Ўқдан қўрқмаган юрак

Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилганида Убайдулла Мусаев 27 ёшда эди. Зангиота тумани Зангиота қишлоғидан урушга кетган кўплаб йигитлар қатори у ҳам уруш даврида тинчлик, озодлик учун қаҳрамонларча жасорат кўрсатди. Буни унинг костюмига қадалган Иккинчи жаҳон уруши давридаги I (12.06.1945) ва II (14.02.1945) даражали “Шуҳрат”, “Меҳнат қаҳрамони”, “Меҳнат жасорати учун” сингари қатор жанговар орден ва медаллар тасдиқлайди.
Совуқ уруш дараги келгунча, қаҳрамонимиз Зомин туманида пахта қабул қилиш пункти директори, Самарқандда ўрта мактаб ўқитувчиси лавозимларида меҳнат қилди. Қароғида болалик ўти порлаган ўғил-қизларга сабоқ берган Убайдулла муаллим душманга қарши курашда ҳам ўзини бурчли, деб билди. Дастлабки жангларда ҳалок бўлган ватандошларимизнинг уйига қора хат келиб, оилалар мотамда қолганига унинг оташ юраги асло чидаб туролмасди. 1941 йили фронтга жўнатилганидан кейин қуролли аскарлар сафига қўшилди.
Шиддаткор ва аёвсиз жангларнинг олдинги сафларида ғанимга қарши курашган лейтенант Убайдулла Мусаев оғир ва машаққатли дамларда ҳам қаҳрамонлик, фидойилик кўрсатди. Жумладан, Шарқий Пруссияни озод этиш йўлидаги жангларда жонини аямай, чинакам мардлик намунасини кўрсатгани учун икки марта жанговар орденлар билан тақдирланди. Моҳир мерган сифатида у нишонни аниқ олгани учун 1944 йили 216-ўқчи дивизияси 589-ўқчи полкининг ўқчилар взводига командир этиб тайинланди.
Кескин ва оловли уруш йилларида у кўкрак қафасидан яраланди. Ўқ чап кўксига тегиб ўтган эди. Не мўъжизаки, жони омон қолиб, шаҳар госпиталида даволангач, яна қуролдошлари сафига қайтди. Ғаним ҳужумига кўксини қалқон қилган мерганнинг қўрқмас юраги унча-мунча ўқни писанд этмаганига шифокорлар ҳам таҳсин айтди. Унга тегишли ҳужжатлар ҳозир Москва ҳарбий архивида сақланиб қолган.
1945 йили кўплаб мард ўғлонлар турли тан жароҳати олиб, уйига қайтди. Афсуски, кимларгадир бу имконият насиб этмади. Хатарли ўқлар “ёмғири”дан омон қолган ўқчи тарихий ғалабадан сўнг ўзи туғилиб-ўсган ота қишлоғи – Зангиотага қайтиб, кўп йиллар фидокорона меҳнат қилди. Умрининг охиригача мамлакат тараққиёти ва келажаги учун ўз ҳиссасини қўшди.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейинги даврда ҳаёт кечириш жуда оғир эди. Янгийўл туманидаги Свердлов жамоа хўжалигига раислик қилган У. Мусаев турмуш қийинчиликларига қарамасдан, жамоа хўжалигига янги идора, аҳолига қулай ва зарур шароит яратиш мақсадида қишлоқ фарзандлари учун мактаб, унинг ёнида болалар шифохонаси, катта ҳаммом, почта, телефон, телеграф хонаси қуриб битказилишида эзгу ташаббус кўрсатди. Қишлоқдаги оғир аҳволда қолган хонадонларга томорқа бериш ва ундан фойдаланиш, уй, ҳовли-жой солишга етарлича ёрдам қўлини чўзди.
– 1959-1961 йилларда Убайдулла Мусаев кўплаб ёшларни қишлоқ хўжалиги механизаторларини тайёрлаш ўқув курсида, қиз-жувонларни олти ойлик пахта териш машинаси бўйича ўқитди. Излаган имкон топар деганларидек, бир йил мобайнида қунт билан ўқиган ўспирин ёшлар механизатор ихтисослиги бўйича йўлланма олиб, ўз иш ўрнига эга бўлди. Мен ана шу курсларда ўқиш давомида Убайдулла акани яқиндан таниганман, – дея эслайди ўз хотираларида меҳнат фахрийси Тўлаганхўжа Азаматов. – 1967 йилдан мудофаа ишлари бўлими томонидан колхоз, совхоз ва автокорхоналардаги ҳарбий рўйхатда турган техникаларнинг захира қисмларини кўрикдан ўтказиш учун хизмат сафарига жалб этилдим. Иш юзасидан Убайдулла Мусаев билан жуда кўп суҳбатлашиб, ўгитларини олдим, ҳаётий тажриба орттирдим. У ҳеч бир қишлоқдоши ҳаётига бефарқ бўлмаган, ўз юртига содиқ инсон эди. 1963 йили юксак хизматлари инобатга олиниб, “Меҳнат қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. 1965-1966 йилларда “Нов” номли республика соғломлаштириш масканига асос солди ва уни қуриб битказишда ўзи бош-қош бўлди. Табиий минерал сув чиқиб турган ушбу санаторий асосан кўзи ожизлар учун хизмат кўрсатган. Убайдулла ака умрининг охирги йилларига қадар мазкур дам олиш сиҳатгоҳининг директори сифатида фаолият юритди.
Ўз умрини ҳалол ва самарали меҳнати билан безаган қаҳрамонимиз 1972 йил 16 март куни вафот этди. Аммо ҳамқишлоқлари бу инсонни ҳанузгача бағрикенг, ўз ишини сидқидилдан бажарган фидокор, халқпарвар эди, деб эсга олади. Шундай қаҳрамонларимиз орасида Муҳаммад Зангиров, Абдулла Қурбоновни ҳам эслаш ўринли. Бу каби ота-боболаримиз хотираси тарихда абадий қолади ва уларни эслаш инсоний бурчимиздир.
Фидойи ва ташаббускорлиги билан Зангиота туманини обод қилишга беминнат ҳисса қўшган Убайдулла Мусаевнинг ёди ва ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида Зангиота қишлоғидаги кўча, Тинчлик қишлоғидаги маҳаллаларнинг бири унинг шарафига номланган.
– Бувамдан бир ўғил, бир қизи бўлган, – дейди биз билан суҳбатда бобонинг энг кичик набираси Зилола Абдуалимова. – Уларнинг иккови ҳам бобомнинг изидан бориб, мактабда ўқитувчилик қилди. Дадамнинг етти, амманинг олти фарзанди бор. 30 дан ортиқ набиралари бобомнинг ҳаёт йўллари, одамларга қилган яхшиликлари тўғрисида ҳам кўп эшитган. Айниқса, ижодкорликка иштиёқи баланд бўлганидан бир китобга етгулик, мағзи тўқ, салмоқли шеърлар ёзгани бизга бебаҳо мерос бўлиб қолган. Унинг ушбу ижод намуналарини жияни алоҳида китоб ҳолида тўплаб, “Убайнома” номи остида чоп эттирди. Уни мутолаа қилиб, беихтиёр ўша давр муҳити, изтиробларини ҳис этасиз. Биз шундай бобомиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг