Ўқитувчилар нуфузини ошириш – умуммиллий вазифа

Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йилга юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном беришни таклиф қилган ҳолда, келаётган йилда таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат ва жамиятимиз олдида турган бир неча муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Зеро, «таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир».
Шу билан бирга жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиз сифатида белгилангани учун нафақат бу соҳага масъул бўлган мутасаддилар учун, балки ҳар биримизга юксак масъулият юклайди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, таълимни ривожлантириш масаласига Президентимиз томонидан аввал ҳам бир неча бор жиддий эътибор берилган. Чунончи, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги байрам табригида Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, бунинг учун эса албатта устоз ва мураббийларнинг, педагог ходимларнинг ҳуқуқларини Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек, 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда «Устоз ва мураббийлар – билимларни, урф-одат ва анъаналар, маданиятимизни авлоддан-авлодга етказадиган буюк кучдир. Шундай экан, устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур. Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлиги» йўналишдаги устувор вазифа сифатида белгилаб бериш таклифи илгари сурилган.
Мазкур йўналишдаги вазифаларнинг ҳуқуқий пойдевори ҳам яратиб бўлинган. Тараққиёт стратегиясининг 4-йўналишида белгиланган мақсадларга кўра, ўқув ўринлари сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш, Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш асосий вазифа сифатида қўйилган. Ушбу мақсадларга эришиш биринчи навбатда педагог ходимларнинг ҳуқуқларини, айниқса уларнинг давлат ҳимоясида эканлигини, фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигини Конституция билан кафолатлашни талаб қилади.
Шуни эътироф этиш керакки, амалиётда кўпгина ҳолатларда педагог ходимларнинг фаолиятига аралашиш ҳолатлари мавжуд. Масалан, юқори турувчи идоралар, таълим муассаса раҳбарияти ёки «учинчи шахслар» педагог ходимларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки хизмат фаолиятига кирмайдиган топшириқлар бериш каби ҳолатлар учраб туради. Бу эса педагог ходимларга ўқувчи, талабаларнинг билимини объектив баҳолашга, илмий ижод билан шуғулланишига тўсқинлик қилади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Конституциямизга янги норма қўшилган ҳолда, у билан педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифаси сифатида мустаҳкамлаш назарда тутилган. Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилиши тақиқланмоқда. Ушбу норма қўшилиши педагог ходимларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади.
Халқаро ҳамжамият томонидан педагог ходимларнинг эркин ижод қилиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи тавсия қабул қилинган. Чунончи, 1966 йил 5 июлдаги ЮНEСКОнинг «Ўқитувчилар мақоми тўғрисида»ги Тавсиясининг 7-бандида педагогнинг «эркинлиги принципи» мустаҳкамланган.
Шунга ўхшаш норма Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни 45-моддасига кўра «педагог ходимларнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олинади».
Бу борада Президент администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева «Заковат» олимпиадаси финалидаги нутқида айтганидек, «бутун жамият ўқитувчини ҳимоя қилиб, уни мажбурий меҳнатга, турли қўшимча ишларга жалб қилишга қарши турсагина, бунга эриша оламиз».
Гулноза САТТОРОВА,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
- Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг