Ўтган йил Қашқадарёда юқумли касалликлар билан хасталаниш уч фоизга кўпайган

17:19 01 Апрель 2024 Жамият
203 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳонгир Боймуродов/«Халқ сўзи». Ўтган 2023 йил давомида Қашқадарё вилоятида жами 49 минг 676 нафар киши (яъни ҳар 100 минг аҳолига 1 минг 426 нафар) юқумли касаллик билан касалланган. Касалланиш кўрсаткичи 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2023 йилда 1 минг 527 нафар (3 фоиз)га ошган.

Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали бош шифокори Ҳамза Эрназаров айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, ўтган йилда қизамиқ, ўткир ичак инфекцияси, ичак лямблиози, жигар циррози, сурункали бруцеллёз ташхиси билан мурожаатлар кўпайган.

— Бунинг асосий сабабларидан бири, айрим кишиларнинг эмлашларни тўлиқ ва белгиланган тарзда олмаслигида, — дейди шифокор. — Масалан, ўтган йили қизамиқ касаллиги кўп қайд этилди. Бу касаллик билан мурожаат қилганларнинг асосий қисми уйда туғилган ва бу турдаги касалликка қарши эмланмаган болалар ҳисобланади.

Ҳамза Эрназаровнинг қайд этишича, аҳоли орасида ўтказилаётган экспресс-тестлар, сайёр тиббий кўриклар ҳамда чекка ҳудудларда ҳам касалликларни замонавий технологиялар ёрдамида ўз вақтида аниқлаш имкониятининг яратилаётгани ҳам касалликлар кўрсаткичининг ошишига сабаб бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?