Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

20:43 14 Октябр 2022 Сиёсат
1043 0

XXI асрда инсоният турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Ҳозирги пайтда улкан молиявий-иқтисодий, илмий ва интеллектуал салоҳиятга эга ҳамда 4.5 миллиарддан зиёд аҳоли яшайдиган Осиё қитъаси мамлакатлари ҳам жиддий хатарларга дуч келмоқда.

Осиё давлатларида экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги, изчил ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ қатор жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда. Шу боис ҳам мазкур соҳалардаги долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича кучларни мувофиқлаштиришда турли халқаро тузилмаларнинг самарали фаолияти ҳаётий заруратга айланиб бормоқда.

Бу борада Ўзбекистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашига аъзолиги мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташқи сиёсатни амалга оширишда янги имкониятларни яратади, деб ўйлайман.

Хўш, улар қандай имкониятлардан иборат? Аввало, мазкур Кенгаш Осиёда давлатлараро муносабатлар ва хавфсизликни таъминлашдаги турли муаммоли масалалар бўйича илғор ташаббусларни илгари суришда амалий мулоқот платформаси сифатида аҳамиятли. Айниқса, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, йирик инфратузилма лойиҳалари бўйича ташаббусларини амалга оширишда қўшимча механизмларни яратади. Зеро, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш Осиё минтақасидаги барқарорликнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини Осиё давлатларида ҳам изчил амалга оширишда ҳамда ишлаб чиқилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция бўйича амалий ҳамкорликнинг янги ўзаро манфаатли йўналишлари вужудга келади.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантириш устувор масала этиб белгиланган. Шу жиҳатдан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашига аъзо давлатлар билан ўзаро иқтисодий ва савдо алоқалари салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун қулай замин вужудга келади.

Экологик хатарларни, айниқса, Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда янги шарт-шароитлар пайдо бўлади.

Шу билан бир қаторда, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлар ўртасида турли йўналишларда ҳамкорликда фаолият юритиш, ҳали ишга солинмаган имкониятларини излаб топишда амалий мулоқот майдони пайдо бўлади.

Фан, таълим соҳалари ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик борасида мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг Кенгаш доирасидаги мувофиқлаштирувчиси бўламиз. Жумладан, халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, туризм бўйича форумларни ташкил этиш учун қулай замин яратилади.

Хусусан, Кенгашнинг Душанбе саммитида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифи киритилди. Шу нуқтаи назардан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Осиё мамлакатларида ўзининг муносиб имижини янги босқичга олиб чиқади.
Сайфиддин ЖЎРАЕВ,

Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори,

сиёсатшунослик фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер