Ўзбек олимининг Учинчи Ренессанс ҳақидаги мақоласи АҚШда чоп этилди

11:52 19 Июль 2021 Жамият
280 0

Бугун Ўзбекистондаги туб ўзгаришларга нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам кучли.

Эътиборлиси, нафақат хорижлик экспертлар, ишбилармонлар, давлат мутасаддилари, журналистлар мамлакатимиздаги янгиланишлар ҳақида масс-медиа ва ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдиришяпти, турфа материаллар ва интервьюлар беришмоқда, балки маҳаллий матбуотимиз ва интернет нашрларини диққат билан кузатиб, тақдим этилаётган маълумотлар билан танишиб боряпти, ҳатто таниқли оммавий ахборот воситалари Янги Ўзбекистондаги сўнгги ислоҳотлар мазмун-моҳияти чуқур очиб берилган мақолаларни ўзларида кўчириб босишмоқда. Бу тенденция дунёда юртимизга нисбатан маънавий-маърифий интилиш ортиб бораётгани тасдиғи бўлиши билан бир қаторида Президент Шавкат Мирзиёевнинг прогрессив ғояларини глобал миқёсда оммалаштиришга хизмат қиляпти.

Қувонарлиси, мазкур эзгу мақсадлар йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жараёнида "Халқ сўзи" газетаси ва унинг расмий сайти — www.xs..uz ҳам фаол иштирок этмоқда.

Гап шундаки, Самарқанд давлат университети профессори, академик Бакриддин Зариповнинг босма ва электрон нашримизда яқинда берилган "Учинчи Ренессанс пойдевори инсонпарварлик ва илм-фан асосига тикланмоқда" мақоласи АҚШнинг таниқли "Medium" халқаро интернет нашрида томонидан инглиз тилига ўгирилиб, қайта босилди.

Бу Америкада ҳам Янги Ўзбекистоннинг дадил қадамлари катта қизиқиш билан кузатиб борилаётганининг яна бир тасдиғидир.

Мақола давлат раҳбарининг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан олинган қуйидаги иқтибос билан бошланади:

"Бугунги кунда кўп миллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини ­маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан ­орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз — асосий таянчимиз ва суянчимиздир".

Унда мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар мазмун-моҳияти кенг очиб берилган. Хусусан, булар Ўзбекистон ҳудудида рўй берган буюк икки Ренессанс илдизидан сув ичаётгани, маърифатпарварлик қадриятлари билан чамбарчас боғланиб кетгани таъкидлаб ўтилган.

Таҳлилда Ўзбекистонда кейинги уч йилда олий ­таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етгани, қабул ўринлари 66 минг­тадан 181 мингтага ошгани, демак, ҳар йили юз мингдан зиёд ёшлар энг ёруғ орзуси — ўқиш истагига эришишига ­замин яратилаётганига алоҳида тўхталиб ўтилган.

"Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларда жаҳон афкор оммаси дунё сиёсатида янги бир тўлқинни кўраётганини эътироф этишмоқда. Бу тўлқинни ҳаракатга келтираётган куч эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган мамлакатнинг янги тараққиёт йўлидир.

Бу — биқиқ иқтисодиётдан шаффофликка ўтган, дунёга кенг қулоч очган, ҳар бир қадамида одамлар манфаатини устувор қўйган ўзига хос тараққиёт йўлидир. Таъбир жоиз бўлса, уни бешта "И" — интеграция, инновация, инсон капитали, ишонч ва иқтисодий ўсишга асосланган тараққиёт формуласи, деб аташ мумкин.

Бугунги кунда ушбу тамойилларни бир нуқтада бирлаштирган янгиланишларга ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларида гувоҳ бўляпмиз. Масалан, кластерлар фаолияти бунга яққол мисолдир. ­Шавкат Мирзиёев­ ташаббуси билан миллий иқтисодиётимизга татбиқ этилаётган кластерлар фаолиятининг самаралари хусусида узоқ ёзиш мумкин. Аммо ҳозир унинг биргина жиҳати, айнан илм аҳлига берган афзаллигини айтиб ўтмоқчимиз. Бу миллат болалари ва уларнинг устозлари ­пахта далаларидан қайтариб олинишида муҳим роль ўйнади" деб ёзади нашр.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур" деган даъвати бошқалар учун ҳам ибрат бўлса ажаб эмас.

Муаллиф бугун янги Ўзбекистон тарихига ёзилаётган зарҳал ҳарфлар хорижлик олимлар нигоҳидан ҳам четда эмаслиги ҳақида тўхталар экан, яқинда АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшайдиган олим, биология фанлари доктори, профессор, академик ­Эфроим Гурман билан айни шу мавзуда суҳбатлашиб қолгани ҳақида тўхталиб ўтади:

"Олим шундай деди: "Президент Шавкат ­Мирзиёев дунё давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб "Халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак", ­деган улуғ мақсад, эзгу вазифани илгари сурди ва бунинг ечимини ҳам топиб берди. Айниқса, унинг учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда ажойибдир. Сабаби, бугунги илму фанга асосланган, дунёни фақатгина илм ­билан бошқариш мумкин бўлган замонда шундай ғояларгина ­қудратли куч касб эта олади".

Бинобарин, бугун глобаллашаётган замонда макон тушунчаси торайиб бормоқда. Дунёнинг нариги бурчагида ахборотни лаҳза ўтмай бу нуқтасида кўриш мумкин. Аммо шуниси муҳимки, Ватан ва унинг истиқболи ҳақида қарашлар ҳеч қачон торайган эмас.

Дарҳақиқат шундай. Зеро, Ўзбекистонда келажак таълим ва илму фанда кўрилаётгани, учинчи Ре­нессанс ғояси миллий ғоя даражасига кўтарилгани, замонавий дунёга юзланиш ҳамда дунё билан тенглашмоқ истагида ана шу Ватан ва миллат туйғусининг яна бир жилваланишини кўриш мумкин.

Академик Бакридин Зарипов фикрларини шу тақлид мантиқий давом эттирар, шундай ҳаётий хулосага келади:

"Бу туйғу халқимизнинг қонида жўш уриб турган маърифатга ташналик ва ўша олис ўтмишдаги буюк Уйғониш насимларининг соғинчи билан муштаракдир. Шундай экан, дунё саҳнига яна янги тамаддун билан бўйламоққа бу халқ минг бора ҳақлидир.

Учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилувчи бугунги буюк ғояларда ана шундай улуғ мақсадлар мужассамдир".

Шундай қилиб АҚШ аудиторияси учун Янги Ўзбекистон ҳақидаги яна бир қизиқарли таҳлил тақдим этилди.

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?