Ўртада сарсон "ишонч". Ёхуд почтанинг бизга таниш "кароматлари" (фельетон ўрнида)

14:07 01 Февраль 2021 Жамият
331 0

Иллюстратив фото

30 январь куни «Интересно» телеграмм каналида Испанияда почта ходими етказилмаган хат-хабар учун 9 йил қамоқ жазосига ҳукм этилишини ўқиб қолдим. Испан қонунчилигини жоҳилликда айблаб, мазкур ҳужжат аллақачон қабул қилинган, кейинчалик ҳамманинг эсидан чиқиб кетган бўлса керакда, дея ўзимга тасалли бериб турганимда мобил телефонимга СМС хабар келди:

«Ҳурматли газ истеъмолчиси! Сизнинг истеъмол қилинган газдан қарздорлигингиз 388338.96 сўмни ташкил этмоқда. Ҳисоблагич тармоқдан узилишини маълум қиламиз» деб ёзилган.

Яқинда, яъни 5 январь куни «ақлли ҳисоблагич» ўрнаттириб, 11 январь куни 400 минг сўм, 25 январда эса 150 минг сўм тўлаган эдим. Хомаки ҳисобимга кўра 100 минг сўмдан ортиқ олдиндан тўловим бўлиши керак. Ўзим билган «104» рақамига қўнғироқ қилдим. Диспетчер тўлов ва ҳисоб китоб масаласи билан шуғулланмаслигини айтиб, душанба куни келиб орани очишни тавсия қилди. Икки кун газсиз қоламизми, деган саволимга «буёғини билмадим, вақтида тўлаш керак эди», деди совуққина қилиб.

Ҳудудимизнинг газ устасига, унинг маслаҳати билан Абдусаттор исмли йигитга чиқдим, бефойда — «ҳисоблагич ақлли» инсон омили, ташқи таъсир аралаша олмайди. Душанба куни орани очасиз, деган жавобни олдим.

Душанбагача ҳали бир ярим сутка вақт бор эди. Қолаверса, пулни тўлаб яна газсиз ўтириш алам қилади, кишига. «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиевага қўнғироқ қилдим. Зебонинг ёрдами билан Кармана тумани газ идорасидан Суннат исмли йигитнинг телефон рақамини олиб, ундан 25 январь кунги 150 минг сўм тўловим тушганлиги, 400 минг сўм эса «кўринмаётганлиги»ни билиб олдим.

Шундан сўнг «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг Навоий вилояти АЖ Навоий вилояти филиали ҳисобчиси билан боғландим. Тўловни «скриншот» қилиб, телеграмига ташлаб бердим. Ниҳоят, орадан бирор соат ўтиб, мазкур идорадан ҳам душанба куни «разбор» қилишлари ҳақидаги умидбахш жавобни олгач, ёлғиз илинж «ақлли ҳисоблагич»нинг марҳаматига қолганлиги маълум бўлди.

Хуллас, шанба куни соат 14.40да бошланган тортишув, тушунтириш, тўлов қоғозларини етказиш машмашалари соат 17.44да ҳеч бир натижасиз якунига етди. Бу орада Учқудуқдан туман газетаси бош муҳаррири Райҳон Қодирова қўнғироқ қилиб, телефоним доимий банд бўлаётганлигидан нолиб, тинчликми, деб сўради. Тўлиб тургандим, дардимни тўкиб солдим.

— Нимасини айтасиз, мана бизлар ҳам газетангизга 2021 йил учун обуна бўлганмиз, лекин январь тугаяпти, ҳали бирорта ҳам сонини олганимиз йўқ, — дея Р. Қодирова таскин берган бўлди. — Олис овулларнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Почтага ўзи ишонч қолмади.

Орага сукунат чўқди. Обуна бўлиб бир ойдан буён газетасини ололмаётган кишиларнинг маломати, сарсон-саргардонлиги, асаббузарлиги кўз олдимга келди.

Дарвоқе, бугун, яъни келишилганидек душанба куни почтага бордим. Мендан 11 январь куни 400 минг сўм тўловни қабул қилган қиз узоқ вақт қоғозларни титкилади. Кейин бошқа ходимлар билан гаплашиб, «узр, сиз Кармана туманидан экансиз. Биз аслида Кармананинг тўловини қабул қилмаймиз, ҳозир ўтказиб берамиз», дея жавоб қилди. Ярим соатча урингач, «Узр, база ишламаяпти. Сиз бораверинг, биз база ишласа, тўловингизни ўтказиб, сизга телефон орқали жавобини айтамиз», деди. Мен тўлов амалга оширилмагунча ҳеч қаерга кетмаслигимни, уларга ишонч қолмаганлигини айтганимдан сўнг, унда бирор жойдан тўлай қолинг, дея 408 минг сўм(саккиз минг сўм почта хизмати ҳақи олинганди) нақд пулни қўлимга тутқазди.

Тўловни газ идорасининг ўзида амалга оширдим. Шу баҳона ўзаро ҳисоб-китоб ҳам қилдик — 120 минг сўмдан ортиқ олдиндан тўловим вужудга келди. Лекин пулини тўлаб ҳам, кейин бировларнинг қошу қовоғига қараб қолишинг кишига алам қилар экан. Қолаверса, йўқотилган ишончни тиклаш анча мушкул юмуш.  Лекин испанлар анча қаттиққўл деган фикрдан қайтганим йўқ.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер