Омбудсман жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган ходимларни хизмат пайтида ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмасликка чақирди

18:51 24 Январь 2023 Жамият
306 0

Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 20 январь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги газ қуйиш шохобчаларидан бирида ички ишлар органлари ходими фуқарога куч ишлатаётгани тасвирланган видеолавҳа кенг тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан, 20 январь куни Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати томонидан тезкор расмий муносабат берилди. Унда жамоат тартибини сақлаш ва тартиббузарликни олдини олиш мақсадида бириктирилган Андижон вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ходими сафдор Р.Мирзаев жанжални бартараф этиш мақсадида фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётган вақтида, жанжал сабабчилари О.Р. ва унинг акаси О.Ж. ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, унинг қонуний талабларига бўйсунмай фаол қаршилик кўрсатгани қайд этилган.

Шунингдек, муносабатда ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман ИИБга олиб келингани ва улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилгани айтилган.

Расмий муносабатга бириктирилган видеода жанжал сабабчилари О.Р. ва унинг акаси О.Ж. кичик тушунмовчилик бўлгани, уларга нисбатан оғир тан жароҳати етказилмагани ва ходимга ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини маълум қилишган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) эътиборини тортган ушбу ҳолат назоратга олиниб, унинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 20 январь куни жойига чиқиб ўрганилди.

Ижтимоий тармоқларда жабрланувчи сифатида кўрсатилган ака-ука О.Р. ва О.Ж.лар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашилганда, улар ҳақиқатдан хам ҳеч кимнинг тазйиқ ва зўравонлигисиз, ўз хоҳишлари билан раддия берганликларини маълум қилишди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Асака тумани прокуратураси томонидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Видео хабарда фуқароларга жисмоний куч ишлатган ходимга нисбатан вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Омбудсман жамоат тартибини сақлаш ва тартиббузарликларни олдини олишга масъул бўлган ходимларни хизмат пайтида ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмасдан, ўз ваколатлари доирасида иш тутишга чақиради.

Ўзаро жанжал пайтида қўпол муомалада бўлган фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш сўнгги чора сифатида, тегишли норматив-ҳужжатларга мувофиқ қўлланилиши зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер