Оқ олтин маҳалласи “оғир ҳудуд”дан қандай чиқарилмоқда?

11:53 18 Октябр 2021 Жамият
175 0

Фото: Саминжон Ҳусанов / Халқ сўзи

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Оқ олтин маҳалласи, афсуски, аҳоли турмуш даражаси пастлиги ва ижтимоий инфратузилмаси ночорлиги боис “оғир ҳудуд”лар таркибига киритилган эди. Одамларнинг бандлиги таъминлаш, оилаларда доимий даромад манбаини яратиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар бу маҳалла аҳолиси ҳаётида янги саҳифа очмоқда.

– Маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, 500 бошгача бир ойлик бройлер жўжалари тарқатилди, - дейди “Водий инвест зийнати АА” оилавий корхонаси раҳбари Анваржон Ҳошимов. – Товуқлар 35 кунда етилади ва ҳар бирини ўртача 56 минг сўмдан ўзимиз сотиб оламиз. Битта хонадон 35 кунда ўртача 3 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача даромад кўради. Биз товуқларни олиб кетгандан сўнг ўн кун ичида яна 500 бош жўжа олиб келиб берамиз. Бунда хонадон эгалари умуман ёнларидан маблағ сарфламайди. Жўжалар озуқасини ўзимиз элтиб берамиз. Бу корхонамиз учун ҳам фойдалидир. Боиси, аҳолидан бир ойда ҳар бири камида 3 килограммдан бўлган 53 минг бош паррандани қабул қилиб олиб, ички бозорга ва экспортга 160 тонна гўшт маҳсулотларини етказамиз.

Бу хайрли ишдан, энг аввало, оилалар манфаат кўрмоқда.

– Уй бекасиман,-дейди шу маҳаллада яшовчи Мушарраф Воҳидова. – Жўжа парваришлаш билан қўшимча даромад топиш имконига эга бўлдим. Оиламизга бир ойда ўртача 4,5 миллион сўм даромад киряпти. Энди рўзғоримизда барака бор, кўнглимиз ҳам хотиржам, ҳар бир тонгни “Бугун нима қилсам экан? Қаердан пул топсак экан?” деган ташвиш билан кутиб олишдан қутулдик.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, бунинг учун уларни даромадга йўналтириш бўйича ўз кўрсатмаларини берган эди. Шундан сўнг вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан орқада қолаётган ва ишсизлик юқори бўлган 210 та оғир маҳалла танлаб олинди. Ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш мақсадида уларга лидер тадбиркорлар бириктирилган бўлиб, бунинг натижасида аҳоли уй шароитида қўшимча маблағ ишлаб топиш имконига эга бўлмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, Андижонда камхарж оилалар эҳтиёжмандликдан шу тариқа олиб чиқилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?