Орол муаммоси — дунё муаммоси. Уни жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда бартараф этамиз.

10:18 25 Май 2021 Сиёсат
1334 0

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тутган ўрни тобора мустаҳкамланиб, ўз сўзига эга бўлиб бораётгани ҳар биримизни беҳад қувонтиради. Яқинда дунё бўйлаб тарқалган яна бир хушхабар — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган таклиф асосида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг бир овоздан қабул қилингани барчамизга ғурур ва ифтихор бахш этди.

Дарҳақиқат, мазкур таклиф Президентимиз томонидан изчиллик билан илгари суриб келинаётган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусни 2018 йил август ойида Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи-давлатлар раҳбарлари йиғилишида илк бор ўртага ташлаганди. Ўтган йилнинг сентябрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаган Юртбошимиз мазкур нуфузли халқаро тузилмага аъзо давлатларни шу масала бўйича махсус резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирди. Бу шунчаки чақириқ бўлмасдан, унда бўлажак резолюциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўлиқ очиб берилди. Яъни мазкур ҳужжатда юқори технологияли инновациялар, экологик тоза, энергия ҳамда сувни тежайдиган технологияларни яратиш ва татбиқ қилишга инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароит яратиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг қўллаш, тупроқ деградацияси, чўлланиш ҳамда экологик миграциянинг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш сингари ўта долзарб масалаларга доир чора-тадбирлар қамраб олиниши кераклиги айтилди.

Қисқа вақтда юртимизда ана шу ғояни юзага чиқариш мақсадида дадил қадамлар ташланди. Тегишли вазирликлар, хориждаги элчихоналаримиз ва БМТдаги доимий ваколатхонамиз томонидан қатор идора ҳамда ташкилотлар билан биргаликда бу борада кенг кўламли ишлар бажарилди. Масалан, 2019 йилнинг 25 октябрида Нукусда бўлиб ўтган «Орол денгизи минтақаси — экологик инновация ва технологиялар ҳудуди» мавзуидаги халқаро конференцияда илк бор резолюция лойиҳаси тақдим этилди.

Кейин барча дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан резолюциянинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида БМТга аъзо давлатлар билан музокаралар ўтказилди. Турли форумлар, БМТ асосий тузилмаларининг ялпи ва махсус йиғилишларида унинг долзарблиги бот-бот такрорлаб келинди. Шу билан бирга, резолюция матнини келишиб олиш учун БМТ аъзоларини кенг жалб этган ҳолда қатор норасмий маслаҳатлашувлар ҳам ташкил қилинди.

Ана шу жараёнларда ушбу ҳужжат лойиҳаси Осиё — Тинч океани минтақаси, Европа, Африка, Лотин ҳамда Шимолий Америка давлатлари делегациялари томонидан юксак баҳолангани ва у нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам муҳимлиги таъкидлангани, айниқса, эътиборга молик.

Резолюцияга дунёнинг 60 га яқин давлатлари ҳаммуаллиф бўлгани ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси қанчалик долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб турибди.

Шундай қилиб, мазкур ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида бир овоздан қабул қилинди. Бу бизга катта фахр ва ифтихор бағишлаши билан бирга, унда белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда улкан масъулият ҳам юклайди.

Минтақадаги тикланиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган

Резолюцияда кенг кўламли вазифалар қамраб олинган бўлиб, аслида бу борадаги саъй-ҳаракатлар Шавкат Мирзиёев Президент ваколатига киришган дастлабки кунларданоқ бошлаб юборилганлигидан кўпчиликнинг хабари бор.

Хусусан, Оролбўйида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, бугунги ҳамда келгуси авлодлар учун беғубор табиий муҳитни сақлаб қолиш, наботот ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш муаммоларини изчил ҳал этиш, биологик хилмахиллик қисқаришининг олдини олиш, иқлим ўзгариши салбий оқибатларига қарши курашиш, трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш, айниқса, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар бир зум бўлсин тўхтагани йўқ.

