонлик ижодкорлар, олимлар иштирок этди.

— Ўзбек ва туркман халқларининг севимли шоири Фироғий ўзининг шеърларида икки халқ дўстлигини баралла тараннум этган, — дейди олима Тозагул Тажимаммедова. — Шоирнинг қуйидаги мисраларида бу яққол ифодасини топган:

Айтинг, Фироғийнинг икки эли бор,

Бири Атрак бўлса, бири Хоразм.

Айтинг, Фироғийнинг икки кўзи бор,

Бири ўзбек бўлса - бири туркманим.

Илмий-амалий анжуман доирасида қадимий Хивада Махтумқули таҳсил олган Шерғозихон мадрасасини бориб кўрдик, Урганч тумани ҳудудида 1650-1680 йилларда барпо этилган ва туркманлар истиқомат қилган «Улли ҳовли» тарихий мажмуаси билан танишдик. «Ўзбек –Туркман» дўстлик уйи олдида қад кўтарган Махтумқули ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирдик. Анжуман давомида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан Фироғийнинг бой ижодий меросини ўрганиш борасидаги тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашдик, келгуси режалар юзасидан фикр алмашдик.

— Туркман халқининг улуғ файласуф шоири Фироғийнинг ижоди мени доим ўзига мафтун этиб келган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турманистоннинг «Махтумқули Фироғий» медали соҳиби Қурбон Муҳаммадризо. — Шоир ҳаёти ва ижоди бўйича кўп йиллик изланишларим натижасида «Махтумқули» тарихий мусиқали драмасини ёздим ва бу асар Хоразм вилоят мусиқали драма театрида муваффақиятли саҳналаштирилди. Кейинчалик Фироғийнинг ҳаёти ва асарларини янада чуқурроқ ўрганиш, бу йўналишдаги изланишлар самараси ўлароқ «Махтумқули» романим чоп қилинди. Махтумқули халқлар дўстлиги мавзусини шеърларидагина куйлаб қолмасдан, балки бутун умри давомида шу ғоянинг амалга ошиши йўлида курашган. Шоир таваллудининг 300 йиллиги олдидан ўтказилаётган ушбу анжуман адабий алоқаларнинг ривожланишига, халқлар дўстлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?