Ўртада «Хитой девори» бўлмаслиги керак!..

10:49 24 Ноябрь 2020 Жамият
375 0

Айни пайтда Фарғона вилоятида 3415 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларга 301 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда 13 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатади.

2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида вилоятдаги 411 та кўп қаватли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, бунинг учун 11 млрд. сўм маблағ (7,8 млрд. сўм республика бюджети, 3,2 млрд. сўм тижорат банклари кредити) сарфланиши белгиланган.

Афсуски, бугунги кунда вилоятдаги 282 та ширкатларнинг 80 млрд. 731 млн. сўм кредит қарздорлиги мавжуд. Вилоятда 2020 йил учун ширкатларга куз-қиш мавсуми тайёргарлиги учун 3 млрд. 253 млн. сўм кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 1 млрд. 855 млн. сўм кредит берилди.

Фарғона шаҳридаги «Фарғона Маҳлиё Коммунал Плюс» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати Алишер Навоий МФЙ ҳудудидаги 21 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатади.

Ширкат бош ҳисобчиси Чарос Камчиеванинг қайд этишича, кўп йиллар давомида ширкат шаҳардаги энг намунали хизмат кўрсатувчи ширкатлардан бири ҳисобланади. Аммо ҳудуддаги 956 та хонадон эгаларининг барчаси ҳам зиммаларидаги масъулиятни англаб етавермайди. Шу боис бугунги кунда уй эгаларининг ширкатдан бўлган қарзи 100 миллион сўмдан зиёдроқни ташкил этади.

Чарос Камчиева куюнчаклик билан йиллар мобайнида ширкатдан бўлган катта қарзини тўламай келаётган баъзи хонадон эгаларини санаб ўтди. У томонидан юритилган қарздорлар рўйхатига кўра, кўп қаватли уйларни сақлаш харажатлари учун белгиланган нарх бўйича ширкатга узоқ йиллар давомида 1,5, 2, ҳатто 3 миллионгача қарзини тўламай келаётган уй эгалари кўпчиликни ташкил этади. Афсуски, ўртада «Хитой девори» бор. Бу ишончсизликми ёки масъулиятсизлик. Ҳозирча буни изоҳлаш қийин бўлмоқда?

Ширкатда чилангар, электрик ва сантехник сингари 4 нафар малакали мутахассислар фаолият кўрсатади. Бу йил куз-қиш мавсуми тайёргарлиги ишлари учун 500 млн. сўм кредит сўралган эди. Аммо «Ипотекабанк»нинг Фарғона филиали томонидан ширкатга 200 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди, холос.

- Биз уйларни сифатли сақлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун астойдил ҳаракат қиламиз,-дейди Ч. Камчиева. – Аммо бу меҳнатнинг қадр-қиммати йўқ. Қарзи кўп хонадон эгаларининг аксарияти уйига ижарачи қўйган. Ҳар ойда даромад олади, лекин қарзини тўламайди. Аксинча ёлғиз пенционерлар масъулиятли, ойма-ой тўловни амалга ошириб келишади.

Мақолани тайёрлаш жараёнида Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарлари ҳамда баъзи туманларда ўзига хос кичик сўровнома ўтказилди. Сўровнома иштирокчиларининг қарийб 40 фоизи ўзи яшайдиган ҳудудда хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти, ўзаро муносабатларнинг қонуний асослари, хизмат тарифларини шакллантириш мезони сингари тартиб-тамойиллар бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Шу маънода, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун шакллантириладиган тарифлар ўртасидаги номувофиқликни ҳам бир кўриб чиқиш керак. Боиси кўп қаватли уйларни сақлаб туриш харажати учун белгиланган нарх ўттиз йил олдинги эски уй ва яқинда қуриб битказилган замонавий уй-жой учун ҳам бир хил миқдорда шакллантирилган. Вилоятдаги катта қарзи бор ширкатларнинг аксариятида тўлов қобилияти паст, қарзни ундириш жараёни йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда.

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари тажрибаси асосида ширкатлар ўрнида замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатувчи ихтисослашган бошқарув сервис компаниялари ташкил этилди.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида ҳам 13 та бошқарув сервис компаниялари фаолияти йўлга қўйилди. Шу боис ушбу соҳа истиқболини айнан бошқарув сервис компаниялари фаолияти билан боғлаш ўринли бўлар эди. Яна қайдам...

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?