Олиб борилаётган эзгу амалларнинг аҳамиятини англаш учун яқин ўтмишга бир назар ташлаш кифоя. Яқин-яқингача сайёрамиздаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизининг қуриши дунёдаги йирик экологик фожиалардан бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун бир қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқарди.

Бир пайтлар балиқчилик саноати ривож топган Оролбўйи ҳудудидаги серҳосил ерларда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, мўйначилик учун ҳам барча шароит мавжуд эди. Бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳолининг турмуш шароитида муҳим аҳамият касб этиб келган. Афсуски, инсон омили туфайли ўтган асрда бу ерда мавжланиб турган бутун бошли денгиз ўрнида майдони 5,5 миллион гектарга тенг «Оролқум» саҳроси пайдо бўлди. Бугун ундан кўтарилаётган қум ва туз бўронлари бир неча минг километр масофагача етиб боряпти. Ҳатто, унинг заҳарли тузлари Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонлари ва Ер сайёрасининг бошқа кўплаб нуқталарида ҳам топилмоқда.

Орол фожиаси минтақа иқлим шароитини оғирлаштириб, ёз даврида қурғоқчилик ҳамда жазирамани кучайтириш, қишда эса қақшатқич совуқ кунларни узайтириб юборишдан ташқари, қатор иқтисодий, ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Шу жумладан, транспорт, балиқчилик, чорвачилик ва мўйначилик ҳамда бошқа анъанавий фаолият турлари буткул инқирозга учради ва юз минглаб одамлар ишсиз қолди. Натижада экологик миграция жараёнлари авж олди.

Орол фожиаси ҳудуд аҳолиси саломатлигига жиддий таҳдид солаётгани ҳам сир эмас. Аҳоли орасида камқонлик, буйрак, жигар, ошқозон-ичак, нафас йўллари, онкологик, юрак-қон томир ва бошқа касалликлар ортгани бунинг далилидир.

Орол муаммосининг биосфера, аҳоли турмуш шароити ҳамда генофондига таъсир қамрови ошиб, глобал тус олганига ҳам қарийб ярим асрга яқин вақт ўтди. Аммо шу пайтгача дунё ҳамжамияти томонидан Орол фожиасини бирга бартараф қилиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича мақтанарли ишлар деярли кўзга ташланмади. Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан мазкур масалага бутун дунё эътибори қаратилди ва биз мамнуният билан тилга олаётган резолюция қабул қилинди.

Орол муаммоси қай йўсинда ҳал этилаётгани ҳақида гап борар экан, аввало, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилганлигини айтиш жоиз. Бу ташаббус Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020 — 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янада кучайтирди. Айниқса, белгиланган лойиҳаларни амалга оширишга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қарор билан тадбиркорлик субъектлари ер ҳамда мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларга бошқа қатор имтиёз ҳамда енгилликлар берилгани катта аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу ҳужжат асосида 21 триллион 209 миллиард сўмлик 2 минг 788 та лойиҳа устида жадал иш олиб бориляпти. Қолаверса, ҳудудда 2020 — 2023 йиллар давомида қарийб 12 триллион 320 миллиард сўмлик 1 минг 359 та инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш орқали 17 минг 630 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни бартараф қилишда беқиёс аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Эътиборлиси, бугунги кунга келиб, 840 та лойиҳа ишга туширилиб, 5 минг 75 та иш ўрни очилди. Халқаро молия институтларининг қиймати 1 326,7 миллион АҚШ долларига тенг 20 та лойиҳасини амалга ошириш ишлари ҳам жадал давом эттирилмоқда.

Юқорида номи келтирилган қарор асосида Қорақалпоғистондаги 45 та маҳалла шароити оғир тоифага киритилган бўлиб, уларда 192 мингдан зиёд кишилар яшайди, уларнинг 51,3 фоизи аёллар, 56,2 фоизи ёшлар, ишсизлар сони эса 9 минг 617 тани ташкил этади.

