Омбудсманга қандай ваколатлар берилмоқда?

19:17 21 Январь 2022 Жамият
951 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш: халқаро ва миллий тажриба» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди.

Ушбу ҳужжатда амалдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунни ислоҳотлар асосида такомиллаштириш вазифаси белгиланган.

Тадбирда сўз олганларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институтининг ўрни ва ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган улуғвор ғоя асосида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллаштирилиши эътиборга молик. Ушбу ислоҳотлар жараёнида Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонуннинг ҳар томонлама такомилига етказилган ва амалда тўлиқ ишловчи ҳужжат сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳасида мазкур соҳани тартибга солувчи бир қатор илғор давлатларнинг қонун ҳужжатлари атрофлича ўрганилган.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасини инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги халқаро мақомдаги ҳужжатлар талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида ушбу ҳужжат БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) каби нуфузли халқаро ташкилотларга экспертиза учун юборилган.

Шунингдек, Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтган.

Қонун лойиҳаси 7 боб ва 46 моддадан иборат бўлиб, унда Омбудсман ўз олдида турган вазифаларни монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари, Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқларини беришга оид янги моддалар акс этган.

Шунингдек, Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари мақоми, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида «Омбудсман қутиси»ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисга ҳамда давлат органларига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби ва қатор бошқа нормалар белгиланмоқда.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, уни янада такомилига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?