«Оқила аёллар» ҳаракати - маҳалла виждони

12:48 22 Сентябр 2022 Жамият
254 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Сурхондарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси қошида фаолият олиб бораётган «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларининг анжумани бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова ҳамда ҳаракатнинг вилоят, туман ва шаҳар, маҳалла бошланғич гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 март куни давлатимиз раҳбарлари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда обрў-эътиборли, катта тажрибага эга «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам жамоатчилик асосида иш юритадиган мазкур ҳаракат фаолияти йўлга қўйилди. «Оқила аёллар» ҳаракати етакчиси ва ўринбосарлари сайланди. Ҳозирда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасида ҳаракатнинг 40 нафар, туман, шаҳар бўлимларида 30 нафар, туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафардан энг фаол, ташаббускор аёллардан иборат бошланғич гуруҳлари фаолият олиб бормоқда. Фаол ва ташаббускор аёлларни бир сафда жамлаган ушбу жамоатчилик тузилмаси хотин-қизларни қўллаб–қувватлаш, оила, фарзанд, шу жумладан қизлар тарбияси ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш каби масъулиятли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан ҳаракат аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳот инсон қадрини улуғлашга қаратилганини алоҳида қайд этиб, ҳаракатнинг Янги Ўзбекистонда янги маънавий макон яратиш, халқимизга хос эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одат ва ноёб анъаналарни тизимли тарғиб қилишдаги ўрнига урғу берилди.

— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлашга доир ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу билан бирга оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароит яратиш ҳукуматимизнинг доимий эътиборидадир. «Оқила аёллар» ҳаракати ўзининг фаолияти давомида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, унга ижобий ечим топиш ҳамда ҳар бир оила, маҳаллада маънавий муҳитни яхшилашга яқиндан кўмак беришмоқда. — дейди Сурхондарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилбар Нормуродова.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?