Қарор асосида бу маҳаллалар учун қарийб 3 триллион сўм йўналтирилган ва ҳозир 437 та объектда иш олиб борилмоқда. Ижтимоий муассасаларни қуриш ҳамда реконструкциялашга 200 миллиард сўм, уй-жой қуриш, йўл таъмирлаш, электр энергия, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, ахборот-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, ободонлаштириш ишлари учун 460 миллиард сўм, аҳоли бандлигини таъминлашга 2,3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, фуқаролар йиғинлари хизмат биноларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш, 12 та туманда «Маҳалла марказлари» биноларини барпо этиш режалаштирилган ва бугунги кунда ушбу вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда.

Қарорга биноан ҳар бир шаҳар ва туманнинг салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда «ўсиш нуқталари», яъни «драйвер» соҳалар белгиланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, тўқимачилик, нефть-кимё саноати, боғдорчилик, иссиқхоналар ташкил қилиш ҳамда ипакчилик, туризм соҳалари шулар жумласидандир.

Ҳозирги пайтда мазкур йўналишлар бўйича ҳудудларда йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биргина чорвачилик йўналишида чет давлатлардан қарийб 10 минг бошга яқин наслли қорамоллар ва қарийб 6 минг бош наслли қўйлар олиб келиниб, парваришланяпти. Бундан ташқари, гидропоника усулида замонавий иссиқхоналар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса нафақат янги иш ўринлари яратишда, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлиши муқаррар.

Президентимиз томонидан имзоланган яна бир ҳужжат — «Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз суръатини янги даражага кўтарди.

Негаки, мазкур ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурси ва электр энергиясидан фойдаланишда автоматлашган назоратни йўлга қўйиш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш каби кўплаб масалалар қамраб олинган.

Аёллар учун ҳунармандчилик кластерлари

Оролбўйида олиб борилаётган эзгу ишлар жараёнида хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидламасликнинг иложи йўқ.

Хусусан, 2021 йил 5 мартда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори доирасида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида Оролбўйида «аёллар дафтари»га киритилган ишсиз опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳунармандчилик кластери тузилиши бу борадаги муҳим қадамлардан яна бири бўлди.

Мазкур лойиҳа доирасида дастлаб ишсиз хотин-қизлар тажрибали ҳунармандлардан сабоқ олди. Лойиҳанинг биринчи босқичида аёллар фақат сават тўқишга ўргатилса, кейинги босқичларда ҳудуд имкониятлари ҳамда салоҳиятидан келиб чиқиб, бошқа ҳунар турларига ҳам йўналтирилади. Муҳими, ҳозиргача ўнлаб аёлларга ҳунармандлик гувоҳномаси топширилди ва улар ўзларининг фаолиятини бошлаб юборди.

Лойиҳа биринчи босқичининг ўзидаёқ жами 1 минг 400 нафар ишсиз хотин-қиз бандлиги таъминлангани, айниқса, диққатга сазовор.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Кегейли туманида ҳунармандчиликнинг бу тури учун муҳим бўлган хом ашёни етиштириш мақсадида 10 гектарлик толь плантацияси ташкил этилди. Ушбу толлардан кўрганда кўз қувнайдиган буюмлар тўқилади. Қолаверса, толзор ҳавони кислород билан тўйинтириб, ҳудуд табиатига ижобий таъсир кўрсатади.

Бу ҳунармандчилик кластери тажриба тариқасида тузилган бўлиб, уни кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш режалаштирилган. Шунинг ўзиёқ лойиҳа нечоғли кўламдор ва катта аҳамиятга эгалигидан дарак бериб турибди.

Одамларнинг руҳияти кўтарилмоқда

Ҳудудда ўтказилаётган маданий тадбирлар, семинар ва тренинглар ҳам одамлар руҳиятини кўтаришга хизмат қилаётгани билан эътиборга молик.

Бу ҳақда гап кетганда, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан амалга оширилган икки лойиҳа тўғрисида тўхталиш ўринлидир. Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кийиниш маданиятини янада ривожлантиришга қаратилган «Нафосат» фестивали ана шулардан биридир.

