Ортиқча сарсонгарчиликларнинг олди олинади

19:29 22 Май 2023 Сиёсат
416 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида дастлаб “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ишлар суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ягона суд амалиётини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келаётган айрим муаммо ва қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда бир қатор янгиликлар ўз аксини топмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Депутатларнинг фикрича, адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. “Адолат” СДП ҳам суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдори. Шу боис, фракция аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?