Ўз ҳамёнидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаб Бухородаги қадимий карвонсаройни реставрация қилган уста нимадан ташвишда?

12:15 17 Декабрь 2021 Жамият
1251 0

Фото: «Халқ сўзи»

Қадимий Бухородаги мўъжаз устахоналардан бирига Фирдавс исмли бола кунора келиб, девордаги суратларни узоқ томоша қиларди. Бу ҳол ижод билан машғул миниатюрачи рассом Давлат Тошевнинг эътиборини тортмай қолмади. Боланинг мусаввирликка қизиқишини пайқаб, унга бир қути қалам совға қилди. Сурат чиздириб кўрди.

— Жуда иқтидорли бола экан, — дейди бундан бир неча йил аввалги шу кичик воқеани эсларкан Давлат Тошев. — Унга “Мактабдаги дарсларинг тугагач, ҳар куни шу ерга келиб шуғулланишинг мумкин”, дедим. Ҳозир Фирдавс 16 ёшда. Тиришқоқ. Изланувчан. Бу шогирдимдан умидим катта. У сабаб менда “Устоз-шогирд” болалар амалий санъат марказини очиш фикри туғилди.

Марказга Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2019 йилнинг 10 январь санаси билан  гувоҳнома берилди. Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳунарманд учун айни муддао бўлди. Вилоят ва шаҳарнинг ўша пайтдаги раҳбарлари уни қўллаб-қувватлашди. Марказга  XIX асрда бунёд этилган Жўрабек карвонсаройи бошпана сифатида ажратилди.

Лекин қадимий карвонсаройнинг ичига киришга юрак бетламасди. Йиллар давомида қаровсиз тургани боис у  жуда абгор аҳволга тушиб қолганди. Ҳоли забун тарихий обиданинг умрига умр қўшиш, уни асраб-авайлашнинг ягона йўли эса  реставрация эди. Мусаввир шу қийин ишга жазм этди. Хорижий давлатларда бешта шахсий кўргазмасини ўтказиб, 250 минг АҚШ доллари миқдорида даромад қилди ва шу пулни қадимий карвонсарой реставрациясига сарфлади. Бир ярим йил давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг аждодлардан ёдгор гўшага файз кирди. Шу тариқа кўҳна обида асраб қолинди. Айни дамда марказ шу ерда фаолият юритмоқда. Ўттиз нафардан зиёд ўғил-қиз  Давлат ака ва унинг қизларидан миниатюра ҳамда наққошлик санъатлари, қадимий китобларни реставрация қилиш, ипак матога нақш тушириш сир-асрорларини ўрганишяпти.

— Мусаввирликни акам, устозим Даврон Тошевдан ўрганганман, — дейди суҳбатдошимиз. — Марказни эса фойда кўриш эмас,  тарихи минг йилларга бориб тақаладиган ҳунарларни иқтидорли болаларга текинга  ўргатиш учун очганман. Асли англиялик, айни дамда Испанияда яшаётган бир ҳунарманд дўстим ўзининг мактаби билан таништираётиб, “Болалар — бойлигим”, деганди. Биз ҳам иқтидорли, аммо эътибордан четда қолган ўғил-қизларнинг салоҳиятини юзага чиқаришни мақсад қилганмиз. Эшитмайдиган, гапира олмайдиган, аммо истеъдоди бор 8 нафар бола ҳам шогирдларим қаторида мусаввирликни ўрганмоқда. Миниатюра санъатига чет элликларнинг ҳам қизиқиши катта. Ҳатто жорий йилда Франциянинг Ансе университети уч талабаси  марказимизга келиб, биздан сабоқ олиб кетди.

Дунёнинг 26 давлатида шахсий кўргазмаларини ўтказган мусаввир ҳар бир асар устида қунт билан ишлайди. Мавзуни Умар Ҳайём, Алишер Навоий шеъриятидан олади. Тасаввуфдан илҳомланади. Боз устига у қадимий усулда қоғоз тайёрлайди, китобларни реставрация қилиш устаси ҳам. Таъкидлашича, тасвирдаги ҳар бир нақш, барг, шамол, гулнинг ўз айтар сўзи бор. Шу боис юракдаги ҳис-туйғу, фикрларни жамлаб, қоғозга туширишга интилади. 

Ана шундай ижод оғушидаги инсонни кутилмаган ташвишлар безовта қилаётганидан хабар топиб, очиғи, афсусландик .Гап марказ жойлашган қадимий карвонсарой ҳақида.У ҳунармандга 30 йил муддатга берилган эди. Аммо ижара маркази вакиллари Д. Тошевга уч томонлама шартнома тузиш, шунга мувофиқ, маданий мерос объектидан беш йил давомида бепул фойдаланиб, кейин эса ижара пули тўлаш лозимлигини айтишмоқда.

— Биз марказда болаларга миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини бепул ўргатаяпмиз, қадимий карвонсаройни асраб-авайлаш орқали сайёҳлик равнақига ҳисса қўшаяпмиз, — дейди мусаввир. — Бу юмушларни фойда кўриш учун қилаётганимиз йўқ. Чамаси, мавжуд қонунчиликда ҳам англашилмовчиликлар бор. Чунки бу нафақат биз, балки маданий мерос объектларида фаолият кўрсатаётган кўплаб ҳунармандларни ташвишга қўяётган масаладир. Унинг ечими топилишидан умидвормиз.

Фикримизча, Давлат Тошев ҳақ. Ҳунарманд ўз ҳамёнидан миллиардлаб сўм маблағ сарфлаб, хароба ҳолга келган, йўқолиб кетиш даражасига тушган қадимий карвонсаройни реставрация қилса-ю, яна ундан ижара пули сўрашса, шу адолатданми?! Ахир кўҳна Бухоронинг тор кўчаларини яёв кезган ҳар қандай киши ўз кўзи билан гувоҳ бўлади: таъмирталаб, қаровга муҳтож, нураб бораёзган тарихий ёдгорликлар оз эмас. Шундай пайтда “Кошкийди, Давлат Тошевдек юртсевар, юраги “жиз” этадиган инсонлар кўпайса”, деган фикр кўнгилдан кечади.

Бинобарин, маданий мерос объектларини ўз ҳисобидан таъмирлаётган, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган, ёшларга ҳунар сирларини беминнат ўргатаётган, халқ амалий санъатини дунёга танитаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш, улар ташвишини енгил қилиш ҳаётий заруратдир!

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер