Ортиқча солиқ тўловларини ҳисоблашнинг янги тизими — қандай тизим? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

17:16 15 Октябр 2020 Иқтисодиёт
403 0

АОКА залида Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Назаров иштирокида ўтказилган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди:

Савол: Ортиқча солиқ тўловларини ҳисоблашнинг янги тизими — қандай тизим?

Жавоб:  Ортиқча солиқ тўловларини бошқа турдаги солиқ қарзларига сингдириш амалиёти соддалаштирилди.

Эски тизимдаги 8️ босқичли жараёнда тадбиркорлик субъектларининг 1️0 кундан ортиқ вақти сарфланган.

2020 йил 1 октябрдан мутлақо янгича тизим ишга туширилди:

Янги тизим қуйидаги афзалликларга эга:

— эски тизимдаги 8 босқич ўрнига соддалаштирилган уч босқичли бир иш кунида амалга ошириладиган янги тизим яратилди;

— жараён тўлиқ автоматлаштирилиб, инсон омили иштироки чекланиши оқибатида коррупцион муҳитни бартараф этиш имкони яратилди;

— солиқ тўловчи уйидан ёки офисидан чиқмаган ҳолда шахсий кабинет орқали солиқлардан мавжуд ортиқча тўлов суммасини, бошқа солиқ туридаги қарздорлигига ҳисобга олишни белгилаб бериш имкони яратилди;

— солиқ органида солиқ тўловчи томонидан белгилаб берилган солиқлардан мавжуд ортиқча тўлов суммасини бошқа солиқ туридаги қарздорлигига ҳисобга олиш тўғрисида хулоса (қарор) автоматик равишда шу куннинг ўзида шаклланади;

— шаклланган хулоса (қарор) келиб тушган кундан кечикмасдан солиқ органи томонидан имзоланади;

— солиқ органи хулосаси имзоланган заҳоти автоматик равишда электрон тарзда ижро учун Ғазначилик идораларига юборилади;

— мазкур жараённи реал вақт режимида кузатиб бориш, назорат қилиш ҳамда мониторингини олиб бориш имкони яратилди;

— электрон хулоса (қарор) расмийлаштирилган куннинг ўзида ҳисобга олиниши белгиланган ортиқча тўлов миқдорида солиқ қарзига нисбатан Солиқ кодексининг 110-моддаси талабларига мувофиқ, пеня ҳисобланиши тўхтатилади.

Савол: Ўзим яшайдиган хусусий уйдан дорихона очмоқчи эдим. Лицензия олишим учун нотурар жой деган кадастр ҳужжати бўлиши керак экан. Менинг ҳужжатим эса турар жойга мўлжалланган. Қандай қилсам бўлади?

Жавоб:  Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарорига асосан фармацевтика фаолияти хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилмаган.

Шу сабабли сиз Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида «Давлат хизматлари маркази»да юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

Бу солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олиш учун асос бўлади ва автоматик равишда рўйхатга қўйилади. Турар жойни нотурар жойга ўтказиш ҳам ушбу марказда ариза бериш орқали амалга оширилади. Юридик шахснинг солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади:

1 млрд сўмдан ошмаган бўлса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашни назарда тутувчи махсус солиқ режимида;

1 млрд сўмдан ошган тақдирда, солиқ солиш режимининг умумий тартибида солиқларни тўлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?