Ўн иккита туман ҳокими қатъий огоҳлантирилди. Улар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган

23:02 09 Ноябрь 2021 Сиёсат
2612 0

Архив сурат

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда асосий масаладан ташқари ёшлар сиёсати ва "Яшил макон" лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Бир ҳафта олдин ўтказилган селектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича барча масалалар туман даражасида бирма-бир тушунтириб берилган эди.

— Охирги 3-4 кунда бўлиб ўтган чангли об-ҳаво шароити ҳам ушбу дастур қанчалик тўғри эканлигини яққол кўрсатиб турибди, — деди Президент.

Мутасаддилар лойиҳани амалга оширишда қўшиб ёзиш, рақамларни бўрттириб кўрсатиш, ишларни пала-партиш бажаришга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ишга фаол киришгани, лекин Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида дарахт экиш режа кўрсаткичларидан анча ортда қолаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманларида кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмаган. Ушбу туман ҳокимларига қатъий огоҳлантириш бериладиган бўлди.

Вазирлик, тармоқ, корхона раҳбарлари ўз режаларини бажарилиши учун шахсан масъул экани кўрсатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер