Ўзбек футболи юлдузлари – Фарғонада

18:44 25 Октябр 2022 Жамият
512 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда Фарғона вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллик қутлуғ санасига бағишланган катта футбол байрами ўтказилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, ўзбек футболи юлдузлари Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва бошқа фахрийлар иштирок этди.

Самимий мулоқотда Фарғона вилоятида футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида ўзаро фикр алмашилди. Айни жараёнда Фарғонада футбол инфратузилмасини янада яхшилаш, профессионал ва оммавий футболни ривожлантириш, миллий чемпионатимизнинг энг совриндор жамоаси – «Нефтчи»нинг аввалги мавқейини тиклаш, Фарғона шаҳридаги янгиланган 20 минг ўринли «Истиқлол» стадионида халқаро ўйинларни ташкил этиш борасида таклифлар билдирилди.

— Футболни оммалаштириш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманимизда футбол клублари ташкил этиш, футбол мактаблари учун ягона футбол методикасини татбиқ этиш учун хорижлик мутахассисни жалб этиш устида иш олиб бориляпти, — деди Фарғона вилоят ҳокими Х. Бозоров. — Бу борада «Нефтчи» футбол академиясини Ўзбекистонда энг кучли футбол академияларидан бирига айлантиришни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз.

Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга «Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони топширилди.

Футбол шарҳловчиси Беҳзод Жўрабоевнинг «Халқ сўзи» мухбирига хабар беришича, айни пайтда Фарғона шаҳридаги муҳташам «Истиқлол» стадионида байрам дастуридан ўрин олган илк жуфтликлар ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтмоқда.

«Миллионлар ўйини» оралиғида мухлислар ва меҳмонлар эътиборига катта концерт дастури намойиш этилиши ҳам режалаштирилган.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?