«Омикрон» штаммининг асосий белгилари маълум қилинди

02:06 29 Ноябрь 2021 Дунё
30935 0

Иллюстратив фото

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) тиббиёт ассоциацияси раиси, амалиётчи шифокор Анжелик Кутзе коронавируснинг «Омикрон» штаммининг илк ва асосий белгилари ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу штамм билан зарарланганлар беморлар чарчоқ, тушкунлик ва кучли бош оғриғидан шикоят қилганлар. Шу билан бирга, иситма ва томоқ оғриғи бир неча ўнлаб инфекцияни юқтирганлар орасида фақат бир ёки икки кишида кузатилган. Шунингдек, янги штамм билан касалланганларда қондаги кислород даражаси (сатурация) тушиб кетмаган.

Кутзенинг қўшимча қилишича, беморларнинг ҳеч бири касалхонага ётқизилмаган.

«Омикрон» штаммини юқтирганлар касалхона парвариши ва кислородга муҳтож эмас. Менга ёрдам сўраб мурожаат қилганларнинг тузалиб кетишига 2-3 кунда етарли бўлди ва бу вақтни улар уйда ўтказишди», дейди мутахассис.

Маълум қилинишича, янги штамм билан асосан ёшлар касалланган. Улар орасида олти ёшли бола ҳам бўлган. Шифокор беморларнинг ярмидан кўпи эмланмаганлигини айтган.

26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ЖАРда коронавируснинг янги штамми В.1.1.529 аниқланганини эълон қилди ва у «Омикрон» деб номланди.

Уни «ташвишли вариантлар» рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор ушбу штаммнинг COVID-19 эпидемиологиясига хавфли таъсири ҳақида тақдим этилган далилларга асосланган маслаҳат гуруҳининг тавсиясига биноан қабул қилинган.

Янги штамм биринчи марта 9 ноябрда ЖАРда аниқланган. ЖССТ эса маълумотни 24 ноябрь куни олган. Унинг пайдо бўлиши мазкур мамлакатда касалланишнинг кескин ўсишига сабаб бўлган. Экспертлар гуруҳининг таъкидлашича, янги вариантда жуда кўп мутациялар мавжуд бўлиб, бу жиддий ташвиш уйғотади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур мутациялар иммунитети заиф одам организмида пайдо бўлган. Шу боис у коронавируснинг аввалги «Альфа», «Бета» ва «Дельта» штаммларига қараганда жуда хавфли бўлиши мумкин.

«Омикрон» аллақачон бир нечта Европа мамлакатлари — Германия, Чехия, Италия, Буюк Британия, Нидерландия ва Бельгияда аниқланди. Шунингдек, вируснинг ушбу штамми билан касалланиш Гонконг, Исроил ва Австралияда ҳам қайд этилди.

ЖАРлик шифокорларга кўра, янги штаммда ҳид ва таъм билиш йўқолмайди, фақат иситма ва чарчоқ ҳолатлари кузатилади. Кўп беморларда юрак уриши тезлашган. Энг ташвишлиси, ушбу мутация биринчи навбатда ёшлар, шу жумладан, болаларда кўп аниқланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?