“Онаизор фарёди Аршни куйдиргусидур” ёки бандини зиндондан озод этган хаттот ҳақида эшитганмисиз?

Фото: “Халқ сўзи”
Ривоятлардан бирида айтилишича, Бухоро ҳукмдори оилада якка-ёлғиз фарзанд бўлган бир йигитни арзимас гуноҳ сабаб зиндонга ташлайди. ”Қайси бир мирзо шу бандини озод этиш учун ариза ёзиб берса, қўли кесилади”, дея амру фармон ҳам беради.
Маҳбуснинг онаизори учрамаган мирзо қолмайди. Ҳамма ҳукмдордан қўрққанидан унга рад жавоби беради. Шўрлик онанинг сўнгги умиди хаттот Домло Бобобек эди. Шу хаттотнинг ҳузурига илтижо қилиб боради. Воқеадан хабар топган хаттотнинг яқинлари, шогирдлари “Бу аёлга арзнома ёзиб берманг, акс ҳолда ҳукмдор қўлларингизни чопиб ташлашга буйруқ беради”, деб унинг ҳаётидан хавотирга тушадилар.
Аммо Домло Бобобек қатъиятли, тўғрисўз, мард инсон эди. Онаизорнинг тошни ҳам эритиб юборадиган нолаларини тинглар экан, дарҳол қўлига қаламни олади. Арзнома ёзиб беради. Хат ҳукмдорнинг қўлига етиб боради.
Ҳуснихатнинг жуда чиройлилиги, ўзига оҳанрабодек тортишидан ҳайратланган ҳукмдор беихтиёр “Ие, бу мактуб Домло Бобобек ҳазратлариники –ку!» деб юборади. Арзномадаги “Саҳарда онаизорнинг ноласидан ўзингни халос эт, Онаизор фарёди аршни куйдиргусидур,” деган дастлабки сатрлар ҳукмдорни шаштидан туширади. Йигитни зиндондан озод этади.
—Бу бир ривоят, лекин ҳар бир ривоят замирида ҳақиқат ётади,— дея мулоҳаза юритади бухоролик таниқли хаттот Абдуғафур Раззоқ Бухорий.— Тарихда ўлимга ҳукм қилинган банди хаттотнинг чиройли, жозибадор, мазмунли хати боис озод қилинган ҳоллар учраган. Домло Бобобекка келсак, у ўз даврида машҳур хаттот бўлиб етишган, ўнлаб шогирдлар тайёрлаган.
Бухоро давлат университети ўқитувчиси, хаттотлик ва китобат санъати билимдони Ҳусен Жўраевнинг ёзишича, Домло Бобобек тахминан 1741 йилда туғилган. Отасидан адрас тўқишни ўрганган. Ўз даврининг машҳур кишиларидан хаттотлик, мусаввирлик, Шарқ миниатюраси санъати сир-асрорлари бўйича сабоқ олган. Кўплаб мирзо, котиб ёки хаттотлар каби ҳукмдор саройида ёки амир кутубхонасида ишламаган. Бутун умрини адрасбофлик ҳунари, мусаввирлик ва хаттотликка бағишлаган. Улуғ аждодларимиздан бири, қомусий билимлар соҳиби Аҳмад Дониш ҳам унинг шогирдларидан бири саналади. Арабий ёзув-настаълиқ хатини санъат даражасига кўтарган Домло Бобобек айтишларича, 120 йил умр кўрган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Осиё ўйинларининг биринчи кунини Ўзбекистон 4та медал билан бошлади. Фоторепортаж
- Ҳанжоу-2022: Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финалда!
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг