Оммавий қабуллар: масалалар ечимига бор куч ва имконият сафарбар қилинмоқда

03:17 16 Август 2022 Жамият
474 0

Президент Халқ қабулхоналарининг Тошкент вилоятида бу галги қабулларида ҳам Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, турли соҳаларга оид йигирмага яқин республика идоралари ва ташкилотлари, вилоят секторлари раҳбарлари ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганмоқда. Бу жараёнда тадбиркорлик билан боғлиқ масалаларга жойида ечим топиш учун ҳам бор куч-имконият сафарбар қилинмоқда.

Айтайлик, Чиноз тумани Олмазор қўрғонида фаолият юритаётган “Pronto Textile Group” тўқимачилик корхонасида ҳар йили ўртача 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Аммо буюртмачи ташкилотлардан бири шартномага кўра 15 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириб, маҳсулотни тўлиқ олсада, 600 млн. сўмни бермай юрган экан. Корхона директори ўринбосари Рустам Раҳматов қабулда Бош прокуратура масъулларидан айни шу масалани ҳал қилишда амалий ёрдам сўрагач, мулоқот асносида бу муаммога ҳам ечим топилди.

Чинозлик Озода Раҳимова хонадонида сартарошхона очишни ният қилгану, сармояси йўқлигидан қийин вазиятга тушиб қолган экан. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари билан мулоқотлардан сўнг истак ва имкониятлар бир нуқтада бирлашди. Аёлга бизнес режасини амалга ошириши учун субсидия ажратиладиган бўлди.

Чиноз тумани ҳокимининг «Гулзоробод» маҳалласидаги ёрдамчиси Ўктам Зоҳидов эса ўз фаолиятида дуч келаётган айрим масалалар ечими бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъулларидан ҳуқуқий маслаҳат сўради.

Мулоқотлар майдонида ўтган галги оммавий қабулларда масалалари ҳал қилингани учун миннатдорлик билдириш учун келган кўплаб одамларни ҳам учратдик. Сирдарёлик Шаҳодат Сарибоева ўтган йили қўни қўшнилари билан Чиноз туманидаги кластерларидан бирида ғўза чопиқ қилиб, иш ҳақини ололмагач, худди шундай қабулда шикоят билан келган эди. Мурожаатдан сўнг прокуратура органлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, жами 24 кишига иш ҳақлари ундириб берилди.

Ёки Ўрта Чирчиқ туманидаги корхоналардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаган Ғаффорали Атаевнинг ҳам аввалга қабулдаги мурожаатидан сўнг прокуратура органлари унга ойлик маоши тўлаб берилишини таъминлади.

Янгийўллик Миролим Фозилов Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаати асосида адолат қарор топганини айтмоқда. Гап шундаки, бу одам бир танишидан мулк сотиб олмоқчи бўлиб, анчагина пул берган, сўнг келишув барбод бўлиб, ҳам мулксиз, ҳам пульсиз қолган. Фирибгарга алданганини билгач, Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаат қилган Миролим акага яқинда маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.

Чинозлик Феруза Йўлчиева ҳам Бош прокуратура масъулларига бир оғиз раҳмат айтиш учун келибди. Айтишича, турмуш ўртоғи ва қайнотаси вафот этгач, ёшгина боласи билан ёлғиз қолган. Таъмирга муҳтож уй-жойи эпини қилолмаган аёл шундай қабулларда амалий ёрдам сўрагач, яқинда 2-сектор кўмагида ички имкониятлар ҳисобидан унинг уй-жойи таъмирлаб берилибди.

Ҳа, мамлакатимиз етакчиси кўп бора таъкидлаганидек, республика ва вилоят даражасидаги раҳбарлар аҳоли орасида қанча кўп юрса, халқ дардини теранроқ ҳис қилади, мурожаатлар камайиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига барҳам берилади. Оммавий қабуллар натижадорлиги эса аввало фуқаро ва раҳбарларнинг ўзаро бир-бирини тинглаши, бир-бирини тушунишига боғлиқ.

Қабуллар давомида кўплаб иқтисодий-ижтимоий масалаларга ҳам ечим топилди. Дейлик, Чиноз тумани «Йўлтушган» маҳалласида яшовчи Бахтиёр Аҳмедов маҳалладаги 362 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Ўрганишлар бу борада дастур асосида лойиҳа тайёрланганини, фақат молиялаш масаласи ҳал қилинмаганини кўрсатди. Вилоят ҳокимлиги тез орада мазкур лойиҳани молиялаштирадиган, пировардида 362 та хонадон оби-ҳаёт билан таъминланадиган бўлди.

Чиноз тумани Олмазор қўрғонида яшовчи Матлуба Ғаффорова мурожаатидан сўнг Автомобиль йўллари қўмитаси вилоят бошқармаси мазкур ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлаги қуриш масалаларини ҳал қилиб берадиган бўлди.

Чинозлик опа-сингил Рухшона ва Гуласал Ҳамидуллаевалар яқинда Италия давлатида таэквандо бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланма олишган, бироқ халқаро мусобақага боришга моддий имкон топиша олмаётган экан. Мурожаатдан сўнг вилоят ҳокимлиги опа-сингилларнинг бу борадаги сафар харажатлари учун ажратадиган бўлди.

Мурожаатларидан сўнг ўртачирчиқлик Дилноза Худойберганова тумандаги «Шодлик» мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинган бўлса, оғир ижтимоий аҳволдаги талаба Дурдона Ғуломовага янги ўқув йили учун контракт пуллари тўлаб бериладиган бўлди.

Худди шундай мулоқотлар асносида бир неча йилдан буён тос суяги емирилишидан азият чекиб келаётган чинозлик Абдурасул Эшмуродовга вилоят ҳокимлиги бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиши ва соғайиши учун амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Чинозлик оғир ижтимоий аҳволдаги Фотима Искараеванинг мурожаатидан сўнг эса Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси унинг туғма юрак нуқсони билан туғилган икки яшар қизи Шукронани даволатишни ўз зиммасига олди. Шу ерда уч томонлама шартнома тузилиб, Шукронанинг юрак жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган 33 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Чиноз ва Ўртачирчиқ туманларидаги оммавий қабулларида 406 та масала кўриб чиқилди, уларнинг 81 таси жойида ҳал қилинган бўлса, 85 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 240 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Бу каби мулоқотлар Оҳангарон шаҳрида ҳам ташкил қилинди. Тафсилотлар ҳақида келгуси дастурларимизда ҳикоя қиламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер