Ўқувчилар ўртасида математика бўйича «Қўқон олимпиадаси» ўтказилади. Ғолибларга «Нексия» ва «Кобальт» берилади

10:45 18 Январь 2021 Жамият
20856 0

Бу ҳақда Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод ­МУСТАФОҚУЛОВ «Халқ сўзи» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

— Мурожаатномада белгиланган вазифаларни, хусусан, аниқ фанларни ривож­лантиришга оид таклифларни амалиётга кенг татбиқ этиш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида университетимизда республика умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан «Қўқон олимпиадаси»ни уюштирмоқчимиз, — деди ректор. — Бу борада «Қоракўл зиё» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Айтиб ўтишим лозимки, мазкур «Қўқон олимпиадаси» хусусий сектор вакиллари томонидан илк маротаба ташкил этилмоқда. Шуни инобатга олиб, бунинг замирида келажакда юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга кўтариш мақсад қилинган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият орасида, хусусан, илм-фан оламида ўзига хос нуфузини оширишга хизмат қиладиган истеъдодли ёшларни кашф этиш ҳам кўзда тутилган.

Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича даъватлари, яъни «Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган эзгу ғоясини амалга ошириш барчамизнинг, жумладан, соҳага дахлдор бўлган ҳар қандай кишининг бурчи ҳисобланади.

Яна шуни айтиш жоизки, университетимизда ўтказиладиган «Қўқон олимпиадаси» ёш математикларни аниқлаш ва уларнинг юксак парвозига замин яратувчи ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди, десак, муболаға бўлмайди. Шундай экан, уни ўқувчилар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айлантириш учун барча чорани кўрамиз. Бунга им­кониятларимиз етарли.

Зотан, бундай фан беллашувлари келгусида билимдон ёшлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Математикадан билими юқори бўлган авлод билан эса давлатимиз барча жабҳада юқори натижаларга янада тезроқ эришади.

«Қўқон олимпиадаси» умумтаълим мактабларининг 5, 6, 7, 8, 9 ва 10, 11-синфлари, академик лицейларнинг 1, 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ­ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, нодавлат ўқув даргоҳларининг 5 — 11-синф ўқувчилари ҳам қатнашишлари мумкин.

Олимпиада икки босқичда ташкил этилиб, ҳудудий босқич вилоятлар кесимида жорий йилнинг 14 февраль куни Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган тестлар асосида амалга оширилади.

Бунда ўқувчилар ихтиёрий равишда қатнашади. Иштирокчилар www.olimpiada.kokanduni.uz сайти орқали 10 февралга қадар онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади.

Республика босқичи эса Қўқон университетида шу йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилади. Якунловчи босқичда Давлат тест маркази жавоблари асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 5 нафар ўқувчи-номзод танлаб олинади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур босқич «Қоракўл зиё» нодавлат таълим муассасаси мутахассислари, яъни турли йилларда математикадан халқаро ва республика олимпиадалари совриндорлари томонидан тузилган икки поғонали тест усулида танлов асосида ташкил этилади. Ушбу олимпиада инвестицион мотивация асосида ёш математикларнинг селекциясини амалга ошириш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш, нуфузли олий ўқув юрт­ларида таҳсил олишларига кўмаклашиш ҳамда шу асосда техника тараққиётининг жадаллашишига замин яратади, деб ишонамиз.

«Олимпиада ғолибларини қандай совғалар кутмоқда?» деган саволга ректор қуйидагича жавоб берди:

— Олимпиада ғолибларини муносиб мукофотлаш режамизда бор. Шу мақсадда биринчи гуруҳ (5, 6, 7-синфлар) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган номзодга «Нексия» автомобили, иккинчи гуруҳ (8, 9-синфлар) ўртасида биринчиликни эгаллаганга ҳам «Нексия», учинчи гуруҳда (10, 11-синфлар, академик лицейнинг 1, 2-босқич) биринчилик учун эса «Кобальт» автомобили ­совға қилинади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Барча гуруҳ бўйича биринчи ўнталик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш «Инвестицион ваучер»и тақдим этилади. «Қоракўл зиё» нодавлат ўқув муассасаси томонидан эса гуруҳлар бўйича 1, 2, 3-ўринни қўлга киритган ўқувчи-номзодларга математика ҳамда бошқа фанлардан қўшимча билим олиш ҳуқуқини берувчи бир йиллик бепул ўқиш бонуси ҳам тақдим этилади. Қуйи синф ўқувчилари ғолибликни қўлга киритса, улар илм-фанга йўналтирилиб, тизимли равишда университетга тайёрлаб борилади. Энг асосийси, олимпиада натижаларини баҳолашда, ғолибларни аниқлашда, албатта, адолат мезонлари устувор бўлади.

Дарвоқе, «Қўқон олимпиадаси»ни ташкил этиш ва ўтказиш орқали ёшлар орасида «Билим — инсонни улуғлайди», деган шиор кенг тарғиб қилиниши билан бирга, ғолибларнинг эришган ютуқларини жамоатчилик ўртасида ­ёритиш эвазига ўғил-қизларга янада кўпроқ ­мотивация бериш ҳам мақсад қилинган. Бу эса ўқувчи-ёшлар, талабалар орасида илм олишга бўлган қизиқиш ва интилишларини янада ­кучайтиради.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаган, яъни буюк мутафаккир шоиримиз ­Алишер Навоийнинг ўз даврида ёшларга қарата айтган қуйидаги мурожаати кўз олдимга келди: «Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт».

Зеро, инсонларга қуёш каби зиё нурини та­ратишни, яхшилик қилишни истайдиган ҳар бир фуқаро келажакка, камолотга интилиб, илм ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши лозим. Бу олдимизга энг катта мақсад қилиб қўйилган — мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳамда унга эришишимизда ғоят муҳим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?