Анжуманнинг биринчи куни Нукусдаги «Тошкент» меҳмонхонасида «Ёшлар модаси, анъаналар ва замонавий йўналишлар» мавзуида ёшлар ҳамда аёллар иштирокида давра суҳбати ва семинар ташкил этилди. Шунингдек, кийиниш маданияти бўйича ёшларимизнинг фикрларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди.

Фестивалнинг иккинчи куни Мўйноқ шаҳрида уюштирилди. Ёш дизайнер ва рассомлар ўртасида миллий ҳамда замонавий эскизлар дизайнини чизиш бўйича танлов, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Хоразм, Бухоро вилоятлари етакчи брендлари ва дизайнерлари томонидан модалар намойишлари бўлиб ўтди.

Тадбир меҳмонлари эътиборига Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати салоҳияти, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўғрисидаги “Made in Uzbekistan” видеоролиги ҳавола этилди. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси таркибидаги «Мўйноқ текстиль» ишлаб чиқариш корхонасига ташриф уюштирилди.

Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан шу йилнинг 17-18 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг бошқарув органларида етакчи лавозимларда фаолият юритаётган аёллар учун «Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш, улар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзуида икки кунлик тренинг ўтказилганлигини ҳам таъкидлаш ўринли.

Бундан ташқари, маҳаллий фермерлар билан ҳамкорликда қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш мақсадида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан биргаликда «Ёш фермер қизлар мактаби» фаолияти йўлга қўйилди.

Шу кунларда Оролбўйида яна қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтаётир. Масалан, Маданият вазирлиги томонидан IFNC (Халқаро миллий либослар фестивали) ҳамкорлигида 23 — 25 май кунлари Испаниянинг халқаро тоифадаги «Азукар Морено» ҳамда Ўзбекистоннинг «Дил Ором» миллий либослар брендлари иштирокида Элликқалъа туманида «Этно Арал» деб номланган фотосессия ташкил этилди. 23 — 30 май кунлари эса Маданият вазирлиги ва ZOʼR TV телеканали ҳамкорлигида Нукус шаҳрида «Омадли саёҳат» теледастури тасвирга олинади.

Жараёнларда Сенатнинг иштироки

Сенат Кенгаши қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш юзасидан доимий асосда фаолият кўрсатувчи идоралараро ишчи гуруҳ ҳам тузилди.

Ушбу тузилма Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини олиб боради.

Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан бевосита жойларга чиқиб таҳлилий ўрганишлар ўтказиб келинаётганлигини ҳам айтиш зарур.

Шу жараёнда Президент қарорининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, инвестиция лойиҳаларининг ижро ҳолати, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар билан ишлаш, юзага келган масалаларни жойида ҳал этиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Парламент юқори палатаси томонидан нафақат ушбу лойиҳалар ижроси таҳлил этилмоқда, балки қатор ижтимоий муассасаларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатиб келиняпти. Масалан, марказлашган ичимлик суви тармоғидан олис ҳудудлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Тахтакўпир тумани тиббиёт бирлашмасига соатига 5 куб метр сувни тозалайдиган ва чучуклаштирадиган иншоот ўрнатиб берилди.

Яқинда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг терапия йўналишидаги бош мутахассисларидан иборат гуруҳ «темир дафтар» ва «аёллар дафтари»га киритилган ҳамда ётиб қолган беморларни хонадонбай тизим асосида тиббий кўрикдан ўтказди.

Бу жараёнда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Чимбой ва Беруний туманларида истиқомат қилувчи 226 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморларнинг 11 нафари Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказида, 4 нафари Тошкентдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволанишга, 3 нафари буйрак трансплантациясига ҳамда 1 нафари юрак жарроҳлик операциясига тавсия қилинди.

Қўмита томонидан ҳудуднинг экотуризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, жозибадорлигини таъминлаш, қорақалпоқ элининг маданий қадриятлари ва анъаналарини авайлаб-асраш мақсадида қорақалпоқ ўтовини ЮНEСКО номоддий маданий бойликлари рўйхатига киритиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилганлигини ҳам мамнуният билан айтмоқчимиз.

Шу пайтга қадар тузилма томонидан ҳудуднинг тарихи, урф-одатлари, маданий ёдгорликлари, таниқли шахслар ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган учта видеоролик, битта бадиий фильм тайёрланиб, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий телерадиокомпания ва Кинематография агентлигига тақдим этилди.

Натижалар ҳозирдан кўзга ташланмоқда

Кўриниб турибдики, Оролбўйи минтақасидаги вазиятни мувозанатга келтириш борасида салмоқли ҳаракатлар қилинмоқда.

Энг муҳими, натижалар ҳозирдан кўзга ташланиб қолди. Буни биргина Мўйноқда амалга оширилган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари қандай самаралар бераётгани мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Ёдингизда бўлса, яқин-яқингача бу ерда инсон яшаши учун талаб этиладиган энг оддий шароитлар ҳам йўқ эди. Шу сабабли кўпчилик ўзи учун қулай бўлган жойларга бош олиб кетди. Эзгу саъй-ҳаракатлардан кейин эса ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Бир пайтлар бу ерни тарк этган одамлар яна қайтиб кела бошлади. Бугун Мўйноқда ҳаёт яна қайнамоқда.

Бундай қувончли натижалар табиатда ҳам кузатилмоқда. Денгизнинг қуриган тубида қарийб 1 миллион 700 минг гектарлик ўрмонзорлар барпо этилган бўлиб, улар ҳозирдан шамол тезлигини пасайтириш ва қумли-тузли бўронларни камайтиришга хизмат қиляпти. Яқин келажакда эса бу борадаги кўрсаткичлар янада яхшиланишидан умид қиляпмиз. Негаки, бир туп ўрта ёшли саксовул дарахти ўз илдизи билан 10 тоннагача қумни ушлаб қолиши мумкинлиги мутахассислар томонидан илмий ўрганилган. Шунингдек, 2 ёшли саксовулзорда шамол 20 фоизгача, 6 ёшли саксовулзорда 80 фоизгача пасаяр экан. 7 ёшли саксовулзорда шамол умуман тўхтаб, атмосферанинг чанг-қум ва туз билан ифлосланиши 6 баробарга камаяди. Бир гектарда 4 ёшли саксовул-черкез ўрмонзори бир йилда 1158 кг. ис газини ютиб, 835 кг. кислород ажратади. Бу эса вақти келиб саҳро яна яшил ҳудудга айланади, деганидир.

Оролбўйидаги шу каби янгиланишларни худди ҳис этгандек ёввойи ҳайвонлар ва қушлар ҳудудга қайтиб келиб, муқим яшашни бошлаётгани ҳам биз олиб бораётган эзгу ишларнинг ўзига хос самарасидир. Бинобарин, бу ерда артезиан қудуқлардан сув чиқариш ҳисобига ўзлаштирилган майдонлардаги кичик кўллар атрофида қамишзор ҳамда бутазорлар пайдо бўляпти. Шу тариқа янги бир экотизим ҳосил бўлиб, ёввойи ҳайвонлар ҳамда қушларни ўзига жалб этишга, улар ўтроқлашиб ин қўйишига ва кўпайишига шароит яратиляпти. Муҳими, ана шу саъй-ҳаракатлар ҳозирдан натижасини бера бошлади, яъни ҳудудда тулки, қуён, чиябўри, сайғоқ, қулон ҳамда тўнғиз каби турли жониворлар, лочин, фламинго ва оққушлар сезиларли даражада кўпайди.

Умуман, Оролбўйи минтақасидаги вазиятни ўнглашга қаратилган ишлар тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган махсус резолюция эса бу борадаги ишларни янада тезлаштиришга, дунё ҳамжамиятининг ушбу йўналишдаги амалий ҳаракатларини кучайтириш ва бирлаштиришга, пировардида эса минтақа ҳаётини бир пайтларда бўлганидек жўшқин бир ҳолга 
келтиришга хизмат қилади. Зеро, Орол муаммоси — дунё муаммоси. Шундай экан, уни бирга ҳал этамиз, биргаликда ҳаракат қилсак, албатта, унга ечим топамиз.

Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?