Оммавий қабул: фирибгарлик ҳолатлари йил сайин кўпаймоқда

15:09 22 Июнь 2021 Жамият
218 0

Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлса, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Асрлар синовидан ўтган бу қойим ҳақиқатлар Президент Халқ қабулхоналарининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабулларида атрофлича ўрганилиб, қонуний ҳал этилган мурожаатларда ҳам ўз ифодасини топди.

Уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 825 та масалани кўриб чиқди, уларнинг 394 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар, Самарқанд, Пастдарғом, Иштихон, Оқдарё, Паяриқ, Қўшработ, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Булунғур ва Тойлоқ туман судларида 121 нафар шахснинг ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси ўталмай қолган жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Бир мисол — тайлоқлик Элдор Баҳронов 2017 йил кузида Туркияга ишлашга кетади. Унга чет элга чиқиш учун 2019 йил 31 июль кунига қадар рухсатнома-стикер берилган бўлсада, бу йигит 2020 йил 13 мартга қадар Истанбулда қолиб кетади. Камига бу орада унга Туркияда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат муддати ҳам 2019 йил 30 ноябрда тугайди. Бу муддатни яна узайтириш учун эса Элдор Туркия чегарасидан бир чиқиб қайта кириши, лекин бунинг учун аввало мамлакатимизга келиб чет элга чиқиш учун рухсатнома-стикерини янгилаши лозим эди. Элдор эса бу тартибга риоя қилмай, 2019 йил 1 декабрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрига бориб, аэропортнинг ўзидан яна Истанбулга қайтиб келади. Айни шу хато 2020 йил 14 мартда Самарқандга қайтган Элдорга қимматга тушади. «Самарқанд» халқаро аэропортида чегара назорати ходимлари бу қонунбузарликни аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштиради. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2020 йил 18 августда бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлайди. Бу йигит 18 ойлик жазонинг ярмидан кўпини тартиб-интизом билан ўтади, шу даврда у белгиланган қоидаларга қатъий амал қилди, қонун чизиғини бошқа босиб ўтмади. Шу боис ҳам Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими тақдимномаси асосида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновни ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этди.

Маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 27 та ариза қаноатлантирилди. 93 та тадбиркорлик субъекти етказилган моддий зарарни ихтиёрий қоплагани учун уларга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишлар тугатилди, сайёр суд мажлисларида 2 та иқтисодий иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди. Дейлик, пахтачилик тадбиркор Аъзам Мустафоев 2018 йилда муқобил машина трактор паркига тегишли эскию таъмирталаб бинони ижарага олиб, қарийб 600 миллион сўм сарфлаб таъмирлайди, Хитойдан замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар олиб келади. Натижада бинойидек хусусий клиника иш бошлайди. Лекин орада бу мулкнинг туман ҳокимлиги балансига қайтарилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганидан тадбиркор бехабар қолади. 2020 йил 9 октябрда Мажбурий ижро бюроси бу мулкни электрон аукцион савдосига чиқаргач, тадбиркор сарфлаган маблағининг сўровини бошлайди. Аъзам Мустафоевнинг оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди куни кеча бу ишни кўриб чиқиб, тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклади: мазкур мулк ижарачининг харажатлари инобатга олинмасдан сотилгани учун Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Энди тадбиркор истаса аукционда қатнашиб бу мулкни сотиб олади, агар бошқа шахс бу мулкни харид қилса, унда Аъзам Мустафоевга қилган харажатларини қоплаб беради.

Бундан ташқари, алимент ундириш бўйича 88 та суд буйруғи чиқарилди, 23 та мурожаат юзасидан юридик фактлар белгиланди, 9 та оила яраштирилди. Дейлик, оқдарёлик Анвархон Саъдуллаев вафот этган онаси Мунаввар Саъдуллаеванинг туғилганлик вақти билан боғлиқ юридик фактни белгилаш масаласида мурожаат қилди. Бу – мерос ҳужжатларини расмийлаштириш учун зарур. Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, гувоҳларни тинглаб, марҳум Мунаввар Саъдуллаеванинг 1930 йил 15 июлда Оқдарё тумани Қозоқхўжа қишлоғида туғилганлик фактини белгилаш бўйича қарор чиқарди.

Муҳиддин Бўтаев ва Салим Каримовнинг эса дарду ташвиши бир: уларнинг исм-фамилияси турли ҳужжатларда турфа ёзилган, бу эса пенсия тайинлашда муаммо бўлмоқда. Суд қарорлари билан бу иккита ариза қаноатлантирилди, ҳужжатлардаги чалкашликлар ҳам бартараф қилинди.

Ургутлик Камолиддин Хўжамов аввалги оммавий қабулда Олий суд масъулларига оқлов масаласида мурожаат қилган эди. Сабаби – 2007-2013 йилларда Ургут тумани Қайроқли қишлоғида профилактика инспектори бўлиб ишлаган катта лейтенант Хўжамовнинг ҳам бошига тушган оғир савдо унинг тақдирини терс айлантириб юборган. 2012 йили охирларида бир гуруҳ шахслар наркотик савдоси билан қўлга олингач, улар терговда инспектор Камолиддин Хўжамовга бир йил аввал пора бергани ҳақида кўрсатма берган. Шу асосда 2013 йил январда қамоққа олинган катта лейтенант Хўжамов 2013 йил 19 февралдаги суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Далилий ашёларсиз, охиригача исботланмаган кўрсатмалар туфайли 20 ойдан зиёд қамоқда ўтирган бу инсон 2014 йил 25 августда озодликка чиққан. Айни пайтда «Ургут савдо комплекс» МЧЖ ҳуқуқшуноси бўлиб ишлаётган Камолиддин Хўжамовнинг мурожаати асосида шу йил 26 майда Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясида бу иш қайта кўриб чиқилди. Суд мажлисида эса 2013 йилги жабрланувчилар ўша вақтда била туриб ёлғон кўрсатма берганини бўйнига олди. Тергов ва суд материалларини ўрганишлар ҳам Камолиддин Хўжамовга нисбатан далилий ашёларсиз ва инкор қилиб бўлмас далилларсиз бирёқлама, ноҳақ ҳукм чиқарилганини кўрсатди. Шулар асосида Камолиддин Хўжамов оқланди ва мана бугун у Олий суд масъулларига одил судлов учун раҳмат айтиш учун келди.

Қабулларда 124 та даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига, 76 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Ургут тумани «Мерганча» маҳалласида истиқомат қилаётган Зинаида Ибрагимова қурилиш ташкилотларидан бирини бугун судга берди. Сабаби — онахон ипотека кредити эвазига намунавий лойиҳалар асосида қурилган 2 сотихли ҳовли сотиб олиб, кредитни ўз вақтида тўлаётган бўлсада, уй ўта сифатсиз қурилганидан шикоят қилмоқда. Бу масала суд тартибида кўриб чиқилиб, қонуний-адолатли ечим топиладиган бўлди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаатларнинг анча қисмини фирибгарлик ҳолати бўйича шикоятлар ташкил қилмоқда. Мазкур ҳолат йил сайин кўпайиб бораётгани таъкидланди. Кўпчилик ҳуқуқий саводи пастлиги ё фақат оғзаки лафзу келишувга ишонгани туфайли чув тушиб қолганидан ёзғирмоқда. Дейлик, пастдарғомлик Зарифа Рашидова уй-жой олиш учун хорижда ишлаб топган пулларини танишига юборганини, таниш аёл эса уйни ўз номига расмийлаштириб олганидан арз қилгач, Пастдарғом туман прокуратураси бу ҳолат бўйича текширув бошлади. Самарқандлик Сирожиддин Усмоновнинг савдо дўкони қуриш учун 280 миллион сўмга харид қилган ер майдони, Ленора Кешалованинг уй олди-сотди шартномаси қалбакилаштирилгани, нарпайлик Замира Рустамованинг банкдан олган 100 миллион сўм кредитини фирибгарлар ўлжасига айлангани ҳақидаги шикоятларини ўрганиб чиқиб, қонуний-адолатли ҳал қилиш бўйича вилоят прокуратурасига аниқ муддатли топшириқ берилди.

Ички ишлар вазирлиги масъулларига самарқандлик Гулнора Насимова хусусий фирмалардан бири қизи ва куёвини Корея давлатига, пастдарғомлик Аслам Халилов, Элёр Турдиев ва Жасур Муҳаммадиев эса ўз ҳамқишлоғи уларни хорижий давлатга ишга жўнатаман деб пул олиб алдаб кетганидан шикоят қилди. Икки ҳолат бўйича ҳам текширув ишлари бошланди.

Ургутлик Феруза Шодиева ўтган галги қабулларда ҳовли-жойини кадастр қилиш, ишга жойлашиш, оилавий боғча очиш масалаларида мурожаат қилган эди. Қисқа вақтда уч масала ҳам ҳал қилинди: бу аёл айни пайтда мактабда ишламоқда, ҳовлисининг ҳужжатларини қўлига олди ва оилавий боғча ташкил қилди. Бугун Ургут туманидаги Халқ қабулхонаси назоратида учта муаммоси ҳал бўлгани учун раҳмат айтиш учун қабулга келган Феруза Шодиева яна бир қувончли хабар билан изига қайтмоқда – унга оилавий боғчасини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ҳам бериладиган бўлди.

Албатта, бундай мисоллар жуда кўп. Сабаби – оммавий қабулдаги барча мурожаат Президент виртуал қабулхонаси тизимида рўйхатга олиниб, ижроси қатъий назорат қилинади ва шунинг учун ҳам мулоқотлар оша такрорий мурожаатлар сони ҳам камайиб бормоқда.

Умумлаштириб айтганда, Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда 1 минг 609 та масала кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 466 таси жойида ҳал қилинди, 363 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат, 195 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 585 та мурожаат эса назоратга олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?