Оралиқ натижалар сарҳисоби ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

22:03 19 Ноябрь 2020 Жамият
235 0

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси вакиллари билан уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги, Европа Иттифоқи, Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистондаги БМТТДнинг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим етишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, лойиҳанинг 2019-2020 йилларда эришган ютуқлари ва COVID-19 пандемияси пайтида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда яқин келажакда давлат хизматларини рақамлаштиришга йўналтирилган лойиҳанинг кейинги режалари кўриб чиқилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска пандемияси даврида рақамли технологияларнинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада ошганлигини таъкидлаб ўтди.

Матильда ДИМОВСКА,

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

— COVID-19 пандемияси даврида рақамли технологияларнинг роли ҳамда аҳамияти сезиларли даражада ошди. Юқори сифатли ҳамда барқарор рақамли тизимлар карантин даврида давлат хизматларини самарали етказиб бериш ҳамда фуқароларнинг масофадан туриб давлат билан ўзаро алоқаларини таъминлаш учун жуда муҳим восита.

Шунингдек, уч томонлама учрашув доирасида ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартлари бўйича ўтказилган курсларнинг иштирокчиларини тегишли сертификатлар билан тақдирлашнинг расмий маросими ҳам бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, давлат хизматлари агентлигида ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартларига мувофиқ интеграциялашган бошқарув тизимини жорий этиш давлат хизматлари сифатини кўтариш ва ташкилот самарадорлигини оширишга, шунингдек, кадрлар бошқарувини такомиллаштиришга ҳисса қўшишга, бу билан эса, мижозлар эҳтиёжларини қаноатлантириш ва фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада оширишга кўмаклашади.

ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартлари талабларини ўргатиш учун 2020 йил 5 — 20 октябрь кунлари ДХА ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун ўқув курслари ташкил этилди. Тренинг якунида барча 29 иштирокчи ушбу курс учун малака имтиҳонини муваффақиятли топширдилар.

Ўзбекистон ҳукуматининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун мазкур қўшма лойиҳа Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларини аҳолига электрон давлат хизматлари сифати ва қулайлигини оширишга қаратилган замонавий рақамли воситалар билан жиҳозлашга ёрдам беради.

Хусусан, республика бўйлаб ФҲДЁ архивларини рақамлаштириш учун умумий қиймати 1,2 миллион АҚШ долларилик 12 та V-шаклидаги сканерлар, серверлар ва бошқа ускуналар сотиб олиниб, ўрнатилди. ФҲДЁ тизими қайдлари учун архивланган маълумотларнинг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун блокчейнга асосланган тизимлар ҳам жорий қилинмоқда. Бундан мақсад барча қоғозли архивларни маълумотларни автоматик равишда олиш ва қайта ишлашга имкон берадиган ягона маълумотлар базаси асосидаги электрон ёзувларга айлантиришдир.

Шунингдек, мазкур қўшма лойиҳа Президентимизнинг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Давлат хизматлари агентлигига давлат хизматларини кўрсатишни масофадан онлайн режимда кузатиб борувчи Вазиятлар марказини яратиш ва жиҳозлашда ёрдам беради.

Ушбу ташаббус учун жами 300 000 АҚШ доллари жалб қилинди. Барча 201 та давлат хизматлари марказларида онлайн режимда давлат хизматлари кўрсатилишининг мониторингини таъминлаш, шунингдек қарорларни янада самарали қабул қилиш учун маълумотларни автоматик равишда йиғиш, қайта ишлаш ва кўринарли форматга ўтказиш учун “Business Intelligence” синфининг бизнес-таҳлил тизими ишлаб чиқилмоқда.

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,

Давлат хизматлари агентлиги директори:

— Сурхондарё вилояти (Сариосиё тумани), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Жиззах вилояти (Бахмал тумани), Сирдарё вилояти (Ховос тумани) ва Тошкент вилоятидаги (Нурафшон шаҳри) Давлат хизматлари марказлари тажриба тариқасида талаб олиниб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун мазкур қўшма лойиҳа умумий қиймати қарийб 178 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 200 дона ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини (серверлар, шахсий компьютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув мосламалари, фойдаланувчи билан алоқа механизмлари ва бошқалар) сотиб олиб, Агентликка тақдим қилди.

Шунингдек, айни пайтда юқоридаги 5 та тажриба марказларидаги кондиционер қурилмаси учун мебель ва ускуналар сотиб олиш ишлари олиб борилмоқда. Тажриба учун танланган ҳудудларда камида 5 та янги давлат хизматлари марказларининг техник салоҳиятини ошириш орқали БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи аҳолининг ишончини ошириш ва ДХМ орқали, айниқса, қишлоқ жойларда, давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

Таъкидлаш керакки, қўшма лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг 2021 йилда Ўзбекистон Республикасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини автоматлаштириш учун жорий этиладиган «Лицензия» ахборот тизимини ривожлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ушбу ташаббус доирасида «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим етишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳаси Ўзбекистонда рақамли тизимга ўтишни фаол равишда тарғиб қилмоқда.

Раҳим ШEРҚУЛОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?