Ўз юртимда меҳнат қилиб кам бўлмаяпман
Фото: “Халқ сўзи”
Жомбой туманидаги Найман маҳалласида яшайман. Ҳозирда малина етиштириш билан бандман. Йилига 100 миллион сўмдан зиёд даромад қиляпман. Бунга осонликча эришганим йўқ. 2015 йилда мактабини битириб, ўқишни коллежда давом эттирдим. Аммо коллежда ўқияпман, деб уч йил вақтим беҳуда кетди. Якунда на олий ўқув юрти талабаси бўлдим, на мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим.
Иш излаб хорижга кетдим. У ёқдаям бирим икки бўлмади. Минг бир қийинчиликларни кўрдим. Шунда отам Ўзбекистонга қайтишимни, бир сотих ерда малина етиштириб, бир мавсумда 10 миллион сўмгача даромад қилаётганини айтди. Агар мен бир гектар ерда малина парваришласам, йилига камида 100 миллион сўм топишим мумкинлигини қўшимча қилди.
Уйга қайтиб, отам бошлаган ишини давом эттирдим. Биринчи йили томорқамизда ўзимни синаб кўрдим ва бўш вақтимда олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрдим. Натижа ёмон эмас, ҳам томорқада меҳнат қилиб 10 миллион сўм даромад қилдим, ҳам Самарқанд давлат университетига тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим.
Малина сердаромад экин экан. Меҳр билан парвариш қилсангиз гектаридан 4 тоннагача ҳосил олса бўлади. Бу камида 20-150 миллион сўм дегани. Буни мен 1 гектар ерда шу экинни экиб, тажрибадан ўтказдим. 2-3 йил ичида малиназорни 3 гектарга етказдим. Фойдасидан ўқиш харажатларим қопланяпти. Айтмоқчи, машина ва уй ҳам сотиб олдим.
Энди ёшларга насиҳатим шуки, билим олиш ва бўш вақтларида томорқадан унумли фойдаланишни қанча эрта бошласа шунча яхши. Лекин қўлида ҳунари бўлмаган йигит хорижга чиқишни хаёлига ҳам келтирмасин экан. Буни мен кўрдим, бу азобни душманимга ҳам раво кўрмайман. Энди ҳаётга кириб келган йигит-қизларга малина етиштириш сирларини ўргатяпман. Қувонарлиси, ўндан зиёд ишсиз қишлоқ болалари бандлигини таъминладим. Ўз юртинг, ўлан тўшагинг, деганларидек, жонажон юртда ишлаб, элга наф келтиришдан ортиқ бахт йўқ.
Шаҳзод Нуриллаев,
Жомбой тумани.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг