Отасининг бойлигидан воз кечган амир

09:07 25 Январь 2021 Жамият
1232 0

Иллюстратив фото

Тарихимиз бениҳоя бой. Уни тубида инжулар ётган денгизга менгзаш мумкин. Афсуски, узоқ йиллар бу инжулардан бехабар қолдик. Хусусан, шўро мафкураси бу йўлда оёққа тушов бўлди.У ўтмишимизни қора бўёқларда кўрсатиб, аждодларимизни саводсизга, қолоққа чиқарди. Шоҳу амирлар юзига лой чаплади.

Ваҳоланки, тарихимизда адолатли, маърифатпарвар, элпарвар, одил, оёғи ердан узилмаган ҳукмдорлар ҳам кўп бўлган. Улардан бири Амир Маъсум Шоҳмуродхондир.

— Шоҳмуродхон 1785 — 1800 йилларда Бухорони бошқарган, — дейди Ситораи Мохи Хосса музейи катта илмий ходими Наргиза Жумаева. — У тариқат йўлига кирган сўфи амир бўлади. Ўзидан аввал Бухорога 27 йил ҳукмдорлик қилган отаси Амир Дониёлхоннинг бойликларидан воз кечиб, эл қатори оддийгина яшайди. Ҳеч кимдан туҳфа олмаган. Оддий кийинган. Ҳатто ўз номини хутбада зикр қилишни тақиқлаган. Инсоний фазилатлари учун унга халқ «Амири маъсум» яъни «Бегуноҳ амир» деган ном берган.

Манбаларда айтилишича, унинг энг катта хизматларидан бири Самарқанд шаҳрини қайта тиклаганидир. Гап шундаки, 1723 йилда Самарқандга Таваккалхон, 1740 йилда Нодир шоҳ бошчилигида босқин уюштирилади. Бой ва гўзал шаҳар талон-тарож қилинади. Бойликлари олиб кетилади. Боз устига вабо тарқалади. Шаҳар кўчалари ҳувиллаб қолади.

Тақдирнинг иноятини қарангки, ёш ва куч-ғайратга тўлган Шоҳмуродхон Самарқандга ҳоким бўлади. Тадқиқотчи Иноятулла Сувонқуловнинг «Самарқанд қадамжолари» рисоласида ёзилишича, ана шундай оғир шароитда Шоҳмуродхон шаҳарни қайта тиклашга бел бойлайди. 24 та янги маҳалла ва уларда масжидлар барпо этиб, кетганларни ортга қайтаради, турли жойлардан одамларни Самарқандга кўчириб олиб келади. Шаҳарда яна ҳаёт қайнайди.

Шоҳмуродхон бу каби эзгу ишларни нафақат Самарқанду Бухоро, балки амирликнинг бошқа гўшаларида ҳам амалга оширган. Бинобарин, элпарвар ҳукмдорларнинг ҳаётини чуқур ўрганиш, эзгу ишларидан аҳоли, хусусан, ёшларимизни хабардор қилиш, бадиий асарлар, кинофильмлар яратиш фойдадан холи эмас. Зеро, инсон қадру қиммати унинг бойликлари билан эмас, эзгу, хайрли ишлари билан ўлчанади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?