Органик маҳсулот етиштиришда биолабораторияларнинг аҳамияти катта

04:05 17 Февраль 2022 Иқтисодиёт
594 0

Фото: Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида органик маҳсулот етиштиришда биолабораторияларни аҳамияти катта эканлигига алоҳида урғу берилмоқда.

Биолаборатория фаолиятини ташкил этишнинг ҳам ўзига яраша қонун қоидалари бор. У ерда ишлаётган ҳар бир ишчи ходимдан катта масъулият ва тажриба талаб этилади. Ҳадемай биолабораторияларда етиштирилаётган ҳашаротларни далаларга қўйиш жараёнлари ҳам бошланади. Шу боисдан, ушбу жараёнларни тўғри ташкил этиш қоидалари ҳамда биолабораторияларда энтомофагларни сифатли кўпайтириш технологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик тизимини шакллантириш ва ҳар бир маҳалла хонадонида биомаҳсулотларни етиштиришни ташкил этиш, шу билан бирга аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлмоқда.

Шу мақсадда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходимлари Ш. Қўчқаров, Р. Мўминов ҳамда Н. Ҳамраев, Ўсимликлар ҳимояси ва карантини илмий тадқиқот институти директори ўринбосари О. Сулаймонов, Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси вакиллари, Оқдарё туман инспекторлари иштирокида Оқдарё туманида жойлашган намунали «Биометод» хусусий биолабораторияси ва «Афросиёб биомаҳсулот» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишишди.

Соҳа масъуллари ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши биологик маҳсулотлар билан курашишни кенг қўллаш мақсадида айни вақтда биолабораторияда олтинкўз ва трихограмма энтомофаглари етиштирилаётган жараёнлар билан танишиб, уларнинг фойдали хусусиятлари ва афзалликлари, иқтисодий жиҳатдан тежамкорлик томонлари, биолабораториянинг шарт-шароитлари, яъни, моддий техник базани кучайтириш, гектарлаб майдонлар учун парвариш қилинаётган энтомофаглар, фермер хўжаликлари билан тузилган шартномалар ҳақида маълумотлар алмашинди.

«Биометод» хусусий биолабораторияси 124 та фермер хўжалигига, «Афросиёб биомаҳсулот» МЧЖ эса 81 та фермер хўжалигига шартнома асосида биологик маҳсулотлар етказиб бермоқда. Биолабораторияларда апрель ойидан олтинкўз энтомофагини чиқариш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир доирасида тумандаги «Мустақиллик», «Оқдарё» ва «Янги равот-1» МФЙлари аҳолиси ўртасида семинарлар ҳам ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер