Ўттиз йиллик фаолият таҳлил қилинди

14:48 02 Август 2022 Жамият
286 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон шаҳрида «Бобур номидаги халқаро жамоат фонди: изланиш, натижа ва режалар» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Юртимиз бобуршунос олимлари билан бир қаторда Эрон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Канада ва Ҳиндистон давлатларидан ҳам мутахассислар иштирок этган анжуманда халқаро жамоат фонди томонидан ўтган ўттиз йил давомида олиб борилган ишлар таҳлил қилинди.

— Фонд қошидаги илмий-экспедиция таркибида қирққа яқин халқаро сафарларда бўлдик, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қамчибек Кенжа. — Африка қитъасидан Ҳиндихитой ярим ороли, Европа-Америка давлатларигача салкам 420 минг километрдан ортиқ масофа автомашинада босиб ўтилди. Ватанимизда туғилиб, кейинчалик тақдир тақозоси билан хорижда яшаган, жаҳон илми ва адабиётининг тамал тошини қўйган ўндан зиёд улуғ аждодларимизнинг сўнгги манзиллари зиёрат қилинди ва уларнинг ҳолати ўрганилди. Афғон юртида қаровсиз қолиб, деярли харобага айланган мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод каби буюкларимиз қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида, бугунги кун талаби даражасида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Мингдан зиёд ноёб китоб ва нодир қўлёзма асарлари Андижонга олиб келинди ва ҳозирда улар «Бобур ва жаҳон маданияти» музейида сақланмоқда.

Бугунги кунга келиб фонднинг Қирғизистон, Афғонистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Швеция ва бошқа хорижий давлатларда бўлимлари мавжуд. Улар кўмагида «Бобурнома» мемуар асарини 30 дан зиёд тилларга таржима қилишга, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг ҳаётига оид 60 дан ортиқ китобларнинг чоп этилиши ҳамда 30 та видеофильм суратга олинишига эришилди.

Маълумки, шу пайтгача Бобур асарлари яхлит тарзда нашр этилмаган эди. Фонд томонидан олти жилдлик «Куллиёт» тўпламининг босмадан чиқарилиши конференция иштирокчилари учун муносиб совға бўлди. Анжуман доирасида ушбу тўплам тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер