Ўтган йили кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни муомалага киритиш билан боғлиқ 138 та жиноят иши кўриб чиқилган — Олий суд

08:31 28 Ноябрь 2021 Жамият
1244 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 2021 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди.  

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар видеоконференцалоқа режимида иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни амалга оширилишнинг процессуал тартибини такомиллаштириш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг «Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида», «Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти», «Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан аҳолининг соғлиғини сақлаш, жисмонан соғлом, ақлан баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, дори воситалари, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.

Бироқ олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга тўсқинлик қилувчи айрим турдаги жиноятлар сони сезиларли даражада ортиб бораётгани ғоятда ачинарлидир.

Хусусан, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласи билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган жиноятлар шундай ижтимоий хавфли қилмишлар тоифасига киради. Албатта, бунинг учун Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий жавобгарлик белгиланган.

Судлар томонидан 2019 йилда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилмаган бўлса, 2020 йилга келиб, ушбу тоифадаги қилмишлар билан боғлиқ жами 213 нафар шахсга нисбатан 138 та жиноят иши кўриб чиқилган, шундан 186 нафар шахсга нисбатан 124 та ёки 87,3 фоиз айблов ҳукми чиқарилган. Судланганларнинг 86 нафари ёки 46,2 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 98 нафари ёки 52,7 фоизини 60 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Бу эса, мазкур тоифадаги жиноятларни содир этган шахслар ва уни муомалага киритишдан манфаатдор томонларнинг жиноятларни яширишга қаратилган ҳамда олдиндан пухта режалаштирилган ҳолда ҳаракат қилганидан далолат беради.

Шу муносабат билан Жиноят кодексининг «Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик» учун жавобгарлик белгиланган 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш)га жиноий таъқибнинг таъсирчанлигини ошириш борасида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 августдаги қонуни билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Қонунчиликка бундай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шунингдек, суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш чоғида айрим масалалар юзага келганлиги Олий суд Пленумининг «Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини қабул қилишни тақозо этди.

Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, аввало, ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўриш бўйича суд амалиёти умумлаштирилди, амалда бўлган Олий суд Пленуми қарорлари, Жиноят кодекси, шунингдек, дори воситалари, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ қонун ва қонун ости ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Ушбу Пленум қарорида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер