Ўзбек-хитой вакцинаси август ойидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади

13:45 25 Июль 2021 Жамият
485 0

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан музокара ўтказиш мақсадида 2021 йилнинг 24 июль санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбирда мезбон сифатида Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С. Кариев ва “Jurabek Laboratories” компанияси вакиллари иштирок этдилар, шунингдек хитой томонидан “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси бош муҳандиси Ван Чжи Сзюн, хорижий мамлакатларга экспорт қилиш бўлими директори Чен Фан У ҳамда бошқа вакиллар қатнашдилар.

Учрашув аввалида И.Абдураҳмонов икки томонлама ҳамкорликнинг ўрнатилиши ва ривожланиши босқичлари ва ушбу ҳаракатларнинг ҳозирги кундаги самараси ҳақида гапираркан, мазкур учрашув ўзига хос тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Учрашувда ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси клиник синовларини ўтказишда қўшган ҳиссаси ва ўзбек томонининг очиқ, шаффоф иш олиб боришини юқори баҳолади. Хитойлик ҳамкорлар мамлакатимизнинг фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳияти билан дастлабки танишувлари натижасида коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришнинг инфратузилмавий имкониятларига юқори баҳо бердилар. Компаниянинг бош муҳандиси Ван Чжи Сзюн Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш қувватлари мазкур вакцинани ишлаб чиқариш талабларига тўлиқ мувофиқ эканлигини таъкидлади.

Бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда COVID-19 вирусининг бугунги кунда тарқалиш суръатларини инобатга олиб, мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш учун Хитой томонидан хом ашё етказиб бериш муддатлари ва ҳажми борасида дастлабки келишувларга эришилди. “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси билан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ва минтақадаги ўрнини инобатга олган ҳолда қисқа муддатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланишига келишилди. Томонлар Ўзбекистонда биринчи босқичда ойига 10 млн доза вакцина ишлаб чиқариш ва кейинчалик бу кўрсаткични йилига 200 млн дозага қадар олиб чиқиш мумкинлиги бўйича фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, Хитой томони билан яқин келажакда вакцина ишлаб чиқариш технологиясини трансфер қилинишига келишилди. Шунингдек, юртимиз олим ва мутахассисларининг мазкур соҳадаги малакаларини ошириш мақсадида Хитой ва Ўзбекистонда бир вақтда ўқитиш ишлари бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?