Оролбўйида яна бир ижтимоий шаҳарча барпо этилди

16:37 11 Март 2022 Жамият
516 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида ижтимоий шаҳарча фойдаланишга топширилди. Бу юртимизда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмай, орзу-мақсадлари рўёбига кўмаклашишга қаратилган инсонпарварлик сиёсатининг яна бир ёрқин ифодасидир.

8 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилган ушбу шаҳарчада оилаларнинг бекаму кўст яшаши учун барча шароит яратилди. Болалар боғчаси, тикувчилик ўқув маркази, оилалар учун алоҳида иссиқхоналар, дорихона, спорт зали ва майдончаси, кутубхона, дўкон, сартарошхона, пойабзал тикиш устахонаси ва бошқа бир қатор маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. Бундан ташқари бу ерда Тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш маркази ҳам ташкил қилинган бўлиб, шу жойнинг ўзида боқувчисини йўқотган кексаларга сифатли ижтимоий хизмат кўрсатилади.

— Шаҳарчага кўчиб келишимиздан аввал ўн беш йил давомида ижарада яшадик, — дейди Дилноза Раҳмонқулова. — Бу орада бир фарзандим мия саратони билан касалланиб, ҳаётдан кўз юмди. Шундан сўнг уй-жой қилишга шароитимиз бўлмади, турмуш ўртоғим ҳам хасталаниб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолди. Дунё кўзимизга қоронғи бўлиб, қийналиб юрган кезларимизда бизга шу шаҳарчадан уй беришди. Шароити ҳавас қиларлик даражада. Ҳозирги кунда бир фарзандимиз билан ёруғ кунларга етганимизга шукр қилиб яшаяпмиз. Шаҳарчада бир сотихлик иссиқхона ҳам берилди. Бу билан рўзғоримизни бутлашга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда бир неча уй-жойга муҳтож аёлларга янги турар жойлар калитлари тантанали равишда топширилди.

Ижтимоий шаҳарчанинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов иштирок этди.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?