Ўқитувчининг чўнтагига кўз тикманг, жаноб мутасаддилар!

Янги ўқув йилининг бошланиши биз, ўқитувчилар учун ўзгача ҳаяжон ва завқ беради. Соғинч кўзларида балқиб турган ўқувчиларнинг югуриб ёнимизга келиши, гуллар тутиши — улар учун керакли инсон эканимизни англатарди. Афсуски, пандемия бизни бу шукуҳдан мосуво қилмоқда. Ижтимоий масофа сақлаш, қўл бериб кўришмаслик ва бошқа шу каби талаб ва эҳтиёжлар бунга сабаб.
Ҳозирги вазият — урушга тенг. Бу вирус — кўринмас душман. Ҳамма ўзини асраши, эҳтиёт чораларини кўриши лозим. Шифокорларимиз кўринмас бало билан жанг қилишмоқда. Биз улар учун таъзимдамиз. Энди навбат устозларга келди. Биз ҳам бу жангда мардонавор қатнашамиз ва ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Лекин қуролсиз, ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз, ҳеч қандай рағбатсиз жангга кириш ғалабага элтармикан? Ёхуд «Ҳимоя воситангни ҳам, қуролингни ҳам ўзинг топасан, биз сени танимаймиз», деб аскар урушга кузатиладими?!
…Мажлислар залида ҳамма ўқитувчилар тўпланган. Мактабимиз раҳбарлари, шукурки, вазмин, салоҳиятли, инсофли кишилар. Ҳамма уларнинг оғзига тикилган, улар эса гапни нимадан бошлашни билмай туришарди. Сездимки, қандайдир ёқимсиз топшириқ бўлган ва уни бизга қандай етказишни билмай туришарди. Ва ниҳоят, ютинибгина базўр сўз бошлашди: “Хабарингиз бор, янги ўқув йили 14 сентябрдан бошланади, шу сабабдан юқори ташкилот айтган вазифаларни зудлик билан амалга оширишимиз керак. Синфхоналарни эпидемиологик вазиятга мослаштириш, яъни хоналарда антисептик воситалар, чиқинди қутилари, дезинфекция воситалари, нам салфеткалар бўлишини таъминлаш даркор.
Навбатдагиси — барча синф раҳбарлари қуйидаги мазмунда кафолат хати ёзиб беришади:
— синфга ташқаридан инфекция киришига йўл қўймаслик учун жавобгар бўлиш;
— ўқувчиларни шахсан кутиб олиш;
— ўғил-қизлар синфга киришида ижтимоий масофани сақлаши, бошқа синф ўқувчиларига аралашиб кетмаслиги учун доимий назорат ўрнатиш;
— ўқувчилар ҳожатхоналарда қўл ювиш ва қуритиш воситалари, совун ёки антисептик воситалардан доимий фойдаланишларини кафолатлаш.
Агар юқоридаги талабларни бажармасак, мактабимизга чора кўриларкан, бизни тўғри тушунасиз деган умиддамиз”, дея сўзларини якунлашди.
Ҳамма жим. Ҳамма сукутда. Биздаги нақлларга кўра сукут — аломати ризо. Аслида ҳам шундаймикан? Балки инсон мавҳум, тушунарсиз ва чорасиз вазият сабаб сукут қилаётгандир.
Энди табиий, аламли саволлар пайдо бўлмоқда. Биринчидан, Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Президентимизнинг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланганини, шу сабабли мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган дезинфекцися воситаларининг бирортаси ҳам ўқитувчилар томонидан харид қилинмаслигини, пандемия шароитида умумтаълим мактабларига пирометр, дезинфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар марказлашган ҳолатда етказиб берилишини айтди. Ундай бўлса, нима учун барча ташкилий ишлар ўқитувчилар зиммасига тушяпти? Бу воқеалар синфхоналарни таъмирлаш ишига ўхшаб кетаётгандек.
Иккинчидан, бутун дунё вируснинг олдини ололмай турган вақтда синф раҳбари қандай қилиб кафолат хати билан бажарилиши керак бўлган вазифаларни уддалайди?
Учинчидан, синф раҳбарлик алоҳида олиб бориладиган, қониқарли маош тўланадиган иш эмас. Ўқитувчилик фаолияти билан бирга олиб борилади. Шу ерда яна бир мантиқсизлик бор: синф раҳбари 30–35 ўқувчининг ҳар бири қўлини ювганини, ҳожатга борган-бормаганини, бошқа синфга аралашиб кетмаслигини, шахсан кутиб олишни қандай амалга оширади? Ёки у дарс ўтмайдими? Кўплаб мактабларда ҳали ҳамон икки тартибли, яъни тушгача ва тушдан сўнг дарс машғулотлари ўтилади (дарсдан сўнг онлайн таълим олмоқчи бўлганларнинг давомати юритилиши, уларга вазифа, мавзулар ўтилиши бу алоҳида мавзу). Тасаввур қилиб кўринг-а, бу ишларга жисмоний жиҳатдан улгуришнинг имкони борми? Ёки ўқитувчининг соғлиғи аҳамияцизми? Шу каби саволларга мутасаддилардан кўпминглаб ўқитувчилар жавоб илинжидамиз.
Айтганча, ишламай ойлик олдинг-ку, нима бўпти шу нарсаларни қилсанг, дейдиганларга маслаҳатим — меҳнат қонунчилиги билан яхшилаб танишиб чиқинг. Яна, пандемия даврида кўплаб устозлар устамалардан маҳрум бўлиб, иқтисодий йўқотишга учради. Ўқитувчининг ҳам фарзандлари, рўзғори ва бошқа зарур харажатлари бор. У ҳам автомашина минишни, сўнгги русумдаги телефон ишлатишни, ҳузур билан оиласи учун пул сарфлашни истайди. Уларнинг ҳалол пулига кўз тикманг!
Искандар ҒОЗИХЎЖАЕВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондан совуқ ҳаво қачон чекина бошлайди?
- Вилоят ҳокими чекка қишлоқдаги аҳоли хонадонида тунамоқда (фото)
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди
- Сурхондарё вилоят ҳокимлиги биносида АКТ ходими калтаклангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
- Президентга шеър ўқиб берган талаба Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг