Она бор дунёда яшаш бошқача

18:18 25 Январь 2023 Жамият
364 0

Фото: Халқ сўзи

Буни ҳаёт дейдилар

 

Бухоро шаҳридаги 18-маҳалла фуқаролар йиғини «Нуронийлар» жамоатчилик маркази раиси Шоира Жўраева билан суҳбатлашган киши беихтиёр ҳаёт, умр мазмуни, фарзандлик бурчи ҳақидаги ўйлар гирдобига ботади.

— Анча йиллар муқаддам кекса бир аёлни доим уйи дарвозаси олдида учратардим, — дейди бой ҳаётий тажрибага эга опахон. — Бир гал «Доим ёлғиз ўтирасиз. Фарзанд, набираларингиз йўқми?» деб сўрадиму, берган саволимдан хижолат тортиб қолдим.

«Ёлғиз ўғлим бор, анави ҳовлида туради, - дея чуқур хўрсинган кўйи онахон рўпарадаги ҳашаматли уйни кўрсатди.- Тўрт нафар неварам ҳам бор. Аммо...»

Маълум бўлишича, онахон ўғлини отасиз, аммо бирор нарсага зориқтирмай ўстирган. Ўқитган. Уйлантирган. Лекин келини кунора жанжал чиқарган. Ўғилни онага қайраган. Шунда онаизор қўлидаги бор пулни ўғлига бериб, рўпарадаги уй-жой учун ажратилаётган ерда иморат тиклашни маслаҳат берган. Тадбиркорлик ортидан дурустгина сармоя топаётган ўғил данғиллама ҳовли қурган ва бола-чақаси билан кўчиб чиққан. Онаизор эса нураб бораётган дўппигина ҳовлида ёлғиз қолган.

— «Ўғлим аввалига кунора, кейин эса ҳафта-ўн кунда мендан хабар оладиган бўлди», дея маҳзун ҳикоясида давом этганди онахон, — дейди Шоира опа. — «Келганда ҳам шошиб келиб, шошиб кетарди. Кейинчалик қорасини ҳам кўрсатмайдиган одат чиқарди. Ишонсангиз, кечалари дераза олдида, кундуз эса дарвоза олдида туриб йўлини пойлайман.Нима қилай, соғинаманда...» дейди шўрлик. Ўшанда онахонга тасалли бердиму, анчагача ўзимга келолмай юрдим. Наҳотки, ҳаётда шундай тошбағир, бемеҳр фарзандлар бўлса?! Яқинда ўша кўчадан ўтаётиб, онахон яшаган ҳовлига бир қур разм солдим. Уй нураб, хароб ҳолга тушибди. Мени таажжубга қўйгани шуки, рўпарадаги данғиллама ҳовли ҳам кўримсиз, таъмирталаб аҳволда. Айтмоқчи, онахон яшаган уй дарвозаси олдида ногиронлик аравачасида турган афтодаҳол бир кишига ҳам кўзим тушди. Қизиқиш устунлик қилиб, шу ҳудудда яшаётган қариндошларимиздан сўраб кўрдим. Уларнинг айтишларича, онахон аллақачон дунёдан ўтган. Шундан сўнг негадир тадбиркор ўғилнинг ишлари ортга кетиб, бизнеси касод бўлибди. Бу ҳам камлик қилганидай, инсультга чалинибди. «Ҳозир жонига ногиронлик аравачаси кирган. Болалиги кечган, онаси йўлини пойлаб чиққан уй дарвозаси олдида бориб соатлаб ўтиради», дейишди. Демак, ўша кўрганим ўша онаизорнинг ўғли эканда. Қайтар дунё деганлари нақадар ҳақа!!

Бу маҳзун ҳикояни эшитиб, айрим ёшларга қарата «Онанинг дуосини олиб қолинг. Волидангизни рози қилинг. Зеро, дунёдаги ҳеч бир ОНА фарзандига ёмонликни раво кўрмайди», дегинг келади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер