Омбудсманнинг мурожаати Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқилди

18:21 13 Июль 2021 Жамият
290 0

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди М. Абдусаломовнинг раислигида бўлиб ўтган ушбу мажлисда тарафлар — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Вазирлар Маҳкамаси вакиллари ва Адлия вазирининг ўринбосари иштирок этди.

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 43 ва 47-бандларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53 ва 54-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилди.

Конституциявий суд «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 43 ва 47-бандларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, деб топди.

Айни пайтда Низом нормаларини амалда қўлланилиши жараёнида айрим давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан, шунингдек, олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш имкони бўлмаганда (келишувга эришилмаганда) улар билан ташаббускор ўртасидаги низо суд тартибида ҳал қилинишида расмиятчилик ва бошқа камчиликларга йўл қўйилганлиги таъкидланди.

Жумладан, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 24 майдаги КҚ-225-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ Тошкент вилоятида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари таъминланиши ҳолатини ўрганиш натижаси ҳақида»ги қарорида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер майдонларини олиб қўйишда ёки бузилган тураржойлар учун компенсация тўловларининг тўланишида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги қайд этилган. Бундай камчиликлар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари бошқа айрим ҳудудларда ҳам мавжуд эканлиги аниқланди.

Шунингдек, Омбудсманнинг Конституциявий судга мурожаатида кўрсатилган фуқароларнинг судга қилган мурожаатлар асосида кўрилган ишларнинг таҳлили бу борада суд амалиётида ҳам муайян муаммолар борлигини кўрсатади.

Конституциявий суд амалиётда тўпланган тажрибалар асосида ва йўл қўйилаётган камчиликларга тўлиқ барҳам бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрлангани ҳамда умумхалқ муҳокамасига қўйилганлигини инобатга олди.

Конституциявий суд томонидан Вазирлар Маҳкамасига юқоридаги Низомда қўлланилган айрим тушунчаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда Уй-жой кодексининг 27-моддасига олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан паст бўлган ҳолларда, ушбу фарқ ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгаси томонидан қайтарилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш тавсия этилди.

Шунингдек, Конституциявий суд қарорида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилиниши бўйича суд амалиёти ҳақида судларга тегишли тушунтиришлар беришни назарда тутувчи Пленум қарорини қабул қилиш зарурати юзага келаётганлиги бўйича тавсия берилди.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига, шунингдек «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги низом қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?