Ўз отасини оқ қилган ўғил. У ким эди?

00:10 16 Январь 2021 Жамият
1152 0

Сарлавҳани ўқиб «Фарзандини оқ қилган оталар ҳақида эшитганмиз, аммо бунақасини..”, дея таажжубланишингиз тайин. Чиндан ҳам ҳаётда ўз боласини оқ қилган оталар оз бўлса-да учрайди. Лекин яқин ўтмишимизга назар ташласак, афсуски, ўғилнинг ўз падари бузрукворини оқ қилган ҳолга ҳам дуч келамиз.

Гап Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон ҳақида бормоқда.

Биласиз, шўро босқини натижасида 1920 йилда Бухорода амирлик тузуми ағдарилди. Амир Олимхон Афғонистондан бошпана топди, муҳожирликда яшади. Ўзи билан хорижга борганлардан ташқари, хотинлари ва қариндошларининг 64 нафари Бухорода қолиб кетди. Улар орасида уч ўғли ҳам бор эди.

Раҳимхон, Султонмурод ва Шоҳмурод исмли бу йигитчаларга большевиклар аввалига зиён етказишмади. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор, албатта. Амир Олимхон шўролар тузумига тиш-тирноғи билан қарши экан, уни ҳар томонлама маҳв этишда ўғилларидан қурол сифатида фойдаланиш мумкин эди.

— Амирнинг бу учала фарзанди дастлаб Москвадаги Бухоро маориф уйида таҳсил олишган, — дейди Бухоро шаҳридаги Ситораи Мохи Хосса музейи катта илмий ходими Наргиза Жумаева. — Шўро раҳбарлари Раҳимхон ва Султонмуродни матбуот орқали ўз оталарига қарши чиқишларини ташкил қилишга кўп уриниб кўришган. Аммо бу натижа бермаган.

Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, бу икки йигитнинг тақдири ғоят аянчли якун топди. Саййид Олимхон фарзандларининг Афғонистонга келишларини хоҳларди. Шу боисдан Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Муҳаммад Азизхонга мактуб йўллаб, шу масалада ёрдам сўрайди. Элчи Москвада Раҳимхон билан учрашиб, суҳбатлашади. Ўз навбатида Раҳимхон тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилиб, отасининг ҳузурига кетишга рухсат олмоқчи бўлади. Ҳатто элчихона ходимлари орқали отаси билан ёзишмалар қилади. Лекин ҳаракатлари зое кетади. Охир-оқибат хориждаги қора ниятли кучлар билан алоқа боғлаганликда айбланиб, халқ душмани сифатида отиб ташланади.

Генерал Шоҳмурод Олимов

Қаранг, Сталин қатағони халқимизнинг эртаси ойдай равшан бўлишини юрак-юракдан истаган Файзулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон каби жадиду маърифатпарварлар тугул Амир Олимхоннинг зиғирча айби бўлмаган фарзандини ҳам аяб турмаган.

Амирнинг тўнғич ўғли Султонмурод туғма ногирон эди. Бир оёғи фалаж бўлган бу йигит ногиронлигига қарамай, Москвадаги корхоналардан бирида ишлайди. Инглиз тилини ўрганади. Унинг ҳам бирдан бир орзуси отаси, ёр-биродарлари билан дийдорлашиш эди. Аммо у ҳам шўро душманининг ўғли, деган айб билан қамоққа олинади. Айрим манбаларда, Султонмуроднинг бу бедодликка қарши очлик эълон қилгани айтилади. Охири у ҳам жон таслим қилиб, бу хўрликлардан қутилди.

Кенжа ўғил Шоҳмуроднинг тақдири эса бошқача кечди.1922 йилда Бухоро Халқ Республикаси мутасаддилари уни бир гуруҳ ёшлар қаторида Германияга ўқишга жўнатишади. Мафкуравий қарашлардан келиб чиқиб, унга «Олимов Шоҳ Муротович», айрим манбаларда айтилишича, «Шоҳмурод Олимхонов», деб янги исм-шариф беришади.Табиийки, у Германияда немис тилини мукаммал ўзлаштиради. Ҳарбий соҳа кадри бўлмоқни ният қилади.

— Шоҳмурод 1929 йилда «Известия»газетасида «Бухоро амирининг ўғли отасига шундай дейди» сарлавҳаси остида мақола эълон қилади, — дейди Н. Жумаева. — Бу чиқишида у инсоният тарихида биринчи бор ўғил ўз отасини ошкора оқ қилганини айтади. Баъзи тарихчилар матбуотдаги бу чиқишига НКВД ходимларининг қўли бор, деган фаразни илгари суришади. Нима бўлганида ҳам бу мақола ўртадаги қон-қариндошлик ришталарини узиб ташлади. Ота-ўғилга учрашиш насиб этмади.

Шундан сўнг Шоҳмурод ҳарбий билим юртларидан бирига ўқишга кирди. Кейин эса Москвада ҳарбий-муҳандислик академиясида таҳсил олди. Иккинчи жаҳон урушида фашистларга қарши мардонавор курашди. Орден ва медаллар билан тақдирланди. 1944 йилда оғир ярадор бўлди. Бир оёғидан ажралди. Урушдан кейин ўзи таҳсил олган академияда фаолият юритди. Генерал даражасига кўтарилди. Суронли йилларда қатағонга учрамай, боши омон қолишида отасини оқ қилгани ҳақидаги ўша мақола ҳал қилувчи роль ўйнаган бўлса ажаб эмас.

Шахсий ҳаётига келсак, у оила қурган. Турмуш ўртоғининг исм-шарифи айрим манбаларда Лидия Михайловна дея қайд этилган. Бир қизи бўлган. Айтишларича, яқин танишлари билан ўтирганида бир оз ичгач, ота-онасини эслаб йиғлар экан.

— Шоҳмуроднинг онаси Муҳаррамойимга ҳам осон бўлмаган, албатта, — дейди Н. Жумаева. — Афғонистондаги Фоту қалъасида яшаётган пайтларида у Москвада ўқиётган ўғли Шоҳмурод билан дийдорлашиш учун рухсат сўраб, Қобулдаги шўро элчихонасига кўп бор мурожаат қилган. Аммо онаизорнинг илтижолари қумга сингган сувдек изсиз кетди.

Генерал Шоҳмурод Олимов Москвада вафот этди. Айрим манбаларда ўлими санаси ўтган асрнинг 70-йиллари, баъзи манбаларда эса 1985 йил, дея кўрсатилган.

Айтиш лозимки, Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхондан кўп зурриёд қолган. Биз кўриб чиққан манбаларнинг бирида 1998 йил ҳолатида унинг 12 ўғли ва 10 қизи турли давлатларда умргузаронлик қилаётгани айтилган. Айни дамда Туркия, Эрон, АҚШ, Канада, Саудия Арабистони ва Европа давлатларида амир сулоласининг тахминан 500 нафар вакили бор.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?